22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига саралаш босқичидан ўрин олган "В" гуруҳида баҳслар бошланди. Бугун дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Иордания терма жамоаси Покистон устидан 5:0 ҳисобида зафар қучди. Гуруҳ фаворитларидан бири ҳисобланган Кувайт эса Қирғизистон дарвозасига йўл топа олмади — 0:0. Ушбу гуруҳда Туркманистон саралаш босқичида иштирок этишдан бош тортганди.
Натижада саралаш босқичи якуни бўйича гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоалар орасида 5-ўринни эгаллаб турган ва "В" гуруҳи натижаларини кутаётган Ўзбекистон олимпиячиларида дастлабки умид учқунлари пайдо бўлди. Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Ашурматов шогирдлари ўз гуруҳларида 6 очко жамғариб, 7-2 тўплар фарқини юзага келтиришган.
Энди "В" гуруҳида Кувайт 2-ўринни эгалласа, аниқ Ўзбекистондан орқада бўлади. Лекин улар гуруҳ ғолиблиги учун курашадилар. Вакилларимиз ОЧга чиқишлари учун энди Қирғизистон кейинги турда Иорданиядан 1 очко олишнинг уддасидан чиқиши лозим. Шунда сўнгги тур ўйинларидан қатъи назар жамоамиз қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, Рио-2016 йўлланмаси учун курашиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, саралаш ўйинларидан олдин Қирғизистон олимпия терма жамоаси Тошкентда йиғин ўтказиб, Ўзбекистон U22 ва Ўзбекистон U20 терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинларини ўтказди.