Мадриднинг "Реал" клуби бразилиялик ҳужумчиси Винисиус Жуниор 27 ёшли блогер Виржиния Фонсека билан муносабатларини якунлади. Бу ҳақда блогернинг вакили CNN Brazil телеканалига маълум қилди.
"Виржиния Фонсека ва Вини Жуниор энди бирга эмас. Улар ўртасида ҳеч қандай зиддият ёки жанжал бўлмаган. Иккаласи ҳам муносабатларни давом эттирмасликка ўзаро келишиб қарор қилган", — деди блогернинг вакили.
10 октябрь куни "Реал" Испания Ла Лигасининг 8-турида ўз майдонида "Вильярреал"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ушбу учрашувда Винисиус асосий таркибдан жой олмади ва 52-дақиқада захирадан майдонга тушди. Бироқ 73-дақиқада рақиб футболчисининг сочидан тортгани учун қизил карточка олиб, майдондан четлатилди.
Эндиликда бразилиялик ҳужумчи бир нечта ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин. Шу сабабли унинг "Барселона"га қарши муҳим учрашувни ўтказиб юбориш эҳтимоли бор.













