Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Самвел Бабаян: «Бир жамоада икки Бабаян бўлишини истамайман» (2-қисм)

Баҳо:
+ | -

«Пахтакор» жорий йил ёш футболчиларининг шиддат ва иштиёқлари эвазига чемпионликни қўлга киритди. Буни мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам инкор этмайдилар. Аммо келаси мавсум жамоага анча оғир бўлиши турган гап. Чунки энди рақиблар амалдаги чемпион - «Пахтакор»га қарши янада катта иштиёқ билан курашга киришишларитайин.  Қуйида клуб менежери Самвел Бабаян билан йиллик экс­клюзив суҳбатимизнинг иккинчи қисмини ҳавола этмоқдамиз.

(Интервьюнинг 1-қисмига ҳавола)

МАЙДОН ЧЕТИДАГИ БАБАЯН

- Мухлислар орасида Самвел Бабаянга ҳурмат билан ёндашадиганлар баробарида уни ҳурмат қилмайдиганлар ҳам етарлича топилади ва буни ўзингиз-да яхши биласиз. Баъзи мухлислар ҳали менежер бўлмасингиздан аввал майдон четида туриб, футболчиларга кўрсатма беришингизни ёқтиришмасди.

- Шундай қилишга етарлича асосларим бор эди. Ҳаммага тенг ёқиш имконияти йўқлигини яхши тушунаман ва бунга ҳаракат ҳам қилмайман. Аммо клубдаги ваколатим майдон четида туриб, кўрсатма бериш ҳуқуқини берарди. Менежернинг вазифаси - ташкилотчилик, менежмент, асосий жамоа билан ишлаш, биринчи лигадаги клуб ўйинини назорат қилиш, академия ва селекция ишларини юритиш. Агарда бу ишларнинг бирортаси оқсаса, мен айб­дор саналаман. Шундай экан, зиммамдаги масъулият катта. Аслида анча йиллар аввал бош мураббий лавозимини бекор қилиб, менежер сифатида ҳаммасини ўз қўлимга олишим мумкин эди. Аммо ўша вақт­лар ҳар куни жамоа билан бирга бўлиш, машғулотларни бошқариш имкониятига эга эмасдим. Шу сабабли, бош мураббий ёрдамига таянишдан ўзга чорам йўқ эди. Бу йилдан эътиборан молиявий имкониятларимиз яхшиланди. Натижада назоратни тўлиқ ўз қўлимга олдим. Очиғини айтсам, бу менинг орзум эди! Яъни узоқ йиллар шунга эришиш учун меҳнат қилдим. Мураббийлик иши ҳам мен учун катта аҳамиятга эга.

- Аммо Равшан Ҳайдаров Ўзбекис­тон миллий жамоасини бош­қарган вақтларда ҳам захира ўриндиғида ўтирардингиз ва футболчиларга кўрсатма берардингиз. Бунга қандай асос бор эди?

- Ўша вақтлар Ўзбекистон МТЖда ҳам менежер саналганман. Яъни у ерда худди «Пахтакор»даги каби ваколатга эга бўлганман. Умуман, қаерда ишламай, ҳар доим ҳаммасига жавоб берганман. Шу жумладан, натижага ҳам. Майдон четида кўрсатма берганимга келсак, бу билан футболчиларга далда бўлардим.

- Демак, энди «Пахтакор»даги молиявий ҳолат жамоа бошқарувини бевосита ўз қўлингизда ушлаб туришингиз имконини беради.

- Ҳа, худди шундай. Ҳозир клубимизнинг ҳеч кимдан қарзи йўқ. Маош ва мукофот пуллари бутунлай тўлаб қўйилган. Жамоамизда молиявий томондан ҳеч қандай муаммо қолмади. Бунинг учун клубимиз раҳбари Ботир Раҳимовга яна бир марта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу инсон оғир вақтда жамоа муассислигини ўз қўлига олган эди. Шу вақтга қадар клубни иқтисодий қийинчиликлардан олиб чиқди. Айнан унинг шарофати билан «Пахтакор» ўтмишдаги маҳобатини сақлаб қолди. Ботир Раҳимов клубдаги ҳар бир ходим, футболчи ва мураббийга ишлаш учун имконият яратди. «Пахтакор»нинг ҳозирги ютуқларида унинг ҳиссаси бе­қиёс. Буни алоҳида эътироф этиш зарур.

 

СТАДИОНГА КИМ КЕЛАДИ?

- Якунига етган мавсумда клуб хайрли ишни давом эттирди. Яъни стадионга томошабинларни кўпроқ жалб этиш мақсадида турли кўнгил­очар тадбирларни мунтазам ўтказиб келди. Хусусан, ютуқли лотерея ўйинлари сўнгги тургача давом эттирилди. Айтингчи, мазкур акция жараёнида жамоа қанчалик фойда ёки зиён кўрди?

- Тан олиш керак, мазкур хайрли тадбиримиз туфайли стадионга мухлис жалб этиш борасида бир мунча ижобий натижаларга эришдик. Аммо бу борада қилинадиган ишларимиз ҳали кўплиги аён бўлди. Молиявий тарафдан эса, фойда ҳам, зиён ҳам кўрмадик. Ютуқлар жамғармаси  чипталар сотувидан тушган маблағ билан деярли тенг баланс берди. Асосийси, бу эмас... Томошабинларнинг бироз мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратганимиз - асосий ютуғимиздир.

- Баъзан шундай ҳолатлар юзага келадики, мухлис қўлида чиптаси билан кўчада қолиб кетади. Олий лига ўйинларида-ку, ҳеч қандай муаммо йўқ, аммо халқаро учрашувларда бундай ҳолат учрайди. Европа тажрибасидан яхши биламизки, у ерда стадионларда махсус ходимлар - стюардлар ишлашади. Ўйинга 50-60 минг мухлис ташриф буюради, аммо муаммо туғилмайди. Наҳотки, бизда ҳам шуни жорий этиш имконияти йўқ...

- Бу борада ҳали ўсишга эришамиз, деб ўйлайман. Қаранг, юртимизда янги стадионлар қурилмоқда, ҳар бир одам алоҳида ўриндиқда ўтиради. Илгари трибуналар қандай бўлганини ўзингиз яхши биласиз. Ўйлайманки, ташкилотчилик борасида ҳам ривожланишга эришамиз. Аслида бу ҳақда мен эмас, балки ЎФФ Ўйинларни ўтказиш бошқармасига таклиф беришингиз керак. Агар ЎФФ ташкилотчилик борасида клубларга талаб қўйса, ижобий ўзгариш сезилади, албатта. Махсус штаб ташкил қилинади, ҳаммаси стюардлар зиммасига юклатилади. Биз ҳали бунга улгурамиз, деб ўйлайман. Футболимиз нисбатан ёш ва унда қилинадиган ишлар кўп. Ҳамма гап шундаки, бизда стадионлар клублар ихтиёрида эмас. Масалан, «Пахтакор» клуби ва «Пахтакор» стадиони алоҳида ташкилот ҳисобланади. Аренанинг 51 фоиз акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, 49 фоизи эса «Пахтакор» ОАЖга тегишли. Стадионни ўйинларга ҳозирлаш ҳам унинг маъмурияти ваколатидаги ишдир. Шу сабабли, бунга аралашолмаймиз.

 

БИЗ ШУНГА МУНОСИБМИЗМИ?

- Олий лига жамоалари сони 16та­га етказилгани яхши ҳолатми?

- Албатта. Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси йил ўтгани сари ривожланмоқда. Қаранг, қанча стадионлар қурилди, эскилари реконструкция қилинди. Келаси йил Жиззах ва Фарғонада янги стадионлар битади. Шундай экан, нимага энди олий лигада 16та жамоа иштирок этмаслиги керак?

- ОФК Чемпионлар Лигасида ўзбек клубларига «3+1» кўринишида жой ажратилди. Биз бунга муносибмизми?

- Ҳа, шубҳасиз. ОФК бу қарорни спорт принципларидан келиб чиқиб қабул қилган. Ўзбекистондаги футбол ривожини ҳамма кўриб турибди. Шундай экан, биз учун «3+1» кўринишида жой ажратилгани тўғри қарор. Энди буни ўйин­ларимиз билан исботлашимиз лозим.

 

ЁШЛАР ВА БИРИНЧИ ЛИГА

- «Пахтакор» ҳар доим иқтидорли ёшлари билан мақтаниб келган. Аммо жорий мавсум Ёшлар лигасида жамоа­нинг иши унча юришмади.

- Бу муаммонинг илдизи анча чуқур. Ҳар доим турли ёшдаги терма жамоаларга футболчи етказиб беришимиз билан фахрланиб келамиз. Ҳа, бу шарафли иш. Аммо айнан шу сабабга кўра, натижалар ортга кетаётганини ҳам тан олиш лозим. Масалан, ўтган мавсум ёшлар жамоамизнинг асосий футболчиларидан бири - Жавоҳир Соҳибов чемпионатдаги ўйинларнинг ярмида ҳам қатнашмади. У мудом терма жамоа ихтиёрида бўлди. Бошқа футболчилар ҳақида гапириш шарт эмас. Шунинг баробарида Ёшлар лигаси билан боғлиқ бош­қа жиҳатлар ҳам бор. Биз мусобақада фақат ёшларга имкон берамиз, аммо ҳамма ҳам эмас. Масалан, 3-ўрин учун «Бун­ёдкор» билан кураш олиб бордик, бироқ бу жамоага қарши ҳал қилувчи учрашувда мағлубиятга учрадик. Энди эътибор беринг, рақиб таркибида кимлар гол уришди - Анвар Бердиев ва Олександр Пишур. Иккисининг ҳам ёши 30дан ошганини гапириш шартмикан?

- Биринчи лигадаги ҳолат ҳақида нима дея оласиз?

- Айнан шу мусобақа ўзбек футболи учун анча муаммоли бўлиб турибди. Гап шундаки, биринчи лигада жамоалар ўртасидаги тафовут жуда катта. Масалан, ўтган мавсум «Шўртан»да молиявий жиҳатдан шароит яхши эди ва жамоа ўйинларга пухта тайёргарлик кўрди. Аммо шундай жамоалар ҳам борки, бош мураббийи сафар ўйи­нига бориш учун йўлкирага кимдандир қарз кўтаришга мажбур. Айтингчи, бундай шароитда спорт принциплари ҳақида гап бўлиши мумкинми? Менимча, бу муаммонинг ечими битта - биринчи лига савиясига жавоб берадиган клубларни олиб қолиб, иштирокчилар сонини камайтириш керак. Шундагина мусобақа даражасини ошириш мумкин. Мусобақани икки гуруҳга бўлиб ўтказишдан нима наф? Яхшиси, 14 ёки 16та жамоа иштирок этсин, аммо ўйинларда сифат сезилсин.

 

КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР

- Йил ўтгани сари келишилган ўйин­лар билан боғлиқ гап-сўзлар кўпаймоқда.

- Кечирасизу, бундай саволлар жонга тегди. Ахир бу каби гап-сўзлар миллий футболимиз обрўига путур етказмоқда. Қолаверса, мазкур масалада бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. «Пахтакор» келишилган ўйинларда иштирок этмаган ва этмайди ҳам.

- Аммо олий лигада шундай учрашувлар борлигини инкор этмассиз...

- Менга тегишли савол эмас. Агарда бирор жамоадан шубҳангиз бўлса, яхшиси, саволни унинг вакилларига берганингиз маъқул. Қайтараман, жамоамиз келишилган ўйинларда мутлақо қатнашмаган.

- Йил бошида «Пахтакор»да амалга оширишни режалаштирган ишларингиз ҳақида гапирган эдингиз. Уларнинг неча фоизи бажарилди?

- Бу саволга дабдурустдан жавоб беришим анча қийин. Қайсидир маънода 90 фоиз ишни бажариш уддасидан чиқдик, деб айтишим мумкиндир балки.

ЮТУҚЛАР КИМНИКИ?

- Агарда «Пахтакор» чемпионликни ютмаганида, бу қанчалик фожиа саналарди?

- Жамоа бошқарувини тўлиқ ўз қўлимга олаётганимда, бу ҳақда ўйлаганман. Албатта, катта иш олдидан турли ўй-хаёллар ўтиши турган гап. Аммо илк машғулотдаёқ йигитлар кўрсатмаларимни қай тарзда бажаришаётганини кўриб, ҳаммаси яхши бўлишига ишона бошладим. Шунингдек, йил бошида Туркияда ўтказилган йиғин ҳам менга катта ишонч бағишлади. У ерда Россия клубларига қарши ўртоқлик ўйин­лари ўтказдик ва олиб бораётган ишимиз қай даражада самарали эканлигини сездик.

- Бу ютуқларда ёрдамчиларингизнинг роли нечоғли?

- Муваффақият бутун жамоаники, шу жумладан, ёрдамчи мураббийларники ҳам. Ҳар доим бир қарорга келишдан олдин барчанинг фикри билан қизиқаман. Гарчи якуний қарорни ўзим қабул қилсам-да, билдирилган фикрларни инобатга оламан, албатта.

- Бу борада энг яқин ёрдамчингиз сербиялик Жукичми?

- Ҳамма - энг яқин ёрдамчиларим. Жукичга келсак, бу мутахассиснинг аввало, инсонийлик хислатидан қойил қоламан. Серб мураббийлари бутун дунёда етакчи ўринларда турадилар. Жукич «Пахтакор»нинг шаклланишида катта ёрдам берди. Аммо шу билан бирга Колосовский, Рашидов ва Жалиловнинг ҳам ҳиссалари кам бўлди, деёлмайман. «Пахтакор»нинг ҳар бир ходими ягона мақсад йўлида бирлашган.

- Алибобо Раҳматуллаев ҳақида нима дея оласиз?

- Яхши футболчи. Бир қатор хислатларга эга. Аслида Алибобо билан 2012 йили шартнома тузгандик. Ўшанда у «Бунёдкор» тарбияланувчиси саналгани сабабли, жамоасига қайтишга рухсат сўради. Биз унинг илтимосини қабул қилдик. Чунки ўйин­чини мажбуран ушлаб туришдан фойда йўқ. Менимча, Раҳматуллаев «Бунёдкор»да 2 йилни бой берди. Футболчи сифатида ўсиш учун етарлича ўйин амалиётига эга бўлгани йўқ. Унинг ўйинларини кўпдан бери кузатиб келамиз. Энди «Пахтакор» сафида бор иқтидорини намойиш этиши учун тўғри йўналиш беришга ҳаракат қиламиз. Қисқаси, иқтидорини батамом очиши учун ёрдам бермоқчимиз.

 

МЕНЕЖМЕНТ

- Олий лиганинг деярли барча клублари Joma билан ишлашади, фақат «Пахтакор» Adidasни маъқул кўрмоқда.

- Бу ҳамкорлик туфайли нафақат жамоани либос билан таъминлаймиз, балки молиявий жиҳатдан фойда ҳам оламиз. Оддий айтганда, манфаатли ҳомийлик шартномаси тузганмиз. Шунингдек, дунёга машҳур Adidas бежиз «Пахтакор»ни танламаган ва бундан фахрланамиз.

- Одатда «Пахтакор» харажатларнинг маълум қисмини ўзи қоплаши ҳақида кўп гапирасиз. Бу маблағ қандай топилишини айта оласизми?

- Клуб менежменти бюджетнинг 10-15 фоизини қоплайдиган даражада пул топади. Боз устига, ўзбек футболи тарихида илк марта Ucell билан ўзаро ҳамкорлик даражасида шартнома туздик. У юқоридан берилган топшириқсиз, яъни ихтиёрий равишда тузилди. Бу ҳам «Пахтакор» қай даражада обрў-эътиборга эгалигини кўрсатиб турибди.

- Сир бўлмаса, шартнома қиймати қанча?

- Келишувга биноан жамоамиз 300 миллион сўм олган. Якунланган мавсум футболчиларни ижарага беришдан кўп топганимиз йўқ. Фақат Ойбек Қиличевнинг ижарасидан яхши пул тушди. «Пахтакор» илгари донор клуб сифатида иш олиб борарди. Аммо энди иш услубини ўзгартирдик ва футболчиларни таркибда сақлаб қолишни истаймиз. Ҳозир ҳар бир футболчимизга таклиф бор, аммо ҳеч кимни қўйиб юбормоқчи эмасмиз. Агар таклифларни қабул қилсак, «Пахтакор»нинг 2-3 йиллик харажатини чиқариб олишимиз мумкин. Аммо бундай қилишни истамаймиз. Жамоа олдига катта мақсадлар қўйилган. Клуб таъминоти эса барқарор кўринишда.

Шу жойда айтиш жоиз, МОҚ ва ЎФФ  президенти, сенатор Мираброр Зуфарович Усмонов ҳам жорий йил «Пахтакор»­га ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар жалб қилиш борасида катта ғамхўрлик қилди. Мавсум бошидан жамоамизга бир қатор ташкилот ва муассасалар яқиндан кўмак беришди. Шундай экан, уларга ҳам жамоамиз ва мухлисларимиз номидан катта миннатдорчилик билдираман.

 

БИР ЖАМОАДА БИР БАБАЯН

- Ўғлингиз Арам Бабаян «Пахтакор» ёшлар жамоасида тўп сурарди. У жамоадан нега кетди?

- Бу - менинг қарорим. Арам футбол ўйнашни истайди, аммо мутахассис сифатида айтсам, ундан кучли ўйинчи етишиб чиқиши қийин. Ўртамиёна даражага кўтарилиши мумкин, аммо бундан қандай наф бор? Шу сабабли, уни жамоа таркибидан чиқардим. Бир жамоада икки Бабаян бўлишини истамайман. Арамга буни тушунтирдим. Балки бошқа соҳада ўз йўлини топар ёки яна футболга қайтар. Аммо қайтган тақдирида ҳам, «Пахтакор»да ўйнамайди. Бошқа жамоа­лар сафида ўйнаши мумкин. Айтайлик, олий лиганинг ўртамиёна клуби ёки биринчи лигада ўйнаш иқтидорига эга. Аммо ундан кўра, бошқа иш қилиб, катта мақсадга интилгани яхши эмасми? Масалан, ўзим ҳам вақтида ўртамиёна футболчи бўлишим мумкин эди, аммо бунинг ўрнига бошқа йўлдан кетишни истадим. Ўғлимга бу ҳақда айтдим ва умид қиламанки, у тўғри йўл танлайди.

 

ЭНГ ЯХШИЛАР

- Вақти келиб Ўзбекистон миллий терма жамоасида ишлашингиз мумкинми?

- Бу саволга жавоб беришни истамайман. Ҳозир терма жамоани жуда кучли мураббий бошқармоқда. Ҳа, шундай. Бу гапни алоҳида ёзиб қўйишингизни сўрайман - ҳозир жамоани жуда кучли мураббий бошқармоқда ва барчамиз унга ёрдам беришимиз шарт.

- Сиз ноябрь ойида ҳам энг яхши мураббий сифатида эътироф этилдингиз. Аммо ўзингизга қолса, кимларни алоҳида таъкидлардингиз?

- Юқорида айтганимдек, Ўзбекистон миллий жамоаси кучли мураббий қўл остида. Яна «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев олиб бораётган иш ёқмоқда. Шунингдек, «Олмалиқ» бош мураббийи Игорь Шквирин ҳам яхши мутахассис. Гарчи жамоаси ҳар доим барқарор ўйин намойиш қилолмаса-да, Шквирин бир неча йилдан буён бинойидек иш олиб боряпти.

- Футболчилар орасидан кимларни кўрсатган бўлардингиз?

- Барчаси «Пахтакор» ўйинчилари бўлса ҳамки, Жамшид Искандеров, Кахи Махарадзе ва Егор Кримецни алоҳида ажратиб кўрсатаман.

- Бошқа жамоа футболчилари орасидан танлаш шарти қўйилсачи?

- У ҳолда Сардор Рашидов, Артур Геворкян ва Ислом Тўхтахўжаевни таъкидлашим мумкин. Ҳар бири мавсумни ажойиб тарзда ўтказди.

- ФИФА таснифи бўйича кимларни энг яхши мураббий ва футболчи сифатида айтасиз?

- Мураббийлардан Карло Анчелотти ва Йоахим Лёвни буюк, деб ҳисоблайман. Аммо бу йил Диего Симеоне ўзига хос «сенсация»ни амалга оширди. Зеро, унинг ўз клуби билан «Барса» ва «Реал»дек жамоаларни ортда қолдиргани - катта жасорат. Қисқаси, Симеоне йилнинг энг яхши мураббийи мақомига муносиб. Футболчилардан эса, германиялик Мануэль Нойерни энг юқори поғонага қўйган бўлардим. Унинг қўл ва оёқни бирдек ишлатиб, ақл билан ўйинга зеб бераётганлиги айни ҳақиқат. Нойернинг бу хусусияти янгилик ва ҳали кўп замонлар дарвозабонлар мактаби қўлланмасида ундан фойдаланишса керак. Роналду ва Месси ҳақида эса тўхталишни ҳожати йўқ, менимча...

Аҳадхон Абдуҳамитов ва Зафар Қосимовлар суҳбатлашишди.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:28, 10.12.2014.
Ўқилди: 6208 марта.
Фикрлар: 14 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.