"Реал Мадрид" ўзи учун жуда зич ва оғир ўйинлар тақвимидан эсон-омон чиқиб кета олмади. "Валенсия" Мадридда "қаймоқранглилар"дан очко тортиб олишга муваффақ бўлди. Ўйин ўта қизиқарли ва ҳиссиётларга бой бўлди. Бугун "Сантьяго Бернабеу" дарвозаси устун ва тўсинлари "Реал"га хиёнат қилди...
Ўйиннинг 14-дақиқасида Бэйл томонидан йўлланган жарима зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтган бўлса, орадан 4 дақиқа ўтиб бурчак тўпидан кейин Пепе бош билан йўллаган зарбани яна тўсин ўзига қабул қилди. Орадан бир дақиқа ўтиб эса "Валенсия" ҳисобни очди. Хосе Гайя чап қанотдан етказган узатмани Алкасер яқин масофадан дарвозага жойлади.
Мезбонлар ҳали тўли ўзларига келиб улгурмасидан "кўршапалаклар" иккинчи голни нишонлашга муваффақ бўлишди. Майдон марказига яқин жойда белгиланган жаримадан етказилган узатмани Хави Фуэго бош билан дарвозага йўллади. Ҳар иккала голда Касильяснинг жамоасини қутқариши қийин эди, қутқара олмади ҳам.
"Мадрид" тезда ўзига келишга ҳаракат қилди. Аммо ҳа деганда тўп валенсияликлар дарвозасига киравермасди. Кейинги дақиқаларда эса катта саҳнага "Валенсия" дарвозабони Диего Алвес чиқди. Дастлаб у Бэйлнинг кучли ва мураккаб зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. Тайм тугашига 5 дақиқа қолганида Чичаритонинг 10-12 метрдан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди.
Ўйиндаги энг кульминацион вазиятлардан бири дастлабки бўлимга қўшиб берилган дақиқада юз берди. Чап қанотдан ҳаводан узатма берилган пайтда Гайя жарима майдончаси ичида Бэйлни итариб йиқитди ва ҳакам пенальти белгилади. Тўпни нуқтага Роналду ўрнатди. Португалиялик футболчи ортиқча таваккал қилиб ўтирмади ва кучли зарба билан ўнг бурчакка зарба берди. Меҳмонлар посбони зарбани қайтарди. Қайтган тўпни Роналду дарвозага йўллай олмади — унинг оёғига тўп тегмай қолди.
Иккинчи бўлимни "Реал" катта босим билан бошлади. 45 дақиқа ичида 3та гол уриш учун Анчелотти шогирдларига тезкор гол керак эди. Улар буни амалга оширишди: 56-дақиқада бурчак тўпини Пепе бош билан дарвозага жойлади!
"Валенсия" тушкунликка тушиб қолмаслик учун ўйинни майдон марказига кўчиришга ҳаракат қилди. Улар буни қисман уддалашди. Аммо улар ўйин охирига қадар ҳужум қилиш ёки тўпни назорат қилишни уддалай олишмасди. Сўнгги 15 дақиқа эса "Мадрид"нинг тўла устунлиги остида ўтди. Хамес жаримадан етказган узатмани Рамос бош билан дарвозага йўллаган паллада Алвес фантастик сэйв билан зарбани қайтарди. Кетма-кет ҳужумларнинг бирида Иско 25 метрлардан кучли зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
Бу пайтда ўйин якунланишига ҳали 6 дақиқа бор эди, ҳакам эса иккинчи бўлимга яна 5 дақиқа қўшиб берди. Бу вақт давомида Роналду эса икки марта жуда қулай нуқталардан дарвозани ишғол қила олмади. Ўз ўрнида захирадан майдонга тушган Альваро Негредо икки марта "Реал"ни кечирди.
Ўта муросасиз кечган ўйинда ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бораётган "Валенсия" муҳим бўлган 1 очкони қўлга киритди. "Реал" эса олтинга тенг бўлган 2 очкони йўқотди. Чемпионат тугашига 2 тур қолганида "Мадрид" "Барселона"дан 4 очкога ортда қолмоқда. Каталонияликлар навбатдаги турда "Атлетико" меҳмони бўлишади. Ушбу ўйиндаги 3 очко Энрике шогирдларини Испания чемпионига айлантиради. "Реал" эса 13 май куни "Ювентус"га қарши ўйинга яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қилади.
Испания Ла лигаси, 36-тур
Реал Мадрид – Валенсия 2:2 (0:2, 2:0)
Голлар: 0:1 – 19 Алькасер, 0:2 – 26 Фуэго, 1:2 – 56 Пепе, 2:2 – 84 Иско.
Реал Мадрид – Касильяс, Арбелоа (Карвахаль, 46), Рамос, Пепе, Коэнтрау (Марсело, 46), Иско, Хамес, Бэйл, Кроос (Ильярраменди, 25), Эрнандес, Роналду.
Валенсия – Диего Алвес, Барраган, Мустафи, Отаменди, Гайя, Гомеш (де Пауль, 78), Фуэго, Пьятти (Орбан, 90), Парехо, Фегули, Алькасер (Негредо, 69).
Огоҳлантиришлар: Гайя (16), Арбелоа (25), Эрнандес (45), Пепе (48), Рамос (58), Отаменди (58), Гомеш (73), Парехо (90).