Футбол бўйича Аргентина ёшлар терма жамоаси Уругвайда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионатида ғолиб бўлиб, 2016 йилда ўтказиладиган Ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олган илк жамоага айланди.
Уругвай пойтахти Монтевидео шаҳрида бўлиб ўтган мусобақанинг охирги ўйинида аргентиналиклар мусобақа мезбонларини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 13 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллади.
Бу мусобақада Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари учун ягона йўлланма ўйналган эди. 9 очко жамғариб, 2-ўринни эгаллаган Колумбия термаси Олимпиада ўйинларига йўлланма учун КОНКАКАФ вакили билан курашади.
Мусобақада 3-ўринни Уругвай (8 очко), 4-ўринни Бразилия (7 очко) эгаллади. Бразилия термаси Олимпиада ўйинлари мезбони сифатида бу ўйинларда иштирок этади.
Мусобақанинг дастлабки тўрт жамоаси Янги Зеландияда жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Эътиборлиси, “Атлетико” клуби бош мураббийи Диего Симеоненинг ўғли Жованни Симеоне рақиблар дарвозаларига 10та ўйинда 9та тўп уриб, мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди. Аргентиналиклар ҳаммаси бўлиб мусобақа давомида рақиблар дарвозани 24 маротаба ишғол қилишга муваффақ бўлган.
Аргентина терма жамоаси 2004 ва 2008 йилларда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлган, 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтган ўйинларда эса иштирок этмаган.