Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Ари: «Барселона»дан қўрқмаймиз»

Баҳо:
+ | -

Россиянинг «Краснодар» жамоаси куни-кеча «Локомотив» (Москва) жамоасини мағлубиятга учратиб, чемпионатда иккинчи ўринни деярли нақд қилиб олди. Мазкур учрашувдан сўнг россиялик ҳамкасбларимиз «Красно­дар»­нинг бразилиялик ҳужумчиси Аридан интервью олишди. Қу­йида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- «Кубань» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Олег Кононов «Краснодар» орзуларига етишиш мақсадида янада олға боришини айтиб ўтди. Иккинчи ўрин - бу сизлар учун орзуми ёки ушалиб бўлган деб ўйлайсизми?

- Кўрсатаётган ўйинларимиз орзуларимизнинг амалга ошишига туртки бўлиб келмоқда. Иккинчи ўрин учун курашда ғолибмиз десак, ҳам бўлади. Лекин олдинда яна 5та тур бор, улардан 3тасини ўз майдонимизда ўтказамиз. Шубҳасиз барчасида ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз.

- «Локомотив» билан бўлган ўйин оғир кечди. Якунда пенальти эвазига 3 очко қўлга киритилди.

- Етакчи жамоалар билан беллашиш ҳар доим ҳам осон бўлмайди. «Локомотив» ҳозир аввалгидек ҳолатда эмас. ЦСКА ва «Локомотив» жамоаларини мағлуб этганимиз билан 2-ўринни 50 фоизга нақд қилиб олдик, дея оламан.

- «Краснодар»да маҳорат етишмовчилиги сабаб ЕЧЛда қатнашолмаслигини кўпчилик футбол иш­қибозлари таъкидлаб ўтишди. Уларнинг сўзларига қандай жавоб берасиз?

- Европа Чемпионлар Лигасига йўлланма олиш учун жамоа таркибида фақат Европа кубокларида қатнашган маҳоратли футболчилар бўлиши шарт эмас. Асосийси - жамоа кучли бўлиши лозим ва бу бизда кундан-кунга ривожланиб бормоқда.

Албатта, жамоамизга яна 1-2та тажрибали футболчиларни жалб қилсак яхши бўларди. Лекин ҳозирнинг ўзида ҳам Европа клублари билан тенг беллашишга куч ва маҳорат бизда етарли деб ўйлайман.

- Демак, «Барселона» билан курашишдан қўрқмайсиз?

- «Барселона» билан беллашишдан қўрқмаймиз. Жамоамиз Европа Лигасида ҳеч қайси жамоадан қўрқмаслигимизни кўрсата олди. Тенг курашлар олиб бордик. Гуруҳимизда кучли жамоалар жой эгаллашганди. Келаси мавсумда ЕЧЛ турнирида ҳам бундан-да яхшироқ натижаларга эришишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Фақат чемпионатда қоқилмасак бўлгани.

- Сиз «Краснодар»даги биринчи голингизни катта ҳис-ҳаяжонлар билан нишонладингиз. «Кубань» устидан қозонилган ғалаба сиз учун муҳим бўлишига сабаб нимада?

- Ҳа, дербида қозонилган ғалаба барча футболчи учун муҳим роль ўйнайди. Шу боис, ҳис-ҳаяжонлар ортиғи билан жумбушга келди.

- Демак, бу «классико»даги қозонилган ғалаба, «Спартак» ёки ЦСКАни мағлуб этгандан кўра муҳимроқми?

- Дербида қозонилган ғалаба ўзгача таъсир қилади. Кейин классикода етакчи ёки ўртамиёна жамоалар бўлмайди, кучсизлар мағлуб бўлишади, кучлилар ғалаба қозонишади. Бу ғалаба мухлислар учун ҳам қаттиқ таъсир қилади. Шунинг учун бундай учрашувларда ҳис-ҳаяжон ўзгача бўлади.

- «Кубань» устидан қозонилган ғалаба - баҳор фаслининг энг яхши ўйини деб ўйлайсизми?

- Шубҳасиз буни энг яхши учрашув, деб ҳисоблаган бўлардим. Биз нафақат дербида ғалаба қозондик, балки ЦСКАдан 4 очкога олдинлаб кетдик.

- Айтганча, ЦСКА билан бўлган биринчи учрашувда «дубл»га эришган эдингиз. Иккинчи ўйинда эса бу ҳолат кузатилмади.

- Асосийси - Москвадан очко олиб қайтдик. Агар бу учрашувда ҳам гол урганимда яхши бўларди. Кейинги мавсумда, албатта ҳаракат  қилиб кўраман.

- Ўйиндан қандай хотиралар сақлаб қолди?

- Фақат яхши хотиралар! 3 очко ва 2та гол - ўйлайманки, ажойиб натижа. Ғалаба бизга жуда керак эди. «Спартак» футболчиси эканлигимда ҳам ЦСКА бизга асосий рақиблардан эди. Шунинг учун бу жамоа устидан ғалаба қозониш ёқимли.

- «Спартак»да ўйнаганингизда ҳам ЦСКА дарвозасига гол урган экансиз. Нима, ЦСКА сизнинг гол ўтказувчи «мижоз»ингизми?

- Шундай деса ҳам бўлади (кулади).

- «Спартак»даги фаолиятингизда  «Зенит» ва «Рубин» жамоалари дарвозасига тўп киритиб, жамоангизни ғалаба билан таъминлаган экансиз. Сизни «етакчилар кушандаси», деб аташимиз мумкинми?

- (Узоқ кулиб) Ҳар бир ўйинда гол уришга ҳаракат қиламан. Тасодифни қарангки, етакчи жамоаларга қарши кечган баҳсларда буни уддалаганман.  Тажриба кўп нарсани ҳал қилади.

- ЦСКАдаги омадсизликларга жамоадаги молиявий муаммолар сабабми?

- Бундай деб ўйламайман. ЦСКА учинчи ўринда кетяпти ва ҳали ҳаммани ҳайрон қолдириб, биздан-да олдинга ўтиб кетишга қодир. Рақибнинг молиявий муаммоларини спортда гапириш мумкин эмас. ЦСКА барибир кучли бўлибгина қолмай, мухлислар меҳрини қозонган жамоалардан биридир.

- ЦСКА билан ўйин иккинчи ўрин масаласини ҳал қилди, деб ўйлайсизми?

- Ҳа, 6 очколик ўйин эди. Ғалабага мос ўйнадик. Лекин мухлислар босими озгина халақит берди.

- Краснодар дербисини Валерий Карпин стадионда томоша қилди. Айтишларича, у яқинда «Кубан»ни бошқариши мумкин экан. Валерий билан суҳбатлашмадингизми?

- Йўқ, қайси жамоада ишлаши билан қизиқиб кўрмаганман. Унга янги жамоа билан узоқ мураббийлик фаолиятини олиб борган ҳолда сов­ринлар ютишини тилайман. Карпин билан орамизда ҳеч қандай можаро йўқ.

- Артём Дзюбанинг айтишича, «Спартак»да ички муҳит яхши йўлга қўйилмаган экан. Собиқ жамоангиздаги ички муҳитнинг ёмонлашишига ким сабабчи бўлиши мумкин?

- Футболчиларни кўпроқ қўллаб-қувватлаш лозим. Улар бир-бирларига яхши муомалада бўлишлари шарт. Балки, бунга раҳбариятнинг ҳам таъсири бўлиши мумкин. Асосийси, жамоада футболчилар ўртасидаги муносабат яхши бўлиши керак. Бунинг учун мураббий жавобгар шахслардан бири ҳисобланади.

- Келинг, энди бошқа мавзуга ўтсак. Яқинда «Динамо» (Москва) ҳимоячиси Дуглас сизни Россия чемпионатининг энг яхши ҳужумчиларидан бири деб атади. Бу сиз учун чинакам совға бўла олдими?

- Бундан ортиқ яна қандай совға бўлиши мумкин! Бу йилги мавсумда кўп меҳнат қиляпман, умид қиламанки жорий йилда юқори натижаларга эришаман. Ижобий фикрлар учун Дугласга раҳмат айтаман. Сен ҳақинг­да билдирилган яхши сўзларни эшитиш жуда ёқимли.

- Биласизми, Дугласдан россиялик ҳужумчилар ичида энг яхшиси ким деб сўраганимизда сизни айтди. Афтидан, Дуглас сизни россиялик деб ўйлайди, менинг фикримча. Россия фуқаролигини олиш ниятингиз йўқми?

- Фуқаролик ҳақида ҳали ҳеч нима деёлмайман. Ҳозирда Бразилия фуқаросиман. Иккинчи фуқароликка муҳтожлик сезмаяпман. Қани кўрамиз, балким бу ҳақда ҳам ўйлаб кўрарман.

- Шахсан Арининг фикри бўйича россиялик ҳужумчилар орасида қайси бири энг яхши?

- Албатта, Кокорин!

- Яхши тўпурарлардан бири Игорь Портнягин ҳақида қандай фикрдасиз?

- Унинг ўйинларини кузатиш учун менда имконият бўлмади. Кучли футболчилигини билмайман, умуман кўрмаган бўлишим ҳам мумкин. Шу сабабдан унга баҳо беролмайман.

- Кокорин анчадан буён гол уролмаяпти...

- Бу ҳолат кўплаб футболчиларда кузатилиши табиий. Кокорин буни тез орада бартараф этишига ишонаман. Сашанинг кўп ўйинларини кузатганман, техникавий салоҳияти ва тезлигига гап йўқ.

- Сиз кўпинча ижтимоий тармоқларга якка тартибда ўтказган машғулотларингизни жойлаб турасиз. Буни бошқалар сиздан ибрат олиши учун оммага тарқатасизми?

- Шунчаки қандай шуғулланаётганимни кўрсатиш учун. Замонавий футболчилар якка тартибдаги машғулотлар ўтказиши ҳамда ўзини доим назорат қилиб туриши шарт. Менга бразилиялик бир физиотерапевт ёрдам бериб келади. Ҳақиқий профессионал инсон. Бундай мутахассислар яна Халк ва Неймар каби футболчиларда ҳам бор.

- Демак, ҳар куни якка тартибда машғулот ўтказиб турасиз?

- Йўқ, фақат бунга муҳтожлик сезганимда. Жароҳатларни четлаб ўтадиган машғулотларни кўп бора такрорлаб ўтамиз.

- Яқинда интернетга «Краснодар»­нинг ашаддий мухлисларидан бири билан биргаликдаги яна бир видеони жойладингиз...

- Ҳа, у билан ҳар бир ўйин олдидан кўришиб турамиз. Танишганимга кўп бўлган, мева дўконининг сотувчиси. Дўстим билан биргаликда футбол ҳақида гаплашиб, суратга тушиб турамиз. У ҳақиқий мухлис, ёши катта бўлишига қарамай, жамоа­нинг барча учрашувларига ташриф буюради.

- Диджейлик пульти ёнидаги суратингиз ҳам интернетда тарқади. Мусиқа эшитишни ёқтирасизми?

- Бу қандайдир байрамда эди, эслай олмайман. Пластинкадан кўра кўпроқ тўп билан муносабатим яхшироқ.

- Россияда энг машҳур Djлардан бири - собиқ футболчи билан танишмисиз?

- Нигматулинми? Русча исмларни эслаб қололмайман, кўпчилик исмини адаштириб юбораман. Уни кўрган бўлишим керак.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 22:49, 04.05.2015.
Ўқилди: 8436 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.