Кириш Регистрация
13/05 00:00 Страсбур 2-1 Метц
13/05 00:00 Клермон 0-1 Лион
13/05 00:00 Нант 1-2 Лилль
13/05 00:00 Монпелье 0-2 Монако
13/05 00:00 ПСЖ 1-3 Тулуза
13/05 00:00 Ренн 1-1 Ланс
13/05 00:00 Марсель 3-1 Лорьян
13/05 00:00 Бетис 3-2 Альмерия
13/05 19:00 Сурхон 1-1 Динамо
13/05 19:00 Насаф 0-0 Бунёдкор
13/05 21:30 Лечче 0-2 Удинезе
13/05 23:45 Фиорентина 2-1 Монца
14/05 00:00 Астон Вилла 3-3 Ливерпуль
14/05 00:00 Барселона 2-0 Реал Сосьедад
14/05 19:00 Локомотив - ОКМК
14/05 22:30 Осасуна - Мальорка
15/05 00:00 Тоттенхэм - Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид - Алавес
15/05 01:00 Жирона - Вильярреал
15/05 22:30 Севилья - Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано - Гранада
15/05 23:45 Брайтон - Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс - Марсель
16/05 00:00 Ницца - ПСЖ

Икки ўйин – икки синов

Баҳо:
+2 | -

Ўзбек футболида юзага келган ҳозирги ҳолат қайсидир жиҳатлари билан 2009 йилни эслатиб юбормоқда. Ёдингиздами, ўшанда Ўзбекистон МТЖ ҳар доимгидек, жаҳон чемпионатига чиқолмаган ва бор умид ёшлар ўртасидаги мундиалда иштирок этадиган Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги жамоамизга қаратилган эди. Оқибатда ёшларимиз бу қадар катта босимга дош беролмай, Мисрдан эгик бош билан қайтгандилар...

ҲОЗИРЧИ?

Ҳозир ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолат. Йўқ, ундан ҳам баттарроқ, шекилли. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳафсалани пир қилганига анча бўлди, яралар энди битиш жараёнига келганида, биз жуда иқтидорли ҳисоблаган олимпиячиларимиз ҳам футболимизни «ерга уриш» арафасида турибдилар. Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги жамоа Бангладешда нималар қилиб қўйганини ҳаммамиз кўрдик. «Азаматлар» Бразилия-2016 сари юришни бошламасданоқ тугатиш учун «қўлдан келган» барча ишни қилдилар, гўё. Қолгани тақдир ҳукмига ҳавола. Ҳаммаси 16-24 май кунлари «В» гуруҳидан жой олишган Қувайт, Иордания, Туркманистон, Қирғизистон ва Покистон термаларининг ўзаро ўйинларига боғлиқ. Шармандалик, «ерга уриш» шу эмасми?

Хуллас, энди бор эътибор 2009 йили бўлганидек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қаратилади. Шу сабабли, Равшан Ҳайдаров шогирдларининг Янги зеландиялик тенгдошларига қарши ўтказган ўртоқлик ўйинларини диққат билан томоша қилдик. Аммо тан олайлик, бу рақиб Ўзбекистон ёшлар терманинг бор камчилик ва муаммоларини очиб бериш даражасида кучли эмас экан.

 

РАҚИБ ҲАҚИДА

Нима учундир Янги зеландияликлар  Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қарши кечган учрашувларда бор кучлари билан ўйнамагандек кўринишди. Масалан, тезкор қарши ҳужумга ўтиб кетиш имкони туғилган вазиятларда ҳам тўпни ортга ташлаб, ўйин суръатини оширишни исташмади. Яъни улар асосан позицион ҳужум ташкил қилишга интилдилар. Балки бунга Янги Зеландия терма жамоаси футболчиларининг юртимиз иқлимига мослашишда муаммоларга дуч келишгани сабабдир? Гарчи Зеландияда ҳам ҳозир ёмғирлар мавсуми бўлиб, ҳарорат даражаси +18 ва +20 оралиғида бўлса-да, у ердаги дим ҳавони биздаги қуруқ иқлим билан солиштириш асло ўринли эмас. Боз устига, узоқ масофага парвоз этиш ҳам рақибни чарчатганини унутмайлик.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин-ки, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам Янги Зеландиядаги ЖЧга борганда иқлимга мослашиш масаласида қийинчиликка дуч келиши эҳтимоли жуда катта. Шундай экан, бу муаммо ечими ҳақида ҳозирдан бош қотирган маъқул...

 

ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМАСИ ҲАҚИДА

 Ўзбекистон ёшлар термаси Янги зеландияликларга қарши кечган 2та учрашувда икки хил таркибни синовдан ўтказди. Фарғонадаги учрашувда деярли барча етакчилар майдонга тушишди, Тошкентда эса Акромжон Комилов, Жавоҳир Соҳибов ва Забиҳилло Ўринбоев жамоага ёрдам беришмади. Клубларимиз Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокларини давом эттиришлари туфайли улар терма жамоа ихтиёридан чақириб олиндилар. Аммо шунда ҳам Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳар икки ўйинда ғолиб чиқишди -  Фарғонада 1:0, Тошкентда эса 2:1 ҳисоби қайд этилди.

 

ЎЙИН ҲАҚИДА

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўйини ҳақида нима дейиш мумкин? Равшан Ҳайдаров икки учрашувда ҳам ягона ҳужумчи билан ўйнашга қарор қилди. Ҳар иккисида Элдор Шомуродов асосий таркибда майдонга туширилди. Элдорнинг ҳаракатчанлиги ва иштиёқига гап йўқ. Аммо ҳаводаги тўплар учун курашда бироз нўноқлиги борлигини ҳам кўрдик. Тан олиш керак, у «Жар»да кечган ўйинда рақиб хатосидан фойдаланиб, гол урди. Аммо бошқа вазиятларда деярли кўзга ташланмади.

Ҳар икки учрашув асосан жисмоний кураш остида  кечди. Шунингдек, рақиблар томонидан майда хатоларга кўп йўл қўйилди. Равшан Ҳайдаров жамоаси ҳақида шуни айтиш мумкинки, футболчилар ранг-баранг ўйнашга интилдилар. Зарурат туғилганида индивидуал, керак бўлганида эса, жамоавий ўйин намойиш қилинди. Бироқ ҳаракатлар бироз палапартиш эканини ҳам таъкидлаш лозим. Ҳарқалай, жамоамиз Янги Зеландия термасидан бир бош устун - бунга шубҳа йўқ. Фақат бир нарса кўнгилни ғаш қилади, афтидан, Равшан Ҳайдаров ҳали ўйлаган ишларининг кўпини амалга оширишга улгурмаган кўринади. Мураббий кўп вақтини захира ўриндиғида эмас, майдон четида ўтказди. Асабийлашди, футболчиларга кўп бақирди. Бу жамоа у истагандек ўйнолмаганини кўрсатади.

Дарҳақиқат, ўзбекистонликлар ҳар икки ўйинда жамоадан кўра, ўзлари ҳақида кўпроқ ўйлашаётгандек туюлди. Демоқчимизки, тўпни очиқчасига қизғаниш, ўзи гол уришга интилиш каби ҳолатлар учраб турди. Масалан, «Жар»да кечган ўйиннинг сўнгги дақиқасида Акобир Тўраевнинг тўпни ёлғиз қолган шеригига оширмай, икки ҳимоячини алдашга уринганига нима дейсиз? Мана шу ҳолат ҳам терма жамоа тайёргарлигини баҳолашда мезон сифатида хизмат қилса керак. Афтидан, жаҳон чемпионатига қадар кўп иш қилишга тўғри келади ҳали.

 

МУХЛИСЛИК ҲАҚИДА

Янги Зеландия термасига қарши ўтказилган 2та ўйин бизга тажриба ва амалиётдан ташқари, яна мухлислик ҳақида хулоса чиқариш имконини берди. Дейлик, Фарғонада ташкил қилинган биринчи учрашув ва Тошкентда ўтган иккинчи ўйин ўртасидаги фарқ ҳақида истаганча гапириш мумкин. Энг катта фарқ эса, айнан мухлисликда.

Фарғонадаги ўйин қандай «аншлаг» остида ўтганини ҳамма кўрди. Ўша куни янгигина, ҳали бўёқ ҳиди аримаган стадион бағрига сиққан мухлислардан кўра, сиғмай қолганлари кўп эди, чамамда. Фарғоналикларга бундай мухлислик учун катта раҳмат. Шунингдек, фарғоналиклар номидан бу ўйинни вилоятга бергани учун Терма жамоалар марказига ҳам раҳмат айтишни истаймизки, у ҳар доим ҳам бундай қарорга келавермайди. Оддий айтганда, ўта ноёб қарор учун ТЖМдан беҳад миннатдормиз. Зеро, Фар-ғонадаги каби мухлисликни ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Мухлислик бўлса, шундай бўлсин!

Таассуфки, Фарғонадаги ўйин мухлислик бобида намуна сифатида олинса, Тошкентда кечгани аксинча, салбий таассуротлар уйғотди. Бизни-ку қўйинг, атиги 4 кун олдин Фарғонада мухлислар лиқ тўла стадионда майдонга тушишган Янги зеландияликлар бўм-бўш «Жар»ни кўришганида бошқа мамлакатга келиб қолгандек бўлгандирлар. Ахир ўзимиз пойтахтдаги ҳувиллаган стадионларни кўравериб, бунга кўникиб улгурганмиз. Бироқ меҳмонлар...

ФУТБОЛ БИЛАН

ФУТБОЛНИНГ ФАРҚИ

Футбол - мухлислар учун. Бу ҳақда аввал ҳам кўп гапирилган. Футбол - энг оммавий спорт тури. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо унинг оммавийлик даражаси турли мезонлар билан ўлчанишини ҳам унутмаслик лозим. Масалан, Европада футбол дарҳақиқат, юқори даражага етиб улгурган. Айтайлик, Англия чемпионатининг учинчи ёки тўртинчи дивизиони ҳам мухлис йиғишда Осиёнинг анча-мунча кучли биринчилигини уялтириб қўяди. Учинчи дивизионда иштирок этаётган «Шеффилд Юнайтед» ёки бошқа клубнинг мухлиси учун ўз жамоаси ҳар қандай «Манчестер Юнайтед»дан аълороқ. Бундай ҳолатни Испания ва Германияда ҳам кўриш мумкин.

Осиёда эса футболнинг оммавийлиги бошқача мезон билан ўлчанади. Масалан, БАА ва Қатар чемпионатида миллионлар ўйини учун катта маблағ сарфланади, юлдуз футболчилар билан шартнома имзоланади. Аммо мухлислик масаласини Европадаги ҳолат билан солиштириш анча мушкул. БАА ва Қатар чемпионатида 30-40 минг мухлисга мўлжаллаб қурилган ҳашаматли стадионларда нари борса 300-400 мухлис ўтирганидан сўнг яна нима дейиш мумкин?

ЎЗБЕКИСТОНДА-ЧИ?

Агарда ўзимиздаги мухлисликни Европа ва Осиёдагиси билан солиштириш лозим бўлса, вилоятларни Европага, пойтахт стадионларини эса Осиёга қиёслаш мумкин. Яхши биламиз, Тошкент шаҳрида бир эмас, 3та кучли клуб бор - «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив». Аммо ҳар 3та жамоа ўйинига тушган мухлисларни қўшиб ҳисобласак ҳам, битта стадионни тўлдирадиган саноқни чиқариш мушкул масала. Биз ҳувиллаб ётган «Пахтакор»га кўникиб улгурганмиз. Ўтган йиллар давомида унинг ёнига анча ҳашаматли «Бунёдкор» ва камтарроқ, аммо янгигина «Локомотив» ареналари ҳам қўшилди.

Вилоятларда эса вазият бошқача. Ҳарқалай, футболга нисбатан қизиқиш анча юқори. Ҳатто аутсайдер «Сўғдиёна» ва «Андижон»нинг ўйинларига ҳам қизиқиш бор. Масалан, олий лига 3-тури доирасида Тошкентда бўлиб ўтган «Пахтакор» - «Бухоро» ўйинини 1103 нафар мухлис ҳайҳотдек стадионда ўтириб томоша қилди, «Нефтчи» - «Навбаҳор» учрашувига 9018, «Динамо» - «Қизилқум» баҳсига эса 7102 ишқибоз ташриф буюрди. Ҳатто Янгиерда бўлиб ўтган «Сўғдиёна» - «Локомотив» ўйини ҳам 3112 мухлисни ўзига жалб қилди. Энг қизиқ томони - Янгиерда аҳоли сони қанча эканини биласизми? 54 минг! Тошкентдаги битта маҳаллада ҳам бундан кўпроқ одам истиқомат қилса керак. Агар мухлислар ташрифини аҳоли сонига нисбатан коэффициентда ҳисобласак, пойтахтдаги қизиқиш қай даражада экан-а?

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Бу саволнинг жавоби жуда оддий - шунчаки, Терма жамоалар маркази вилоятларда кўпроқ ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиши керакдек. Пойтахтда футболга қизиқиш паст экан, демак, вилоятларга кўпроқ урғу берган маъқул эмасми? Тўғри, илгари бунинг иложи деярли йўқ эди. Аммо ҳукуматимиз томонидан футболга берилаётган эътибор туфайли ҳозир ҳар бир ҳудудда дунё даражасидаги стадионларга эгамиз. Шунингдек, меҳмонхоналар масаласини ҳам ижобий ҳал қилиш имкони бор. Масалан, Андижон, Самар-қанд, Қарши ва Бухорода рисоладагидек меҳмонхоналар етарли. Шундай экан, Тошкентда ўтувчи ҳиссиз ўйинлардан кўра, водий ёки воҳада «аншлаг» ташкил қилган яхши эмасми?

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:22, 20.04.2015.
Ўқилди: 4437 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.