Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Барчани ҳайратлантирган 10 жамоа

Баҳо:
+1 | -

2014 йил футболида барчани ҳайратлантирган 10та жамоа. Мана, жорий йилнинг сўнгги кунларига ҳам етиб келдик. Демак, энди бошқа соҳаларда бўлгани каби футболда ҳам ўзига хос сарҳисоблар даври бошланади. Бу борадаги илк мақола 2014 йил давомида кўпчиликда ёрқин таассурот уйғотган жамоалар ҳақида. Аниқроғи, мухлису мутахассисларни лол қолдирган 10та жамоани яна бир бор эътироф этамиз.

«Атлетико» (Мадрид)

Натижаси: Испания чемпионатида 1-ўрин, ЧЛда 2-ўрин

Диего Симеоне ва унинг ўжар жамоаси «Испания чемпионати - 2та жамоа ўртасидаги турнир» қабилидаги қарашни мутлақо инкор этди. «Атлетико» трансферлар учун «Реал» ва «Барселона»га нисбатан анча кам сарфлади, бироқ Симеоне турли савиядаги футболчилардан юлдуз-жамоа шакллантирди. «Атлетико»нинг муваффақияти яна шуниси билан қадрлики, клуб асосий рақибларини нафақат чемпионатнинг узун масофасида ортда қолдирди, балки уларни алоҳида ўйинларда мағлуб этишни ҳам уддалади. Ваҳоланки, бу одатда янада мушкулроқ вазифа ҳисобланади.

Жазоир терма жамоаси

Натижаси: ЖЧ-2014да 1|8 финал иштирокчиси

Шимолий Африка жамоалари жаҳон кубоги турнирига доимий тарзда чиқишади. Лекин улар мундиалда айтарли каромат кўрсатолмасдилар (биргина Марокаш термасининг 1986 йилги иштироки бундан мустасно). Хусусан, бу йил Россияда ҳам Жазоир термасига гуруҳ аутсайдери сифатида қарашди. Амалда эса араблар жамоаси Фабио Капелло шогирдларини турнирдан чиқариб юборди. Энг эътиборлиси, Воҳид Халилхожич шакл­лантирган терма 1|8 финал раундида бўлажак жаҳон чемпионига қарши мардонавор ўйин кўрсатди. Ҳарқалай, Мануэль Нойернинг шунчаки, яхши эмас, балки инқилобий ўйин намойиш этишида жазоирликларнинг сезиларли улушлари бор.

Германия терма жамоаси

Натижаси: ЖЧ-2014да 1-ўрин

Евро-2012даги омадсизликдан сўнг немисларнинг олтин авлодига «йўқотилган» тамғаси босилди. Бироқ кейинги 2 йил давомида Лам, Швайнштайгер ва бошқалар ЧЛда ғалаба қозонишди, Хуммельс ва унинг «Боруссия»даги шериклари эса клуб йўналишида тахтга кўтарилиш илинжида охиригача ўйнашди. Шунга қарамай, Германия термасининг ЖЧ-2014да ғалаба қозонишига кўпчилик унча ишонмади, айниқса, жароҳатланганлар кўплигини ҳисобга олиб. Қолаверса, бош мураббий Йоа­хим Лёв салоҳиятига шубҳа билан қаралди. Якунда немислар нафақат рақиблари, балки ўзларини ҳам мағлуб этишди. Яъни шубҳаларни чилпарчин қилиб ташлашди. Ярим финалда Бразилия термаси тор-мор этилгани эса алоҳида масала. Ўша ўйин тарихда узоқ йиллар энг ғалати баҳс ва «пентакампеонлар»нинг чинакамига хўрланишлари сифатида ёдга олинса, ажабмас.

«Динамо» (Москва)

Натижаси: ЕЛ гуруҳ босқичида 6та ўйинда 6та ғалаба

Охирги йилларда Россия клубларининг Европадаги мавқелари анча тушиб кетди ва бунда сиёсий таъсирнинг боғлиқлик жиҳати йўқ. Айтайлик, ўтган йили «Зенит»нинг ҳаттоки, ЧЛ 1|8 финалига чиққани ҳам антирекорд билан тугади. Шу маънода айтсак, «Динамо»нинг ЕЛда кетма-кет 6 марта ютуққа эришгани - буюк натижа. Ҳа, рақиблари у қадар кучли эмасдилар, аммо «оқ-кўклар»нинг ўзлари еврокубокларда анчадан буён ўйнашмаганини ҳам эътиборга олиш жоиз.

Коста-Рика терма жамоаси

Натижаси: ЖЧ-2014да 1|4 финал иштирокчиси

Хосе-Луис Пинто жамоаси қуръага кўра, «ўлим гуруҳи»га тушди - Италия, Англия ва Уругвай ўртасида ўйнаш осонми? Бироқ рақиблар ҳали ўлдирилмаган айиқ терисини бўлиб олишга чоғланишаётган пайт «тикос» чемпио­натга хотиржам ҳолда тайёргарлик кўрди. Якунда ҳамма бошқаларнинг «жон таслим этишгани»га гувоҳ бўлди. Коста-рикаликлар илк ўйиндаёқ Уругвайни доғда қолдиришди, кейин Италияни, 3-тур баҳсида эса инглизларга ён беришмади. Марказий Американинг қизиқарли жамоа­си шу билан ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Унинг ҳаттоки, ярим финалга чиқиши ҳеч гап эмасди, агарда Луи ван Галь пенальтилар серияси учун дарвозабон танлашда алоҳида топқирлик кўрсатмаганида...

«Падерборн»

Натижаси: бундеслигага чиқиш

Германияда Падерборн шаҳри ўзининг энг арзон ва «халқчил» пивоси билангина машҳур. Маҳаллий футбол жамоа­си ҳам 2014 йилгача бундеслига юзини кўрган эмасди. Ниҳоят, Андре Брайтенрайтер ўзининг мураббийлик қобилияти ва футболчилар характерини уйғунлаштириб, шаҳарга чинакам футбол ҳавосини олиб кирди. Ҳа, қуйи дивизиондан юқорига кўтарилиш унча катта натижа ҳисобланмас, балки. Фақат шуниси борки, «Падерборн» элитада ҳам чакки кўринмаяпти. Боз устига, камтарин клуб кучлилар сафида ҳеч нарсадан чўчимаётгандек, зеро, доимо ўз услубида ҳужумкор футболни тарғиб этяпти. Ҳаттоки, энг кучли клубларга қарши баҳсларда ҳам сира ўзгармаяпти.

«Рома»

Натижаси: Италия чемпионатида 2-ўрин

2014 йилдаги энг қизиқарли жамоалардан бири. Унинг мисолида итальян футболи ҳали барҳаёт эканлиги яққол кўринди. Ҳар ҳолда, «бўрилар» шу кетишда яқин вақт оралиғида Европа даражасига кўтарилишлари ҳеч гап эмас. Руди Гарсия иштиёқли шогирдларининг жасоратлари ҳисобига «Ювентус» билан тенгма-тенг кураш олиб бормоқда. Ҳаттоки, 2та фронтдаги жанглар ҳам «Рома»ни бўшаштиргани йўқ. Ҳа, римликлар ЧЛнинг охирги турида «Манчестер Сити»га ютқазиб, «плей-офф»дан четда қолишди. Аммо ҳеч ким уларни муносиб қаршилик кўрсатмаганликда айблолмайди. Биргина «Бавария» билан баҳсда улар ўз кучларига юқори баҳо бериб юборишди, чоғи. Лекин бунақаси ҳар бир жамоа билан юз бериши мумкин.

«Рубин»

Натижаси: янгича ўйин услуби

Қурбон Бердиев Қозон клубини 10 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарди ва деярли ҳаммани жамоада битта «юзи» борлигига ишонтирди. Яъни фақат ўзигагина хос услубни тарғиб этди. Аввалги мураббий илоҳдек саналган клубда ишлаш қандай мураккаб эканлигини Дэвид Мойес батафсил айтиб бериши мумкин. Шу маънода Ринат Белялетдиновга қойил қолиш керак. У ҳеч нарсадан чўчигани йўқ, хусусан, мухлисларнинг ишончсиз қарашларига бепарво қаради, футболчилардаги кайфиятсизликни писанд қилмади, илк турда «Спартак»ка ют­қазилганини ҳам тезда унутди. Ҳозир «Рубин» ёш, иштиёқли, жанговар жамоадек кўринмоқда. Муҳими, ўйин услуби томошабопликка йўғрилган. Бердиев давридаги «Рубин» эса кўп нарсага қодир эди, фақат томошабоп футбол кўрсатишга эмас.

«Саутгемптон»

Натижаси: 100 миллиондан кўп даромад, АПЛда муносиб ўрин

Англия футбол бозори ғоят қизиган чоғ айрим устакор клублар бундан максимал даражада фойдаланишади. Бир неча йил олдин инқироз ёқасида турган «Саутгемптон» энди гуллаб-яшнаяпти. Зеро, у футболчилар тарбия­лаш ва уларни йирик клубларга пуллашни ўрганди. Қаранг, Лаллана, Чамберс, Шо, Ловрен каби етакчиларидан айрилиш ҳисобига 100 миллион фунтдан кўп топган, ўз мураббийи Почеттинони «Тоттенхэм»га қўйиб юборган клуб ҳозирда АПЛ турнир жадвалида етакчилар қаторида бормоқда. Эътиборли факт, «Саутгемптон»дан футболчи харид қилишган деярли барча клублар ундан ортда қолишяпти. Ақлли бизнес шу бўлса керак-ов.

ЦСКА

Натижаси: Россия чемпионатида 1-ўрин, «Манчестер Сити» устидан ғалаба

Слуцкий жамоаси 2014 йил бошида Россия чемпионатида ақл бовар қилмас ғалабали серияни қайд этиб, финиш маррасида «Зенит» ва «Локомотив»дан ўзиб кетди. Ёзда Евгений Гинер 2та ажойиб трансферга қўл уриб, таркибни Ерёменко ва Натхо билан кучайтирди. ЦСКА айнан уларнинг ёрдамлари билан Англияда «Манчестер Юнайтед»дек наҳангни доғда қолдирди ва охирги тургача ЧЛ «плей-офф» босқичига чиқиш учун даъвогарлик қилди. Тўғри, «армиячилар» якунда мақсадларига эришолмадилар, аммо шубҳасиз, ўз шаънларини муносиб ҳимоя қилдилар.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 13:53, 24.12.2014.
Ўқилди: 13029 марта.
Фикрлар: 158 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.