Осиё Чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик кўраётган Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бугун Бирлашган Араб Амирликлар U-19 терма жамоасига қарши ўзининг илк назорат учрашувини ўтказди.
“Жар” стадионида ўтган беллашув кутилганидек қизиқарли ва ҳужумкор руҳда кечди. Иккала жамоада ҳам гол уриш учун жуда кўплаб вазиятлар юзага келди. Ўйин 3:2 ҳисобида ёшларимизнинг ғалабаси билан якунланди.
Биринчи бўлимда терма жамоамиз ҳужумчиси Миржаҳон Мираҳмадов чап қанотдан узатилган тўпни бош билан дарвозага жойлаб қўйди. Танаффусгача ҳисоб бошқа ўзгармади.
Иккинчи бўлим ҳам ёшларимиз учун омадли бошланди. Рақиб ҳимоячисидан чаққонроқ ҳаракат қилган Суҳроб Нуриллаев жарима майдони ичида ўзининг айланма зарбаси билан дарвозабоннинг узоқ бурчагини нишонга олди – 2:0.
Амирлик ёшлар орадан кўп ўтмай ҳисобни биттага қисқартиришга муваффақ бўлдилар. Тўп ўнг қанотдан жарима майдони ичига етказиб берилган паллада рақиб футболчиси ҳаводан келаётган тўпни шунчаки дарвозамизга тўғирлаб юборди. Шундан кейин меҳмонлар фаолликни ва ўйин темпини янада оширишди. Иккинчи голдан бизни дарвозабон ва дарвоза тўсини сақлаб қолди.
Футболдаги “сен урмасанг, сенга уришади” нақли кўп ўтмай ўз тасдиғини топди. Терма жамоамиз сардори, марказий ҳимоячимиз — Ислом Қобулов ҳужумга ўтиб, рақиб жарима майдони чизиғи устидан худди иккинчи голда бўлгани каби бурама зарба орқали дарвозабонни доғда қолдирди.
Аммо учрашувда 3:1 ҳисоби кўп сақланиб қолгани йўқ. Меҳмонлар тезкорлик билан ҳужумга ўтишди ва ҳисобни биттага қисқартиришди. Ўнг қанотдан уюштирилган ҳужумни амирлик футболчилар яна бош билан самарали якунига етказишди. Бу сафар икки нафар ҳимоячимиз рақиб ўйинчисини эътиборсиз қолдирди ва рақиб футболчиси осонлик билан дарвозамизни ишғол қилди.
Шу тариқа Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлар U-19 терма жамоасига қарши ўзининг илк назорат учрашувида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, Жасур Абдураимов бошчилигидаги жамоамиз БААга қарши иккинчи назорат учрашувини 31 май куни ўтказади.
Ўртоқлик учрашуви.
Ўзбекистон U18 - БАА U18 3:2.
Голлар: Миржаҳон Мираҳмадов (42), Суҳроб Нуриллаев (76), Ислом Қобулов (90) - Зайид ал Амри (86), Абдулраҳмон Ашкарий