Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

“Краснодар”нинг ёқимтойи

Баҳо:
+ | -

Sports.ru сайтининг “Green Bull” блогида қайдлар қолдирган краснодарлик блогерлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Россиянинг “Краснодар” клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг ўйинларидан илҳом олиб, унинг муваффақияти сабаблари ҳақида фикр билдиришди. Хўш, кўрайлик-чи, ҳамюртимизнинг қайси жиҳатлари русларда кўпроқ таассурот уйғотаётган экан...

Кучли сифатлари

1. Техник жиаҳатдан мукаммал, фаол, тезкор.

2. Ҳар мавсумда унинг номи тўпни олиб қўйиш борасида чемпионат етакчилари қаторида мунтазам зикр этилади.

3. Яккакурашлар чоғида тактик фол стратегиясини ажойиб, қайсидир жиҳатдан айёрона тарзда бажаради. Рақибини қўли билан ушлаб, ўз вақтида қўйиб юборишни яхши ўзлаштирган.

4. Кўп ҳолларда ўзига хос дриблингларни ўз вақтида амалга ошира олади.

5. Мабодо рақиб жамоа ҳужумчиси тўпни дарвозага қарама-қарши ҳолатда қабул қилиб олган бўлса, унга нисбатан қулай жой танлаб, зарур ҳаракатларни қилади. Натижада форвард ўгирилишга улгурмайди.

6. Албатта, узоқдан бериладиган кучли зарбалар. Аҳмедов ҳужумнинг иккинчи темпига қўшилишга устаси фаранглардан. Рақиб ҳимоячилари ўз дарвозаларига яқин жойлашиши натижасида вужудга келадиган бўшлиқда тўпни қабул қилиб олишга доимо ҳозиру нозир.

7. Жамоасининг ҳимоя чизиғида катта ҳажмдаги ишни бажариш баробарида кутилмаган фойдали қарорлари билан мухлисларни ҳайрон қолдиради.

8. Тўп учун курашда чапдаст, зарур вазиятда тезкор қарор қабул қилади. Жамоавий ҳужумларда фаол.

9. Универсал. Майдоннинг хоҳлаган чизиғида бемалол ўйнай олади. Мабодо мураббийлар Одилни ҳимоя марказида ўйнатишни жоиз кўришса, бу қарор ҳеч кимни ажаблантирмайди.

10. Борди-ю, тўпни олдириб қўйгудек бўлса, уни қайтариб олмагунича рақибини тинмай таъқиб этиши таҳсинга лойиқ. Фол қайд этиб бўлса-да, коптокни олиб қўйишга интилади.

Ўрганиши лозим бўлган жиҳатлар

1. Қаршисидаги рақиб ўйинчисининг қайси йўналиш бўйлаб ҳаракатланишини аниқлаш учун бир муддат тўхташ жоиз. Одатда, уни алдаб ўтганлар Аҳмедовга қарама-қарши ҳолатда турган бўлишади.

2. Ҳужум қилаётган рақиб ўйинчиси билан орадаги масофани сақлаб, керакли пайтда тўпни олиб қўйишга интилиш. Одилдек иқтидор эгасида бу борада хатолар учраб туради.

3. Гарчи ўйин пайтида Аҳмедов «айёрона фоллар»ни маҳорат билан ижро этса-да, рақиб жамоа ижросидаги стандарт вазиятлар чоғида бундай ҳаракатлари сезилмайди. Демак, бу ҳам бош қотиришга арзигулик масала.

Ўйин услуби

1. Ақлли, серғайрат, курашувчан... Замонавий футболнинг ажралмас қисмига айланган ишга лаёқатлилик, майдонда вазифасини бажариш чоғида турли режалар туза олишни ўзида мужассамлаштирган.

2. Барқарорлик ва креативлик (қисқа вақт ичида энг тўғри қарорга келиш) унга бегона эмас.

3. Аҳмедовнинг энг катта ютуғи – тўпни эгаллашдан аввал керакли қарорга кела олади. Бу хусусият унга қанотлар орқали тезкор ҳужумни бошлаш ёки қарама-қарши қанотга кўчаётган ҳужумни ривожлантиришда кўп асқотади.

Имкониятлари

1. Одил жамоасининг етакчиларидан бири сифатида жаҳоннинг энг кучли ўйинчилари қаторига кириш имкониятига эга. Сўнгги пайтларда Европанинг донгдор клублари скаутлари ўз жамоаларини кучайтириш мақсадида Россия премьер-лигасини мунтазам кузатиб боришмоқда. Эътиборлиси, уларнинг кўз остига олиб қўйганлар рўйхатида Аҳмедовнинг номи ҳам борлиги ҳам шубҳасиз.

2. Жисмоний тайёргарлиги маромида бўлса, Одил ўз жарима майдончасидан рақиб жамоа дарвозасигача ўйнаб кета олади. Буни бошқачасига box-to-box деб ҳам аташади. Хуллас, ўша сийқаси чиққан гап: энг яхши жиҳатларни сақлаган ҳолда уларни ривожлантириш керак.

3. Ҳар икки оёғида яхши ўйнаш олади. Аксарият ҳолларда тўпни олиб қўйиш чоғида дарвоза томон зарба бериш имконияти туғилади. Аммо баъзан мувозанатни йўқотиш оқибатида зарбалар кўнгилдагидек чиқмайди.

4. Тўғри, футболчининг даражаси унинг муайян ҳаракатларига қараб белгиланади. Аммо статистик кўрсаткичлар ҳам юксак салоҳиятдан дарак беради. Айнан шу статистика кўп жиҳатлар бўйича Аҳмедовнинг ўз амплуасининг тенгсиз ўйинчиларидан бири эканини исботлайди.

Инсоний фазилат, профессионал сифат

Бирор шахснинг инсонийлик сифатларига баҳо бериш учун у билан ҳамхона бўлиш шарт эмас. Чунки хатти-ҳаракат ва гап-сўзлар унинг табиати, феъл-атворидан дарак бериб туради.

«Анжи»да кузатилган шов-шувли пасайишдан бошқа кучли клублар унумли фойдаланиб қолишди. Айниқса, бу борада Одилга талабгорлар бисёр эди. Аммо, бошқа жамоадошларидан фарқли ўлароқ, у Махачқалъа клубига содиқ қолди. Шундай жасорат ва профессионалликни намойиш этган, ҳеч бўлмаса, беш нафар футболчининг номини санаб бера оласизми?

Ҳа, у кабилар саноқли. Бундай ҳаракат фаолиятнинг энг юксак чўққисида эмас, балки эндигина унга интилаётган паллада амалга оширилиши икки карра ҳурматга сазовор.

Русларнинг Одил Аҳмедов ҳақида тез-тез илиқ фикрлар билдиришаётгани қувонарли, албатта. Улар ҳамюртимизни яхши йигит, нафақат яхши йигит, балки жамоанинг ажралмас қисми сифатида жуда ҳурмат қилишади. Зеро, «Краснодар» клубининг сўнгги пайтлардаги барқарор ўйинлари, олға интилишида жамоанинг бошқа аъзолари қатори Одилнинг ҳам хизматлари беқиёс.

Ўткирбек УМАРОВ
Манба: Sports.uz
Киритилди: 19:44, 29.05.2015.
Ўқилди: 8926 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.