12-23 июнь кунлари Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал босқич ўйинлари бўлиб ўтади.
Мусобақанинг бу босқичига 1-лиганинг уч жамоаси – “Пахтакор-2”, “Оқ-тепа” ва “Обод” жамоалари етиб келган. “Обод” 1/8 финалнинг биринчи учрашувида “Бунёдкор” меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда мағлубиятга учради – 1:0. Жавоб ўйини 23 июнь куни ўтказилади.
“Оқ-тепа” ва “Пахтакор-2” клублари эса, режага кўра, 12-13 июнь кунлари мос равишда “Насаф” ҳамда “Бухоро”ни қабул қилиши керак. Олган маълумотларимизга кўра, иккала клуб ҳам ўйинлари ўз майдонида, яъни, сунъий қопламали майдонда ўтказишмайди. Катта эҳтимол билан “Оқ-тепа” рақибини “Жар”да қабул қилса, “Пахтакор-2” “Пахтакор” Марказий стадионида “Бухоро” билан ҳисоб-китоб қилади. 23 июнь куни бўлиб ўтадиган “Обод” – “Бунёдкор” учрашуви ҳозирча қаерда ўтказилиши номаълум.
1-лига клубларига ўз майдонида ўйнашга ПФЛ рухсат бермаган. Сабаб сифатида жамоаларнинг уй майдонлари олий лига талабларига жавоб бермасмиш. Ваҳоланки, улар олий лига эмас, биринчи лига клубларидир. Шундай экан, унда Ўзбекистон Кубогини 1-лига клублари учун “ёпиб” қўйган маъқул. Талабнинг ўзи бироз кулгули. Шунинг учун клублар бошқа майдонларда тўп суришга мажбур бўлишмоқда. Бундан кўпроқ олий лигага чиқишни истаётган “Обод” ва “Оқ-тепа” зарар кўрмоқда. Боиси, ҳар иккала жамоа ҳам ўз майдонида ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсата олади. Катта эҳтимол билан “Бунёдкор” ва “Насаф”га бу ўйинларда осон бўлмасди. Энди бу клублар ўзлари учун бегона бўлган майдонда қандай натижа кўрсатади, бу ёғини 12-23 июнь кунлари кўраверамиз.