2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун қурилаётган стадионлардан бири бўлмиш Санкт-Петербургдаги “Зенит-Арена”да ишлаётган хорижлик ишчиларнинг бешдан бир қисми рус рубли қадрсизлангани туфайли, ишни ташлаб, ўз юртига кетиб қолган. Бу ҳақда Петербург қурилиш ишлари қўмитаси раҳбари Михаил Демиденкога асосланиб, Интерфакс хабар қилмоқда.
Демиденконинг айтишича, стадион қурилиши учун 2700 киши ишлаши керак, лекин ҳозирда уларнинг 20 фоизи иш жойида эмас.
Шунингдек, қурилиш ишларига қурилиш маҳсулотларининг нархлари ошгани ҳам таъсир қилаётгани айтилмоқда.
“Биз олдиндан материалларни сотиб олган эдик. Лекин, режадагидан кўпроқ материал кераклиги маълум бўлди. Айни пайтда қурилиш материалларининг нархи 30 фоизгача кўтарилиб кетган”, – дейди бу ҳақда “Трансстрой” бошлиғи.
Маълумот учун, Крестовск яриморолида жойлашган “Зенит-Арена” ўйингоҳининг қурилиши ишлари 2007 йилда бошланган эди. Аввалига қурилиш ишлари 2011 йилда тугатилиши режалаштирилган, аммо Россия 2018 йилги мундиални қабул қилиши маълум бўлганидан кейин, стадионни мундиалга мослаб, янгича кўриниш ва янгича ҳажмда қуриш ҳақида қарор қилинган эди. Қурувчилар бу лойиҳа учун 43,7 миллиард рублдан иборат бюджет ишлаб чиқишган, аммо федерал ҳукумат бу миқдорни 34,9 миллиард рублгача қисқартирган эди.
Ушбу стадионда Евро-2020 турнирининг гуруҳ босқичидаги 3та ўйин ҳамда чорак финалидаги битта ўйин ҳам ташкиллаштирилиши белгилаб қўйилган. Евро-2020 ўйинлари Европанинг 13та шаҳридаги стадионларга тақсимланган ҳолда ўтказилади. Чорак финалнинг яна учта ўйинини Мюнхен, Боку ва Рим шаҳарлари қабул қилса, ярим финал ҳамда финал учрашуви Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.