Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

“Реал” “Атлетико” тўсиғидан ўта оладими?

Баҳо:
+ | -

Бугун тунда Европа Чемпионлар лигасининг қолган иккита ярим финалчиси аниқланади. Кўпчиликнинг диққат эътибори Мадриддаги “Сантяго Бернабеу” стадионига қаратилади. Боиси ушбу майдонда Чемпионлар лигасининг ўтган йилги икки финалчиси тўқнаш келишади. Биринчи учрашувдаги нурсиз дуранг, жавоб ўйинида ҳам интигранинг сақланиб қолишини таъминлади. Хўш ярим финалга қайси жамоа чиқади? “Реал”ми ёки “Атлетико”? Бу борада бироз мулоҳаза юритиб кўрамиз.

“Реал” дастлабки ўйинда дуранг натижа қайд этиб келди ва шу тариқа “Атлетико” билан ўйинлардаги ғалабасиз сериясини 7 тага етказиб олди. Ўтган йили Чемпионлар лигасидаги мағлубият “Атлетико” футболчиларига шу қадар алам қилган кўринади, шундан сўнг улар “Реал”ни “кўрдим” дейишмаяпти. Анчелотти шогирдлари даставвал Испания суперкубогида, сўнгра Испания кубогида “Атлетико”га таслим бўлишди. Мамлакат чемпионатидаги ҳар иккала ўйинда ҳам Симеоне шогирдлари устун келишди. “Висенте Калдерон”даги 4:0 ҳисоби эса финалдаги мағлубият учун муносиб “ўч” бўлди. Анчелотти “Атлетико”ни мағлуб этиш йўлларини изламоқда. Бироқ Симеоне ундан кўра ақиллироқ чиқяпти.

Агар бугун “Реал” ғалаба қозона олмаса Анчелоттининг Мадриддаги “миссияси” ўз ниҳоясига етади. “Атлетико”нинг эса йўқотадиган нарсаси йўқ. Босим ҳам “Реал”да кўпроқ. Мана шу жиҳатлар ҳам бугун “матрасчилар”га қўл келиши мумкин.

Ушбу учрашувдан олдин Анчелотти ҳақиқий бош оғриғига дуч келадиган бўлди. Худди ушбу жамоага қарши чемпионатдаги охирги ўйиндан олдинги цингари. Энди у ярим ҳимояга кимни қўйиш ҳақидаги “ёқимли бош оғриқ”ларидан ҳам холос бўлди.

Биринчи ўйинда Марселонинг сариқ карточка олиши, уни жавоб ўйинида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Кўпчилик Марселонинг ўрнида Бейл ҳаракат қилиши мумкин деб турган пайтда, йўқ жойдан Гарет ҳам жароҳат олиб турибди. Жароҳатлар мавзусини Анчелотти тушларида ҳам муҳокама қилса ажаб эмас. Жамоа “мотори” сифатида эътироф этиладиган Модрич, вазиятларни йўққа чиқариб турса ҳам, фойдаси тегадиган Бензема ҳам жароҳат туфайли бугунги ўйинни ўтказиб юборишади.Асосий таркибдан 4 та йўқотиш. Агар рақиб “Гранада” ёки “Леванте” бўлганида бу муаммо бўлмас эди. Бироқ 7 ўйиндан бери мағлубиятга учрата олмаётган рақибга қарши бу жуда-жуда кўплик қилади.

Хўш уларнинг ўринларида кимлар ҳаракат қилиши мумкин?

Марселонинг ўрнини катта эҳтимол билан Коэнтрау эгалласа керак. Ярим ҳимояда эса Модричнинг ўрнига Лукас Силва тушиши мумкин. Иляраменди кутилган ўйин намойиш эта олмаяпти, Хедира эса ўйнашни ҳаёлига ҳам келтирмай қўйган. Силва йил бошида 3-4 марта асосий таркибда майдонга тушди ва жамоа ўйинига бироз мослашди. Шу боис ҳам у марказда Кроосга ёрдам берса керак. Қанотларда Иско ва Хамес ўйнаса, ҳужум чизиғида Роналдуга Чичарито шериклик қилиши мумкин. Охирги ўйинларда мураббий Мексикалик футболчига ишонч билдирмоқда ва уни бугун асосий таркибда кўрсак ажаб эмас. Таркибда шунингдек Хесе ҳам бор. Бироқ Анчелотти уни захирадан майдонга туширса ажаб емас. Карло ота “Реал”га келганидан бери кутилмаган қарорлар чиқариб туришига ўрганмаганмиз ва катта эҳтимолки бугун ҳам у таркиб борасида “сюрпризлар” тайёрламаса керак.

“Атлетико”да эса “Реал”га қараганда ҳаммаси жойида. Энг муҳими уларда ишонч бор. “Галактикос” сўзи бу жамоа учун қўрқинчи эмас. Аксинча “Галактикос” учун “Атлетико” “қўрқинчли туш”дир. Юқорида таъкидлаганимиздек “Матрасчилар” ортиқча босимдан ҳолилар. Улар бугун қарши ҳужум тактикасидан фойдаланадилар. Агар клуб 1 та гол уриб олса, уёғига жамоанинг ишлари бироз осонлашади. Годин бошчилигидаги ҳимоячилар Роналду-ю, Хамесларни тўхтатиб қолиш учун жон жаҳди билан кураш олиб боришади. Фақат катта саҳнага Рамос чиқиб кетмаса бўлгани.

Мободо “Реал” таркибида йўқотишлар бўлмаганида, ўйиндан олдин бироз устунлик улар томонида бўлар эди. Бироқ бугун ҳар иккала жамоанинг ҳам имкониятлари тенг десак алсо мулоға бўлмас. Бизни “дахшатли жанг” кутиб турибди ва унда ғолиб чиқиш учун фақатгина омаднинг ўзи камлик қилади. Ким таркиб ва тактикани тўғри танлай олса ғалаба ўшаники. Бугун майдонда иккала жамоа сафида ҳам 11 тадан футболчи ҳаракат қилишади. Бироқ ҳақиқий “жанг” уларни бошқариб турган икки мураббий ўртасида кечади. Ким Мадридда қоладий-ю, ким кейинги босқичга чиқиши ҳақидаги саволларга тунда жавоб оламиз.

Фурқат Юсупов
Манба:
www.Furkat.uz

Киритилди: 18:26, 22.04.2015.
Ўқилди: 5435 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.