«Манчестер Сити»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Бернарду Силва «Барселона» билан трансфер борасида келишувга эришган эди. Каталония клубида португалиялик футболчи «мақбул» миқдордаги маош олиши кутилган.
Бироқ «кўк-анорранглилар» 31 ёшли футболчига асосий таркибдан доимий жой кафолатланмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда El Chiringuito журналисти Хосе Альварес Гайя ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Манбага кўра, ҳатто бошқа клублар Бернардуни ўз сафига қўшиб олишга уринган тақдирда ҳам, «Барселона» ўз позициясини ўзгартириш ниятида бўлмаган. Чунки клуб раҳбарияти ярим ҳимоя чизиғидаги таркиб етарлича шаклланган деб ҳисоблаган.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари Бернарду Силва Мадриднинг «Реал» клуби таклифини қабул қилгани ва «қаймоқранглилар» сафига эркин агент сифатида қўшилишини хабар қилган эди.













