Кеча "Навбаҳор" бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу тайинловдан сўнг наманганлик мухлислар бир мунча хавотирга тушишгани бор гап. Кечанинг ўзидаёқ бу ҳақда мухлислар кўп баҳслашишди, фикр алмашишди. Хўш, Б.Ашурматовнинг "Навбаҳор"даги тақдири қандай кечади? Биз шу ва бошқа саволларга аниқлик киритиш мақсадида Бахтиёр Аъзамовичга сим қоқдик.
— Авваламбор, Бахтиёр ака Сизни Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий бўлганлигингиз билан табриклаймиз!
— Катта раҳмат! Бириничи навбатда менинг ушбу лавозимга тайинланганлигим учун футболимиз раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ўтган мавсумда "Навбаҳор" жамоаси ёмон ўйин кўрсатгани йўқ. "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор", "Насаф" жамоаларига қарши кечган учрашувларда шогирдларим яхши ўйин кўрсатишди ва бунинг натижасида футболимиз раҳбарлари менинг фаолиятимда ўсиш бўлганлигини сезишган деб ўйлайман. Шунинг натижасида ушбу маъсулиятли лавозимга тайинлашди. Олдимизда қийин вазифа турганлигини сезиб турибман. Барча ўзбек футболи мухлислари олимпиячиларимизни Олимпиада ўйинларида иштирок этишини жуда истайди. Биз ана шу мақсад йўлида тинмай ҳаракат қилишимиз, изланишимиз лозим бўлади.
Шуни алоҳида айтиб ўтардимки, менинг ОТЖга бош мураббий этиб тайинланишим бу — Наманган футболининг катта ютуғи деб биламан. Бунда албатта "Навбаҳор" мухлисларининг ҳам ўрни беқиёс. Ва бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан!
— Кечадан бошлаб "Навбаҳор" мухлислари ўйга толиб қолишди. Сизнинг "Навбаҳор"даги ишингиз қандай кечади?
— Кеча Наманганга ташриф буюриб раҳбарлар билан учрашдим. Қандай йўл тутсак, “Навбаҳор” учун фойдали бўлади. Ҳозирда шу масала ҳақида бош қотиряпмиз. Бир нечта мутахассислар билан музокара олиб борилмоқда. Менинг йўқлигимни билдирмайдиган ёрдамчи ёки бошқа кучли бош мураббий кўриб чиқилмоқда. Мухлисларимиз хавотир олишмасин, нима бўлганда ҳам барчаси “Навбаҳор”нинг кучайиши учун қилинмоқда. Ҳозир “Навбаҳор”ни тарк этгудек бўлсам, мухлислар ва футболчилар олдида ноқулай ҳолатда қоламан. Таркибдаги футболчиларнинг аксарияти “Навбаҳор”да ишлашни давом эттираётганлигим учун жамоада қолишди. Янги футболчилар ҳам менинг ваъдаларимга биноан Наманганга келишган. Ҳозир жамоадан кетсам уларнинг олида қандай инсон бўлиб қоламан? Мухлислар бу бошқа мавзу. Мен наманганлик мухлисларни қаттиқ ҳурмат қиламан ва улар учун “Навбаҳор”да ишлаб келяпман. Менга қўнғироқ қилиб жамоада қолишимни хоҳлашаётганликларини айтишмоқда. Шунинг учун чуқур ўйлаб якуний қарорга келамиз.
— Нима бўлган тақдирда ҳам “Навбаҳор” бош мураббийи бўлиб қоласизми?
— 23-31 март кунлари Бангладешда Осиё чемпионати саралаш баҳслари бўлиб ўтади. Шундан сўнг асосан йиғинлар ташкил қилинади. Йиғинлар Олий лига тақвимига халал бермайдиган саналарда ўтказилиши кўзда тутилган. Шу боис “Навбаҳор” бош мураббийи бўлиб ишлашим мумкин.
— “Навбаҳор”га Шуҳрат Мақсудов ёрдамчи мураббий бўлиб келаётгани ростми?
— Агар Шуҳрат Мақсудов “Навбаҳор”га келганида хурсанд бўлардик. Биласиз, Мақсудов яқинда ОТЖ бош мураббийлигидан кетди. Аммо М.Қосимовга бош жамоада ёрдамчилик қилади. Яна бир томони борки, мен “Навбаҳор” билан бирга бўлмаган пайтимда у ҳам терма жамоа билан бирга бўларди. Юқорида айтганимдек, ҳозир бир нечта мутахассислар билан гаплашяпмиз. Яқин кунларда бу ҳақда маълумот берилади.
— Бугундан “Навбаҳор” Тошкентда машғулотларни давом эттириши керак. Машғулотларни ким олиб боради?
— Ҳа, бугундан яна Тошкентда тўпланамиз. Машғулотларни ўзим олиб бораман.
— Таркибда яна ўзгаришлар бўлиши мумкинми? Акмал Холмуродов ва Александр Гейнрихларнинг Наманганга келиши ҳақида мухлислар орасида гап юрибди.
— Акмал Холмуродовга қизиққанимиз рост. Аммо у “Динамо”да қолишни афзал билди. Гейнрихга эса таклиф билан чиқмаганмиз ва бу режамизда бўлмаган. Айни пайтда Сашани ўз таркибимизга қўшиб олишга имкониятимиз йўқ. Агарда Гейнрих Намангандаги шароитларга рози бўлса, бажонидил уни сафимизга қўшган бўлардик.
Айни пайтда жамоамиз ўнг қанот ҳимочисига муҳтож. Бу чизиқда Тоҳир Шамсиддинов ҳаракат қиларди. Унга берилган жазодан барча хабардор. Селекция ишларини давом эттиряпмиз.
— Легионерлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
— “Навбаҳор”га яхши дарвозабон керак. Эмил Михайлов ҳақида айтарли фикр билдиролмайман. У сўнгги ўртоқлик учрашувида 30 дақиқа ҳаракат қилди, холос. Уни кузатишда давом этяпмиз. Сергей Георгиев кучли футболчи. Ўз терма жамоасида ҳам тўп суради. Бугун-эрта Сергей сафимизга қайтиб келади ва унинг ҳаракатларини яна бир бор кузатамиз. Айни пайтда ярим ҳимоя чизиғида рақобат жуда кучли. Агарда Георгиев ҳозирги ярим ҳимоячилардан кучлилигини исботласа у билан шартнома имзолаймиз.
Мухлисларимиз биздан маҳаллий футболчилар нега жамоага жалб қилинмайди, деб сўрашади. Мирзоҳид Ғофуров ва Обид Жўрабоев ўз омадини “Бунёдкор”да синаб кўришни истади, Ғиёс Комилов “Машъал”да қолишни хоҳлади. Мухлислармиз тўғри тушунишларини истардим, паст савиядаги футболчиларни йиғволиб эртага натижа кўрсатолмасак, ишқибозлар олдида айбдор бўлиб қоламан. Имкон қадар кучли маҳаллий ўйинчиларни таркибга қўшиб келяпмиз.
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.