Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ўткир Юсупов: "Миллий терма жамоада ўйнаш учун ҳар қанча меҳнатга тайёрман"

Баҳо:
+ | -

Якунланган мавсум «Насаф» таркибида дарвозабон Ўткир Юсупов намойиш этган ўйин мухлисларга анча манзур тушди. Жамоанинг асосий голкипери Элдор Суюнов терма жамоа йиғинларига жалб этилган пайт айнан Ўткир Юсуповнинг ишончли ҳаракатлари «Насаф»га қўл келди. Аслида мавсум бошида Ўткирга захира дарвозабони сифатида қаралганди, у эса вақти келганда масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимади ва чапдастлиги билан кўп бора жамоаси жонига оро кирди. Хуллас, мавсум кашфиётларидан бирига айланган Ўткир Юсупов билан янада яқинроқ танишиб олиш учун асослар етарли.

МАВСУМ КАШФИЁТИ

- Ўткир, қайсидир маънода сизни ўтган мавсум кашфиётларидан бири сифатида таърифлаш мумкиндир, балки. Шахсан ўзингиз учун мавсум қандай ўтди?

- Йил бошида бизга кўпчилик ишонмаган эди. Таркибда жиддий ўзгаришлар бўлмагани учунми, олий лигада кучли учликка киришимизга шубҳа қилувчилар анча-мунча топиларди. Аммо чемпионатнинг 2-турида «Локомотив» билан Қаршида бўлиб ўтган учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганимиздан сўнг мухлисларнинг ишончи анча ортди. Яшириб нима қилдик, ўзимизда ҳам ўша ўйин­дан кейин анча дадиллик сезилди. Чунки «Локомотив» мавсум олдидан энг кучли футболчиларни ўз таркибига жамлаб олганди. Бундай рақибга қарши тенгма-тенг ўйнаган эканмиз, демак, яхши натижага эришишимиз мумкин», деган хулосага келдик. Шунга яраша, бутун мавсумни анча ишончли ўтказдик. Кучли учликка кирганимиз фикримга исботдир.

- Фаолиятингизни «Насаф»да давом эттиришга рози бўлганингизда, асосий таркибда ўйнашга умид қилганмидингиз? Зеро, Элдор Сую­нов жуда яхши ўйин намойиш этаётан эди...

- Ҳар қандай дарвозабон асосий таркибда ўйнашни орзу қилади. Мен ҳам «Насаф»га имкон қадар кўпроқ ёрдам беришни мақсад қилгандим. Шунга яраша, машғулотларда қаттиқ ишладим. Дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков менга ҳар доим ёрдам берди. У мавсум узоқлиги ва ўзимни кўрсатиш учун имконият албатта, туғилишини кўп айтарди. Умуман олганда, «Насаф»да ҳар қандай футболчи албатта, имкониятга эга бўлади. Рўзиқул Саъдуллаевич ҳар доим машғулотларда яхши ишлаганларга эътибор қаратади. У футболчилар билан холис муносабатда бўлади. Мана, меҳнатларим беиз кетмади. Элдор Суюнов терма жамоа йиғинига кетган вақтлар асосий таркибда майдонга тушдим ва ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.

- Бу ишни кўнгилдагидек уддалаганингизга гувоҳ бўлдик. Шу аснода қаршилик мухлисларнинг сиз ҳақингизда илиқ фикр билдиришганини ҳам кўп эшитдик. Қарши кўчаларида юрганингизда сизни танишадими?

- Ҳа, шунақа ҳолатлар ҳам учрайди. Кўпинча кўча-кўйда таниб қолишса, баъзи ўйинлардаги вазиятларни эслаб, менга раҳмат айтишади. Албатта, бу жуда ёқимли. Қаршида футболга қизиқадиганлар жуда кўп. Бундай вақт­да «Насаф» шарафини ҳимоя қилаётганингдан беихтиёр ғурурланиб кетасан.

 

ЖАМОАДАГИ ВАЗИЯТ

- Сиз учун ўтган мавсум энг қийин кечган учрашув қай бири...?

- Аслида ҳеч бир ўйин осон кечгани йўқ, ҳаммаси ўзига яраша мураккаб ўтди. Аммо «Бунёдкор» ва «Локомотив»га қарши сафарда ўтган ўйинлар энг оғири бўлди, чамамда. Бирида ғалаба қозондик, иккинчисида эса мағлубиятга учрадик. Очиғи, «Локомотив»га қарши кечган ўша ўйинда нима бўлганини ҳам тушунмай қолдик. Ҳамма бор кучи билан ҳаракатланди, аммо кўнгилдагидек натижага эришолмадик. Рақибнинг ўйини эса қовушди.

- Айтишларича, «Насаф»да молия­вий жиҳатдан муаммолар бор экан. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Мен жамоанинг молиявий ишларига аралашмайман. Қолаверса, ойлик ва мукофотлар борасида ҳеч қандай шикоят билдиролмайман. Умуман, бу менга тўғри келмайди. Агарда жамоада бирор муаммо юзага келган тақдирда ҳам, бу ҳақда матбуотда гапирмоқчи эмасман. Клубимизда ёши катта, етакчи футболчилар бор ва биз уларга ишонамиз. Раҳбарият билан фақат улар алоқада бўлиб турадилар. Биз - ёшлар эса бор эътиборимизни футболга қаратишни маъқул кўрамиз. Умуман, молиявий масалаларда ҳаммаси жойида бўлишига ишонаман.

- Жамоадаги асосий рақобатчингиз - Элдор Суюнов билан ўзаро муносабатингиз қай ҳолатда?

- Элдор билан дўстона алоқадамиз. Ҳар доим бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Футболда турли вазиятлар учрайди. Лозим бўлганида, иккимиз ҳам бир-биримизга ёрдам беришимиз мумкин. Албатта, футболда ҳар доим рақобат ҳукм суради. Аммо бу кураш фақат майдон ичида қолади. Унинг таш­қарисида қалин дўстлармиз. Қисқаси, ҳеч қандай муаммо йўқ.

 

БОЛАЛИК

- Футболга кириб келишингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз...

- «Пахтакор» клуби болалар жамоаларида шуғуллана бошлаганман. Аниқроғи, Ойбек Усмонхўжаев қўл остидаги жамоада дарвозабонлик қилганман. Шу жамоа сафидаги ўйин­ларим билан Денис Иванков назарига тушганман. У кейинчалик мени «Насаф»га таклиф қилди.

- Энди ўз ҳақингизда гаплашайлик. Асли қаердансиз?

-       Қозоғистоннинг Чимкент (Шимкент) вилоятида туғилганман. Болалигимда, 3-4 ёшга тўлганимда оиламиз Тошкентга кўчиб келган. Шу ерда ўсиб-улғайдим. Тошкент мен учун она шаҳрим бўлиб қолди. Пойтахтда танишларим ва дўстларим кўп. Асосийси, футбол билан айнан Тошкентда шуғуллана бошлаганман.

- Қозоғистонга бориб турасизми?

- Ҳа, албатта. Чимкентда қариндошларимиз бор, имкониятга қараб, бориб турамиз. Аммо 3-4 кундан кўп туролмайман, дарҳол Тошкентга қайт­гим келади. Хуллас, қариндош-уруғлар билан кўришгандан сўнг дарров ортга қайтишга шошиламан.

ҚОЗОҒИСТОНДАН ТУШГАН ТАКЛИФ

- Қозоғистонга бориб турар экансиз, демак, қозоқ футболидан яхши хабардорсиз. Икки юрт футболи ўртасида фарқ қандай?

- Ўзбекистонда футбол кучлироқ, деб ўйлайман. Қозоғистон клублари молиявий жиҳатдан бақувватроқдир балки, аммо иқтидорли футболчилар Ўзбекистонда кўп.

- Қозоғистон чемпионатига таклиф қилишса, борармидингиз?

- Бу саволга аниқ жавоб қайтара оламан - йўқ. Чунки 2 йил аввал Қозоғистон чемпионатидан таклиф тушган эди, рад этганман. Тўғрироғи, ота-онам Қозоғистонда ўйнашимга кўнмагандилар. Мен эса ота-онамга қарши боролмайман. Шу сабабли, таклифни кўриб ҳам чиқмагандим.

ОЧЛ

- «Насаф» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу кутилмаган совғами ёки клубингиз чиндан ҳам, ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнашга ҳақли?

- Бунга муносибмиз, деб ўйлайман. Зеро, жамоамиз ўтган мавсум анча яхши савияда ўйин намойиш қилди. Айниқса, сафарда «Бунёд­кор»га қарши кечган учрашувдан сўнг шунга ишонч ҳосил қилдик. Хуллас, «Насаф» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида ўйнашга ҳақли.

- ОЧЛдаги рақиблар анойилардан эмас. «Насаф» Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладими?

- Ўтган мавсум жамоамизга тажриба етишмаганди. Насиб қилса, бу сафар Чемпионлар Лигасида ҳам ўзимизни кўрсата оламиз. Бунинг учун керакли ҳамма ишларни амалга оширамиз. Рўзиқул Бердиев тактик жиҳатдан кучли мураббий. Агар таркиб бироз кучайтирилса, ОЧЛда яхши иштирок этишга қурбимиз етади.

- Келажагингиз ҳақида нима дея оласиз? Бошқа жамоалардан таклифлар  тушдими?

- Йўқ, ҳеч қандай таклиф олганим йўқ. Аммо тушганда ҳам, рад этардим. Чунончи, «Насаф»да қолишни истайман. Ўтган йили жамоа билан 2 йиллик шартнома имзоладим. Ҳозир келишувнинг яна бир йили бор. Агар клуб истаса, келаси мавсум ҳам «Насаф»да қоламан. Мабодо янги шартнома таклиф қилишса, иккиланмай имзо чекардим.

- «Насаф» келаси мавсум ҳам олий лигада бу йил қайд этган натижасини такрорлай олармикин?

- Биз нафақат такрорлаш, балки уни яна-да яхшилашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун жамоамизда ҳамма нарса етарли. Тўғри, рақиблар кучли. Аммо биз ҳам бир жойда тўхтаб қолмоқчи эмасмиз.

 

КЕЛАЖАК

- Охирги вақтларда ўзбекистонлик бир қатор футболчилар Малайзия чемпионати қуйи лигасига кетмоқдалар. Афтидан, у ерда яхшироқ пул тўлашади, шекилли. Мабодо сизга ҳам шундай таклиф тушган тақдирда, нима қилардингиз?

- Ҳозирча Ўзбекистонда қолишни афзал биламан. Ахир миллий чемпио­натимиз Малайзияникидан бир неча баробар кучлироқ. Шундай экан, нимага у ерга кетиш керак? Ҳозир ёшман, фаолиятимни яхшилаб йўлга қўйиб олишим зарур. Балки ёшим ўтиб, футболдан кетишимга оз вақт қолганида, яхши пул тўлайдиган чемпионатларга кетишим мумкиндир. Аммо ҳозир эмас. Шу билан бирга Малайзияга кетишган футболчиларни қораламоқчи эмасман. Ўзингиз биласиз, футболчилик фаолияти қисқа. Бу вақт ичида молиявий томондан тикланиб олиш зарур. Малайзияда яхши пул тўлашаётган экан, бундан ортиқча ҳайрон бўлмаслик керак.

- Табиийки, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнашни ҳам орзу қиласиз...?

- Албатта! Ким ҳам буни орзу қилмайди? Ўзбекистондаги ҳар бир бола улғайгач, албатта, миллий терма жамоада ўйнаш орзуси билан яшайди. Мен ҳам футболга кириб келганимдан буён шунга интилиб келмоқдаман. Насиб қилса, яхши ва барқарор ўйнаб турсам, вақти келиб мени ҳам Ўзбекистон терма жамоасига чақиришади. Бунинг учун қанча керак бўлса, шунча меҳнат қилиш, тер тўкишга тайёрман.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:45, 20.12.2014.
Ўқилди: 5597 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.