Хабар берганимиздек, бугун олий лиганинг 2015 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа ташлаш маросимида кутилмаган бир воқеа рўй берди. ПФЛ етакчи мутахассиси Валерий Лёткин қуръа ташлаш тартибини тушунтира бошлаганида "Локомотив" устози Вадим Абрамов бунга эътироз билдирди. Яъни, тақвим ўтган йилгидек тузилишиги қарши эканлигини маълум қилди.
Ёдингизда бўлса, ўтган мавсумга қадар олий лига тақвими "зеркалный" тартибда тузиб чиқиларди. Аниқроғи, 1-турда тўқнаш келган клублар мавсумнинг сўнгги турида ҳисоб-китоб қилишарди. Ўтган йилдан бошлаб бу тартиб ўзгарди. Энди 1-турда учрашадиган жуфтликлар иккинчи давранинг биринчи ўйинида яна тўқнаш келишади. Маълум бўлишича, Вадим Карленовичга бу ёқмабди.
Абрамов эътироз билдира бошлагач, орага ПФЛ директори Фарҳод Магометов қўшилди. Фарҳод Абдуалиевич Карленовичга эътироз билдириб, бу борада ўтган йили клуб мутасаддиларидан розилик олганлигини таъкидлади. Абрамов эса, ўтган йили йўқлигини рўкач қилди. Шу тариқа иккала мутахассис бироз сўзлар билан "жанг" ўтказиб олишди. Магометов бундан муаммо ясамаслик лозимлигини уқтирса, Абрамов ўз фикрини айтаётганлигини, бунга ҳаққи борлигини таъкидлашдан тўхтамади. Гапнинг орасида Карленович, Магометовга "мен сизга гапирганим йўқ, ўзингиз гапга аралашиб муаммо кўтаряпсиз", деган гапларни билдирди.
Шундан сўнг муаммо бошқача услубда ечилди. Валерий Лёткин барча клуб раҳбарларининг фикрларига қизиқди. Сўров натижасига кўра, бешта жамоа мутасаддилари тақвим "зеркалный" тизимда тузилиши тарафдори эканлигини билдирди. Қолган 11та жамоа вакили эса, ўтган йилги тизим сақланиб қолишини лозим кўрди. Шу тариқа Абрамовнинг эътирози эътирозлигича қолиб кетди.