27 май куни тонгида Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА тизимида фаолият юритаётган ва муқаддам ишлаган 14 нафар футбол амалдорлари ҳибсга олинди. АҚШ Федерал қидирув бюроси бу шахсларни анча вақтдан буён кузатиб келгани айтилган.
Қўлга олинган 14 нафар шахснинг 7 нафари айни дамда ҳам ФИФА тизимида юқори лавозимларни эгаллаб турганди, яна икки нафари ФИФАдаги ишидан бироз олдинроқ истеъфога чиққанди. Яна беш нафар хизматчи эса соҳа мутахассислари ҳамда воситачилар экани маълум қилинган.
АҚШ прокуратураси бу шахсларни 24 йил давомида амалга оширилган порахўрлик ва пул ювиш жиноятларида айбламоқда. Қайд қилинишича бу жиноятлар давомида 100 млн доллардан ортиқ пул "айлантирилган".
Бу жиноятлар лойиҳаси АҚШ ҳудудида ишлаб чиқилгани ва АҚШдаги банклар орқали амалга оширилгани айтилмоқда.
Қуйида қўлга олинган юқори мартабали амалдорлар ҳақида кенгроқ маълумотлар берилган.
1. Жеффри Уэбб - ФИФА вице-президенти, КОНКАКАФ раҳбари. Кариб ҳавзаси минтақаси футбол иттифоқи ва Кайман ороллари Футбол уюшмаси раҳбари. 50 ёшда.
2. Эухенио Фигередо - ФИФА вице-президенти; КОНМЕБОЛ ва Уругвай Футбол федерациясининг собиқ президенти. 83 ёшда.
3. Жек Уорнер - КОНКАКАФнинг собиқ президенти, ФИФА вице-президентлигидан 2011 йилнинг 20 июнида бўштилган. 72 ёшда.
4. Эдуардо Ли - ФИФАнинг ижроий қўмитаси аъзоси, 2007 йилдан буён Коста-Рика Футбол федерацияси раҳбари.
5. Хулио Роча - ФИФАнинг ривожланиш бўлими офицери; Марказий Америка минтақаси Футбол иттифоқи ва Никарагуа Футбол федерациясининг собиқ раҳбари. 64 ёшда.
6. Костас Таккас – КОНКАКАФ президенти ёрдамчиси, Кайман ороллари Футбол уюшмасининг собиқ бош котиби. 58 ёшда.
7. Рафаэл Эскивел – КОНМЕБОЛ ижро қўмитаси аъзоси, Венесуэла Футбол федерацияси президенти. 69 ёшда.
8. Хосе Мария Марин - Футбол турнирлари ва Олимпия ўйинлари бўйича қўмита аъзоси. 2012 йилнинг мартидан 2015 йилнинг апрелигача Бразилия Футбол федерациясини бошқарган. 83 ёшда.
9. Николасу Леос – ФИФА ижро қўмитасининг собиқ аъзоси. КОНМЕБОЛнинг собиқ президенти, 86 ёш.
Бундан ташқари спорт маркетинги соҳасида мутахассис бўлган Алехандро Бурсако, Аарон Дэвидсон, Уго Жинкис, Мариано Жинкис ва амалдорлар ва маркетологлар ўртасида воситачилик қилган Хосе Маргулис ҳам ҳибсга олинган.