Германиянинг «Боруссия» клуби бош мураббийи Юрген Клопп мавсум якунига етгач, жамоадан кетмоқчи. Бу ҳақда Bild нашри хабар тарқатди.
Манбанинг маълум қилишича, Клопп клуб ижрочи директори Ханс-Йоахим Ватцкедан 2018 йилда ниҳоясига етиши лозим бўлган шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни сўраб мурожаат қилган. Мураббий етти йиллик фаолиятидан кейин ўзини жуда толиққан ҳис қилмоқда ва маълум муддат дам олиш ниятида.
Шунингдек, хабар қилинишича, «Боруссия»ни Клопп тарк этган тақдирда, унинг ўрнини «Майнц» клуби собиқ бош мураббийи Томас Тухель эгаллаши мумкин. Ҳозирча, Ватцке бу борада ҳеч қандай изоҳ билдирмаяпти.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, 2008 йилдан буён «Боруссия»ни бошқариб келаётган мутахассис бу давр мобайнида 2 марта мамлакат чемпиони (2010/11 ва 2011/12 ) ва бир маротаба мамлакат кубогида (2011/12) зафар қучди. Шунингдек жамоа 2012/13 мавсумда Европа чемпионлар лигаси финалига қадар етиб боришга муваффақ бўлган.
Ушбу мавсумда жамоа бундеслигада ўта муваффақиятсиз иштирок этмоқда. 28-турдан кейин жамоа ҳисобида 33 очко мавжуд ва улар 10-ўринда боришмоқда. Европа чемпионлар лигасидаги иштирокин эса жамоа 1/8 финалда «Ювентус»га мағлуб бўлиб тўхтатди.