Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик - Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

"Машъал" директори: "Ҳозир шуни баралла айта оламан - мавсум олдидан чемпион бўлишни орзу қилгандик"

Баҳо:
+ | -

«Машъал» 2 йил муқаддам олий лигадан тушиб кетганида, кўпчилик ҳайрон қолганди. Чунки жамоа ўзбек футболида янгича ривожланиш йўлига ўтган илк клублардан бўлиб, бироз вақт олдин чемпионликка ҳам даъвогарлик қилганди. Бундай катта мақсадни кўзлаган жамоанинг бирдан пастлаши ҳайратланарли, албатта. Ўшанда баъзилар ҳатто «Машъал»нинг таназзулга юз тутиши ҳақида ҳам гапира бошлаганди. Аммо клуб тезда ўзини ўнглади ва нафақат олий лигага қайтди, балки қайсидир маънода жорий мавсум кашфиётига айланди. Бу юксалишда клуб раҳбариятининг улуши катта албатта. «Машъал» директори Илҳом Қурбонов билан суҳбатимиз айнан шу масалаларда, мавсум якунлари ва табиийки, клуб академияси ҳақида бўлди.

- Илҳом ака, «Машъал» олий лигада 5- ўринни эгаллади. Бу натижа клуб учун қониқарлими ёки аксинча? Бу йилги мавсум олдидан жамоа олдига қандай вазифа қўйилган эди?

- Биласизми, йил бошида менга бу савол кўп бора берилди. Олий лигага қайтган клубнинг қандай кўриниши ҳамма учун қизиқарли. Спортда барча-барча биринчи ўрин учун курашади. Бу табиий ҳол. Биз ҳам мавсум олдидан ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушишни мақсад қилгандик. Чемпионликни истамаган жамоа - жамоа эмас. Биздаги шароит ва имконият бошқалардаги каби бўлмаслиги мумкин. Аммо жамоамиз ирода ва характер ҳисобига ҳар бир учрашувда ғолиб чиқиш учун курашди. Ҳозир шуни баралла айта оламан - мавсум олдидан чемпион бўлишни орзу қилгандик. Аммо вазиятга реал қараш керак. Қайсидир жабҳада ўйинимизни кучайтиришимиз кераклиги кўриниб қолди. Бу борада ишни давом эттирамиз. «Машъал» олий лигадаги бирор клубдан кучсиз эмас. Шу сабабли, 5-ўриндан кўнглим тўлиқ тўлмади. Келаси мавсум яна биринчи ўрин учун курашамиз. Бу ишни қай даражада уддалашимиз эса, ўшанда кўринади.

- «Машъал» бир вақтлар ўзбек футболида янгилик яратишга муваффақ бўлган эди. Аммо кейинчалик жамоада ортга кетиш кузатилди. Тўғри, бу йил клуб олий лигада муносиб иштирок этди. Бироқ аввалги мавқеини тиклашга улгурганича йўқ. Биз аввалги «Машъал»ни қачон кўришимиз мумкин?

- Биз айнан шу масалада иш олиб бормоқдамиз. Ҳозир бор эътибор клуб мавқеини тиклаш ва керак бўлса, аввалгисидан ҳам яхшироқ даражага чиқаришга қаратилган. Аммо бунинг учун катта ҳажмдаги ишни бажариш лозим. Албатта, ҳамма ҳозир ва шу оннинг ўзида барчасига эришишни истайди. Аммо футболда бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслиги мумкин. Яхши жамоа ташкил этиш учун аввало яхши пойдевор зарур. Катта пул эвазига кучли футболчиларни таркибга жамлаш ва тезда натижага эришиб, сўнгра таназзулга учраш ҳолатлари футболда тез-тез учраб туради. «Машъал» қисқа тарихи давомида ўз анъаналарини шакллантира олган жамоа. Бизда академия бор, иқтидорли ёш футболчилар бор ва айнан уларга суянган ҳолда, жамоа шакллантиришни истаймиз. Русларда бир гап бор: «Лучше сделать шаг назад, чтоб потом сделать два шага вперед» . Яна «Шер олдинга ташланиш учун икки қадам ортга тисарилади», дейишади. Агар «Машъал» ортга кетган бўлса, энди олдинга ташланиши шарт! Яқинда клуб президенти Шермат Жўрақулович Шамсиев билан келаси мавсум борасида суҳбатлашиб оламиз. Учрашув чоғи, клуб раҳбарига ўз қарашларимни батафсил баён этиб бермоқчиман.

- Бу қарашларингизни биз билан ҳам ўртоқлаша оласизми?

- Қисман, ҳа. Тўғрисини айтсам, клуб директори сифатида келаси мавсум учун катта бюджет талаб қилиб, сўнгра кучли футболчиларни таркибга жамлаб олишни истамасдим. Бундай йўл тутадиган жамоалар натижага тез эришиши мумкин. Аммо таназзулга юз тутиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ўзимга қолса, мутлақо бошқа йўналишда иш олиб бориш тарафдориман. Яъни ёшларга таянган ҳолда ривожланиш дастурини таклиф қилмоқчиман. Масалан, Йоахим Лёв Германия терма жамоасини жаҳон чемпиони қилиш учун 8 йил давомида иш олиб борди. Бизга 8 йил керак эмас, лоақал 2-3 йиллик режа асосида ишласак яхши бўларди. Тўғри, кўп йиллик режа таклиф қилсангиз, баъзиларда нотўғри фикр туғилиши мумкин. Аммо футболда айнан шундай йўналишда иш олиб бориш керак, деб ҳисоблайман. Айтайлик, «Пахтакор» клуби ҳам узоқ йиллар давомида ўз ёшларига таяниб иш олиб борди. Бу вақт оралиғида бир неча бор танқидларга учради, аммо ўз йўналишидан оғмади. Оқибатда «Пахтакор» бу йил рақобатбардош жамоага айланди ва молиявий томонлама ўзидан устун клубларни енгиб, чемпионликка эришди.  «Машъал»нинг  ўз академияси бор ва биз ҳам иқтидорли ёшларга эгамиз. Нима учун шу имкониятлардан фойдаланмаслигимиз керак?

- Айни вақт ўзбек футболида бир муаммо бор - ўйинчилар клубдан клубга кўчиб юрадилар. Аксарият футболчиларнинг дарди-хаёли янги жамоадан кўпроқ кўтарма пули олиш. Ўз навбатида, бунга клублар ҳам айбдорлар. Етакчиларни инобатга олмаганда, қолганлар футболчилар билан атиги 1 йиллик шартнома имзолайдилар. Бу борада «Машъал»да вазият қандай?

- Бизда ҳаммаси профессионал тарз­да йўлга қўйилган. Бир вақтлар, Баҳром Бойжонович Давлатов давридаёқ бунга қаттиқ эътибор берилган эди. Шу иш услуби ҳамон сақланиб турибди. Қисқаси, футболчилар билан ҳар доим узоқ йиллик шартнома имзолаймиз. Масалан ўтган йили «Олмалиқ»дан Зафар Тўраевни жалб этгач, у билан 3 йиллик шартнома туздик. Шунингдек, Ғиёс Комилов билан ҳамкорлик ҳам шунча вақтга мўлжалланган. Жаҳонгир Абдумўминов эса 5 йиллик шартномага имзо чекканди. Келаси мавсум унинг шартномаси якунига етади ва келишув муддатини узайтириш борасида музокара бошлаймиз. Янги етишиб келаётган иқтидорли футболчимиз - Элдор Шомуродов ҳам клуб билан 5 йиллик шартнома асосида  боғланган. Бу борада профессионал ишлашга интиламиз. Тўғри, баъзан истисно тариқасида 1 йиллик шартнома тузишга ҳам тўғри келади. Агар жамоамизда бирор чизиқни зудлик билан кучайтириш зарурияти туғилса ва биз таклиф қилган футболчи 1 йиллик шартнома имзолашни истаса, унинг шартига рози бўлишдан ўзга иложимиз қолмайди.

- Айнан қисқа муддатли шартномалар ўзбек футболига зарар келтиради ва беқарорлик келтириб чиқаради. Бу фикрга қўшиласизми?

- Албатта! Ахир ким ҳам бир жойда, бамайлихотир ишлашни истамайди? Бир йиллик шартномаларнинг футболимизга келтираётган зарарини ҳамма яхши билади. Аммо бу муаммонинг ечими футболчиларга эмас, балки клубларга боғлиқ. Ҳар қандай футболчи ортиқча ташвишсиз, бир жамоада ўйнашни истайди. Агар кўтарма пуллари учун «кўчманчи» ёрлиғини олишни истайдиганлари топилса ҳам, уларни бартараф этиш барибир клубларга боғлиқ. Ҳозир ўйинчиларга узоқ йиллик шартнома таклиф қиладиган жамоалар кўп эмас. Бу эса вазиятни оғирлаштиради. Тушунаман, кўплаб клубларда бир йиллик смета тузилади, келаси мавсум нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шунга монанд, футболчиларга бир йиллик келишув таклиф қилишга мажбурлар. Аммо бу нотўғри. Оддий мисол, «Бухоро» мисолида кўриб чиқайлик. Бу клуб ўтган йили чемпионатда яхши ўринлар учун курашган эди. Аммо бу сафар ўз ўрнини зўрға сақлаб қолди. Бунга сабаб нима? Яна ўша беқарорликда. Бундай мисоллар футболимизда жуда кўп. Истардикки, клубларимиз янгича иш услубига ўтсалар.

- Футболимизга хос яна бир ҳолат - аксарият ўртамиёна ва аутсайдер клублар етакчи жамоалар, асосан «Пахтакор»дан ижара шарти билан футболчи оладилар. Бу эса турли муаммо ва ноқулайликларни келтириб чиқаради. Шу масалага қандай қарайсиз?

- Саволга узоқдан келиб жавоб қайтарсам. Биласизми, Украина чемпионатида юқори дивизионга чиққан клублардан энг аввало, ўз академиясига эга бўлиш талаб қилинади. Ҳар қандай жамоа шу талабга жавоб бериши шарт. Бизда эса шахсий академиясига эга клублар саноқли. Ўзи футболчи етиштирадиган жамоада муаммо кам бўлади. Бундай клублар исталган вақт ўз тарбияланувчиларига суянишлари мумкин. Сиз кўтарган муаммонинг илдизи ҳам шунда. Пойдевор мустаҳкам бўлмас  экан, бино омонат бўлиб қолаверади ва «1 йиллик шартнома» каби муаммолар келиб чиқаверади. Токи олий лигадаги ҳар бир клуб ўз академиясини очмас экан, бу ҳақда ҳали кўп гапиришга тўғри келади. Албатта, осон иш эмас. Аммо қаерда «осон нон» бор? Ҳеч қаерда. Ишламасангиз, натижа ҳам чиқмайди. Хабарингиз бор, 2012 йили клубимиз оғир аҳволга тушиб қолганди. «Машъал» учун ҳам, мен учун ҳам энг оғир дамлар бўлди. Бир неча ой маош олмай ишладик. Бироқ шундай оғир вазиятда ҳам академияни ёпмадик. Ҳаммасига чидадик, академияни сақлаб қолдик. Чунки бусиз клубимиз келажаги йўқлигини тушунардик.

- Маълум вақт муқаддам «Яхши таклиф бўлган ҳолатда, футболчиларни қўйиб юборишга тайёрмиз», деган эдингиз. Яқинда Отабек Шукуров Германияга бориб келди. Бу борада қандай маълумот бера оласиз?

- Отабек дарҳақиқат, Германияда кўрикдан ўтиб келди. Аммо ҳозирча фақат шу билан чекланишга мажбурмиз. Агар ҳозир «Шукуровга немисларнинг қизиқишлари сақланиб турибди. У кузатув остида ва келажакда Германия чемпионатида ўйнаши мумкин», десам, умумий жавоб берган ҳисобланаман. Бироқ бундай қилишни истамайман ва бор гапни очиқ айтмоқчиман. Отабек ҳақида немис мутахассислари аниқ-тиниқ жавоб қайтаришган. Уларга футболчимизнинг майдонни кўра олиш қобилияти ёққан, аммо немисларнинг таъкидлашларича, бу жиҳат Германия бундеслигаси учун етарли эмас. Уларнинг наздида Отабекка тезлик етишмайди. Бу эса Германияда жуда катта аҳамиятга эга. Немислар Отабек Шукуровни секин ҳаракатланадиган  футболчи, деб ҳисоблайдилар. Бироқ шу билан бирга германиялик мутахассислар Шукуров келажакда куча­йиши мумкинлигини ҳам инкор этишмади. «Агарда келгуси мусобақаларда Отабек Шукуров тезлигини оширганини исботлаб берса, унинг номзодини яна кўриб чиқишга тайёрмиз», - дейишди немислар. Отабекнинг Германияда ўйнаб кетолмаганига асосий сабаб шу. Аммо барибир, унинг хорижга сафари ўзи учун ҳам, клубимиз учун ҳам беиз кетмади. Бу сафардан сўнг футболчининг фикрлашида ўзгариш сезилди. У аввалгига қараганда, бир неча баробар кўпроқ куч билан ишламоқда, ўйинини кучайтиришга интилмоқда. Отабек Германияга бориб келгач, унинг иштирокида академия футболчилари билан учрашув ўтказдик. Мақсадимиз - ҳақиқий профессионаллар ўз ишларига қандай ёндашишлари ҳақидаги таассуротларни академия ўқувчиларига етказиш эди. Бу томонлама олиб қараганда, Отабекнинг Германия футболидан нафас олиб қайтгани фойдадан холи бўлмади. Шу сабабли немисларга яна бир футболчимиз - Элдор Шомуродовни тавсия қилганмиз. Элдор яқин вақтлар ичида Германияга йўл олади. Омади келса ва иқтидори етарли бўлса, балки фаолиятини ўша ерда давом эттирар. Акс ҳолда ҳам, бу сафар фойда беришига ишонаман.

- Илҳом ака, суҳбат давомида ўзбек футболида кам учрайдиган ноёб ҳолатга гувоҳ бўлдик - сиз  фикрларингизни анча равон етказиб бермоқдасиз. Кўпинча футболчи ёки мураббийлардан интервью олганимизда, айнан шу масалада муаммо туғилади - аксарият суҳбатдошларимиз гапиришда қийналадилар. Қўл остингизда бутун бошли академия бор - ёшларни тарбиялашда нафақат тўп, балки китобнинг ҳам аҳамияти катта. Бу борада қандай иш олиб борилмоқда?

- Биласизми, академиямизда ҳар қанча иқтидорли ёшлар йиғилган бўлмасинлар, афсуски, ҳаммалари ҳам профессионал футболда жой топиб кетишолмайди. Айримлари барибир, бошқа соҳага ўтиб кетишга мажбурлар. Бу ҳаёт қонуни. Ўз навбатида биз ҳаммасини яхши тушунамиз. Шундай экан, академия тарбияланувчиларига футбол сир-асрорларини ўргатиш баробарида етарлича таълим беришга ҳам ҳаракат қиламиз. Ёш футболчилар вақтида дарсга борадилар ва уларнинг ўқишлари мудом тарбиячилар томонидан назорат қилинади. Ёшларга қўйиладиган асосий талабларимиздан бири ҳам шунда - яхши ўқиши шарт! Боз устига, умумий ўрта таълимдан таш­қари, академиямизда қўшимча дарс ҳам ташкил қилинган. Она тили, математика, физика ва инглиз тилидан турли тўгараклар ишлаб турибди. Бу тўгаракларни бошқаришга кучли мутахассисларни жалб қилганмиз ва барча таъминот клуб зиммасида. Тўгаракларда иштирок этиш ҳар бир тарбияланувчимиз учун мажбурий. Биз улардан кучли футболчи етиштириб чиқаролмаслигимиз мумкин. Аммо ҳар бири Ватанимизга самара келтира оладиган, яхши инсон бўлиб етишиши шарт! Клубимиз шунинг учун ишламоқда...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:51, 20.11.2014.
Ўқилди: 3988 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.