"Локомотив" - "Навбаҳор" учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжумани иккинчи қисмида "Локомотив" бош мураббийи Вадим Абрамов иштирок этди.
- Умуман олганда ўйин яхши ўтди. Агарда пенальтидан гол ура олганимизда бунчалик қийналмаган бўлардик. Одатдагидек бизга қарши майдонга тушадиган жамоалар орқароқда ҳаракат қилишмоқда. 2:0 ҳисоби жавоб беллашуви учун яхши натижа деб ҳисоблайман. Ҳимояда 11 киши ўйнаганда бундай қўрғонни ёриб кириш мушкул. Машғулотда ҳам буни синаб кўрдик.
"Фэйр-плэй"? Бу сафсата! Бу қоидани Европада ўйлаб топишган. Осиёда бу борада вазият тамомила бошқача. Араб жамоалари бизга меҳмон бўлишганида кўп гувохи бўлганмиз. Ўйинчи чарчаб баҳсни давом эттирмоқчи бўлмаса, майдонга ётиб олмоқда. Шу "фэйр-плэй"ми?! Футболчи ортга қайтиш ўрнига ётиб олмоқда. Бундан фақат футбол зарар кўрмоқда. Анелька қўли билан гол ургани ёдингиздами? Қани ўша ерда ҳалол ўйин?! Ҳар икки дарвозабонимиз учун майдонга тушишга имконият яратиб беряпмиз. Ким кучли бўлса, ўша асосий таркибга киритилади. Раҳматуллаев жарохат туфайли кўп ўйинларни қолдириб юборди. Бугун унинг холати қай даражада эканлигини билиб олиш мақсадида уни кузатдик. Аслида Дилшод ёмон ўйинчи эмас. Кейинги босқич вазифаси тўла бажарилди дейишга хали эрта. Футболда олдиндан бир фикр айтиш қийин. Янглишмасам "Нефтчи" "Насаф"ни аввалига 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, меҳмонда 5 тўп ўтказиб юборган.