Жаҳоннинг энг кучли терма жамоалари ҳақидаги мақолаларни ўқийвериб чарчаб кетган бўлсангиз, қуйида энг кучсиз термалар ҳақидаги қизиқарли мақолани ўқишни тавсия қиламиз. Интерфутбол газетаси ФИФА рейтингида энг охирги ўринни банд этиб турган 10 та терма жамоа ҳақида тўхталиб ўтди.
Америка Самоаси (ФИФА рейтингида 200-ўрин). 2001 йили ушбу терма жамоа замонавий футбол тарихидаги энг йирик мағлубият соҳибига айланган. Ўшанда жамоа Австралияга 0:31 ҳисобида имкониятни бой берганди. Кейинчалик америкалик мураббий Томас Ронген қўл остида самоаликлар ўз тарихларидаги дастлабки ғалабани нишонлашди.
Андорра (201-ўрин). Бу жамоа айни пайтда Европанинг энг кучсиз термасидир.
Британия Виргин ороллари (202-ўрин). Кариб архипелагидаги терма жамоалардан бири ҳисобланган Британия Виргинияси сафида АҚШдан ташриф буюрган бир нечта талаба ва Англиянинг қуйи дивизионида фаолият юритадиган футболчилар тўп суришади.
Эритрея (203-ўрин). Эфиопиядан ажралиб чиққан мамлакатни 1998 йили ФИФАга қабул қилишган. 2009 йили халқаро учрашувларнинг бирида Эритрея терма жамоасининг 12 нафар футболчиси қочиб кетган. Шундан сўнг мамлакат футбол федерацияси сафар ўйинларини бекор қилиш борасида ҳам ўйлаб кўрганди.
Сомали (204-ўрин). Охирги 15 йилда Сомали терма жамоасида 15 нафар мураббий алмашди. Уларнинг ҳеч бири 10тадан ошиқ учрашувда ишламаган.
Кайман ороллари (205-ўрин). Ҳаттоки Кариб кубогида ҳам доимий иштирок этолмайдиган яна бир Кариб терма жамоаси.
Жибути (206-ўрин). Африканинг энг кучсиз жамоаси. Дастлабки расмий ғалабасини 2009 йилда нишонлаган. Эътиборли томони, мамлакатда бирорта ҳам профессионал футболчи йўқ.
Кук ороллари (206-ўрин). Тинч океани терма жамоасига уэльслик Дрю Шерман мураббийлик қилмоқда.
Ангилья (208-ўрин). Карибдаги энг кучсиз жамоа. Улар ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидаги дастлабки учрашувларида Никарагуага 0:5 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Бутан (209-ўрин). Расман жаҳоннинг энг кучсиз терма жамоаси. Бутан ФИФА рейтингида сўнгги поғонани банд этиб турибди. ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида Шри-Ланкани икки марта мағлуб этиб, ОАВ эътиборига тушди.