Милан назорат суди Италиянинг собиқ бош вазири Сильвио Берлусконига унинг Mediaset гуруҳидаги молиявий фирибгарликлари учун чиқарилган жамоатчилик ишларига жалб этиш бўйича жазоси муддатини 45 кунга камайтирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Матбуот маълумотларига кўра, прокуратуранинг жазонинг муддатидан аввал тугатилишига қарши билдираётган эътирозларига қарамасдан, суд ҳаками Беатриче Крости январь ойининг бошида Берлусконининг адвокатлари томонидан берилган илтимосномани маъқуллаган ҳолда ушбу қарорни чиқарди.
Шу тариқа, Италиянинг собиқ бош вазири ўзига белгиланган жазони 8 март кунида тугатади.
Милан назорат судининг қарорига мувофиқ, Берлускони ахлоқ тузатиш ишларини бажаришни ўтган йилнинг май ойида бошлаган эди. Шу давр мобайнида таниқли сиёсатчи Милан яқинидаги Чезано-Босконе шаҳарчасидаги қариялар уйида ҳафтасига тўрт соатдан астойдил ишлаб келган.
Ахлоқ тузатиш ишлари тугагач, Берлусконининг молиявий фирибгарлиги бўйича давом этаётган кўп йиллик иш ўз ниҳоясига етади. Дастлаб, Берлусконига бу жиноятлари учун 4 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси чиқарилган эди. Кейинроқ бу муддат авф этиш бўйича амалдаги қонунга кўра, бир йилга қисқартирилган, сўнгра Берлусконининг ёши инобатга олиниб, қамоқ жазоси жамоатчилик ишларига жалб этиш жазоси билан алмаштирилган эди.