Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунларидан фойдаланиб, Осиёнинг иккита терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказди. Миржалол Қосимов шогирдлари Жанубий Корея билан дуранг (1:1) ўйнаган бўлса, Японияга йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди (1:5). Ҳар бир ўйин, айниқса, терма жамоалар иштирокидаги ўйинларнинг ўз мақсади бўлади. Ҳар бир ўйин жамоага қандайдир фойда келтириши керак. Акс ҳолда қилинган меҳнат ҳавога учади. Терма жамоамиз Корея ва Японияга қарши ўртоқлик ўйинларидан қандай манфаат олганини (ёки олмаганини) таҳлил қилиб кўрамиз.
Мақсад
Одатда ўртоқлик ўйинлари турли мақсадда ташкил этилади: расмий мусобақаларга тайёргарлик, конкрет бир рақибга қарши ўйинга тайёргарлик, жамоанинг ўйин услубини шакллантириш, янги ўйинчиларни синовдан ўтказиш ва футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини орттириш. Терма жамоамиз навбатдаги 4 йиллик циклни бошламоқда. Жамоамиз ЖЧ-2018 йўлланмаси сари йўлга чиқмоқда. Саралаш босқичига ҳали қуръа ташланмагани боис, мазкур ўртоқлик ўйинлари бизга қисқа муддатда ўтадиган конкрет мусобақа ёки рақибга қарши тайёргарлик учун эмас, кейинчалик фойда келтириши мақсадида ўтказилди. Қандай фойда? Аввало ўйинимизни шакллантириш, янги футболчиларни синовдан ўтказилиши лозим эди. Темур Кападзе ва бошқа ёши ўтиб бораётган футболчиларнинг ўрнини ёшлар билан тўлдириш, уларнинг терма ўйинига мослашиб кетишини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Миржалол Қосимов бу борада ишларни бошлаб юборди ва бу жараён кейинги ўйинларда ҳам давом этади. Бунга шубҳа йўқ.
Давоми Олимхўжа Бўронов блогида.