“Пари Сен-Жермен”нинг барча етакчилари – ҳужумчилар Златан Ибраҳимович, Эдинсон Кавани ва Хавьер Пасторе, шунингдек мураббий Лоран Блан мавсум тугагач, клубни тарк этмасликлари маълум қилинди. Бу ҳақда клуб эгаси Носир Ал-Халайфий Le Parisien нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
“ПСЖ” Франция чемпионатида ғолиблик учун ҳамда Франциянинг иккала кубок мусобақаларида иштирокини давом эттирмоқда, бироқ жамоанинг Европа Чемпионлар лигасининг чорак босқичида “Барселона”дан мағлубиятга учраши баъзи ўйинчиларнинг жамоада қолишини шубҳа остига қўйганди.
Клуб хўжайини футболчиларни оммавий равишда сотиб юборишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Хусусан, Ибраҳимович учун кейинги мавсум амалдаги шартнома бўйича клубдаги охирги йили бўлади. “Бу ҳаттоки муҳокама ҳам қилинмайди. У биз билан кейинги мавсумда аниқ қолади. Пасторе ҳақида ҳам худди шу гапни айтишим мумкин. Кавани бўйича эса таклифларни кўриб ҳам чиқмайман”, дейди Ал-Халайфий.
Ал-Халайфий “Блан кейинги мавсумда жамоа мураббийи бўлиб қоладими?” деган саволга: “Албатта, қолади”, деб айтди ҳамда унга нисбатан айтилаётган танқидлар адолатсиз эканлигини қўшимча қилиб ўтди.
Шу билан биргаликда, Ал-Халайфий кейинги мавсумда жамоа таркибида ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини айтди ҳамда Италиянинг “Ювентус” клуби яримҳимоячиси Пол Погба бўйича музокаралар ўтказишни бошлаганини тасдиқлади.
Франция чемпионати якунланишига 5 тур қолганида “ПСЖ” 68 очко билан 2-ўринда кетмоқда. У худди шунча очко йиғган “Лион”дан қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолмоқда. Бироқ Париж клубининг ҳисобида битта захира ўйин бор.