“Реал” жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти истеъфога чиқарилди. Бунга жамоанинг жорий мавсумда кўрсатиб келган омадсизлар ва совринларсиз қолиб кетганлиги сабаб бўлди. Натижада, клуб раҳбарияти Дон Карлони лавозимидан олишга мажбур бўлди. Эндиликда Анчелотти ўрнига бир қатор мутахассисларни тайинланиши хусусида гап-сўзлар юрибди. Қуйида Анчелотти ўрнига келиши мумкин бўлган мутахассислар борасида сўз юритамиз.
Юрген Клопп
Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси бошқарувидан кетган Юрген Клопп “Реал”ни бошқариши мумкин бўлган мутахассислардан бири ҳисобланади. Клопп сўнгги олти йил ичида “Боруссия”ни кучли жамоага айлантира олди. Натижада, клуб аввалги даражасига чиқа олди. Фақат, бу йил жамоанинг кўрсатган ўйинларида пасайишлар юзага келди ва бунинг оқибатида дортмундликлар натижаларида шўнғиш бўлганди. Шунга қарамай, “Реал” Клоппнинг хизматларига ишонмоқда ва у билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўймоқчи.
Рафа Бенитес
“Наполи”дан кетиши деярли аниқ бўлиб қолган Бенитес Испанияга қайтиши мумкин. Сўнгги маълумотларга қараганда, Бенитес “Реал” клуби раҳбариятини қўнғироқини кутмоқда. Испаниялик мутахассис ҳам кучли даражадаги ижрочилар билан яхши ишлай олади. Боз устига “қироллик” клуби презденти Флорентино Перес “Реал”нинг янги бош мураббийи испан тилини яхши билишини истамоқда. Бу эса Бенитеснинг имкониятларини янада оширади. Фақатгина, бунга “Реал”нинг истак ва хоҳиши бўлса бўлгани.
Фабио Капелло
Италиялик мутахассис “Реал”да илгари ишлаган ва клубга икки маротаба чемпионликни олиб берган. Шу сабабли Флорентино Перес Капеллони хизматларига яна кўз тикмоқда. Россия терма жамоаси бош мураббийининг “Реал”га келиши бироз қийинроқдек. Лекин мадридликлар ҳар қандай футболчи ёки мураббийнинг ақлини ўғирлайдиган даражада музокараларни олиб борадики, натижада исталган орзусига эришиб келади. Кўрамиз, Капелло “Реал”га яна қайтадимикан?
Хулен Лопетеги
“Порту” жамоасини бошқараётган Хулен Лопетегининг қисқа вақт ичидаги омадли иши “Реал”нинг назарига тушди. “Қироллик” жамоаси раҳбарияти Лопетегига қизиқиб қолди ва уни жамоага таклиф қилиши мумкин. Боз устига бу мутахассис “Порту”дан кетиши деярли аниқ бўлиб улгурган. Негаки, жамоа Чемпионлар лигасидаги муваффақиятли иштирокини инобатга олмаганда, ички чемпионатни “қуруқ” тарзда тугатди. Натижада, Лопетеги кетишга мажбур бўлиши кутилмоқда.
Зинедин Зидан
Зидан ҳам “Реал”ни бошқариши мумкин бўлган мутахассислар ичида асосий даъвогарлардан бири дея таърифланмоқда. Зидан клубнинг ёшларида ишламоқда. Эндиликда раҳбарият унга асосий жамоада фаолият кўрсатишига имконият тақдим қилмоқчи. Бироқ Зиданнинг ўзи буни қабул қилиш ёки қилмаслиги иккинчи даражали масала бўлиб турибди. Вазиятни диққат билан кузатишда давом этамиз. Негаки, Зидан “Реал”дек кучли жамоани қабул қилишга тайёрмикан? Шу масала айни пайтда асосий муаммолардан бири бўлиб турибди.
Иззатбек Абдуваҳобов тайёрлади.