Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

БФК ва сирли компания ўртасидаги ғалати келишув

Баҳо:
+ | -

Яқинда «Спортс.ру» сайти ходимлари Бразилия футбол конфедерацияси (БФК) ва ISE компанияси ўртасидаги келишувни синчковлик билан ўрганиб, ундаги ғалати шартларга гувоҳ бўлдилар. Хўш, уларни ажаблантирган антиқа келишув нималарни ўз ичига қамраб олган экан?

КОМПАНИЯНИНГ БФКГА ҚЎЙГАН ТАЛАБЛАРИ
Келинг, гапни чўзиб ўтирмасдан россиялик ҳамкасбларимизнинг диққатини ўзига тортган жиҳатлар билан танишиб чиқайлик. 

1. БФК ва ISE ўртасидаги шартнома 2006 йили имзоланган бўлиб, унда асосан Бразилия терма жамоаси иштирокида ўтадиган ўртоқлик ўйинларини компания бошқариши ўзаро келишиб олинган. Айтиш керакки, ундаги шартлар анча вақт жамоатчиликдан сир тутилган. Томонлар 2011 йили ўртадаги битимни 2022 йилга қадар узайтирганлар. Келишувга БФКнинг ўша пайтдаги президенти Рикардо Тейшейра имзо чеккан.

2. ISE компанияси Кайман оролларида рўйхатдан ўтказилган. Қизиғи, унинг офиси ҳам йўқ. Компаниянинг ҳужжатларида фақат қуйидаги манзил ёзиб қўйилган холос: Катта Кайман, Харбур Драйв кўчаси.   Почта қутисининг рақами 1111. Маълум бўлишича, ISE Яқин Шарқдаги «Dallah Al Baraka» конгломерат таркибига киради. «Dallah Al Baraka»нинг умумий ходимлари сони эса 38 минг кишини ташкил этади.  

3. Компания БФК олдига шундай шарт қўйган бўлиб, ўртоқлик ўйинларида Бразилия терма жамоаси таркибига энг зўр футболчилар киритилиши керак.

4. Шундай мақомдаги бир учрашув учун БФКнинг ҳисоб рақамига 1,05 миллион доллар ўтказиб берилади. Агар кучли ўйинчилардан бири таркибга жалб қилинмайдиган бўлса, бу сумма ISE томонидан тенг яримга қисқартирилади. 

5. Мабодо, футболчилардан бири узрли сабаб (жароҳат, бетоблик) туфайли ўйинда қатнаша олмайдиган бўлса, БФК буни ISEга тиббий маълумотномалар ёрдамида исботлаб бериши шарт. 

6. Бразилия терма жамоаси иштирокидаги ўртоқлик мақомидаги ўйинни телетрансляция қилиш ва уларни баҳолашни компания белгилайди. Агар БФК томонидан бу масалада қоида бузилса, футбол амалдорлари сирли компанияга товон пули тўлайдилар. Бундай товон пулининг қиймати «атиги» 1 миллион долларни ташкил этади. 

7. Ўртоқлик ўйинлари учун чиқариладиган чипталарнинг нархини компания белгилайди ва бор даромад унинг ҳисоб рақамига ўтказилади. 

8. Тақдир тақозосига кўра ўртоқлик учрашуви қандайдир сабабларга кўра ўтказилмай қолса ёки беллашув ниҳоясига етказилмаган тақдирда БФК ISEга 2 миллион доллар миқдорида товон тўлайди.

9. ISE агар истаса, амалдаги шартномани бошқа компанияга сотиб юбориш ҳуқуқига эга. БФКга эса бундай ваколат берилмаган.

10. Компания мутасаддилари қўшимча даромад олишни истаб қолсалар, БФКдан терма жамоа аъзолари иштирокида ўтадиган машғулотларни томоша қилиш истагидаги мухлисларни пул эвазига ўша жойга қўйишларини талаб қилиши мумкин. Бундай кезларда бош мураббийнинг рози бўлиш ёки рози бўлмаслиги эътиборга олинмайди. Шунингдек, ҳар бир учрашувдан сўнг БФК компания вакилларига ўйинчиларнинг дастхатлари туширилган 10 та футболкани топшириши шарт. 

11. Келишув шартлари бошқалардан сир тутилиши керак.

БФКГА ШУНДАЙ КЕЛИШУВ ШАРТМИ?
Дарҳақиқат, юқоридаги маълумотлардан кейин ҳар қандай ишқибозда шундай савол туғилади. Албатта, футбол бизнес турига айлангани боис манфаатдорлар томонидан шу руҳдаги келишув кишини ажаблантирмаслиги мумкин. Чунки бизнеснинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Лекин масаланинг бошқа томони борлигини унутмаслик керак. Яъни, бундай шартлар остида терма жамоа бош мураббийининг ихтиёри ўзида бўлмай қолади. Одатда бош мураббийлар расмий учрашувларга ўртоқлик мақомидаги беллашувлар орқали тайёргарлик кўриб, турли тактикаларни амалда қўллайдилар. Табиийки, бундай чоғларда бош мураббий таркибда эксперимент ўтказишга ҳаракат қилади. БФК ва ISE ўртасидаги келишув туфайли Бразилия терма жамоасининг устозида танлаш имконияти йўқ. 

Тўғри, томонлар ўртасидаги битимга мувофиқ бундай шартларга ўртоқлик ўйинларида амал қилинади. Шу боис атрофдагиларда «Хўш, бунинг қандай ёмон томони бор?» деган эътироз туғилиши табиий. Аммо терма жамоа устози учун бундай талаблар бамисоли жазо чорасидек туюлиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик керак. Мано Менезес, Луис Фелипе Сколаридан кейин эндиликда Дунга шундай шароит остида ишлашга мажбур бўлмоқда. Хабарингиз бор, яқинда Жанубий Америка чемпионати ўтказилади. Айтишларича, Дунга терма жамоада ўзини қулай ҳис қила олмаяпти. Ўзингиз яхши биласиз, пентакампенонлар устози қатъий характерга эга. У жаҳлини чиқарган ҳар қандай киши билан қўйиб берса ёқалашишга тайёр туради. Бироқ ўртоқлик мақомидаги ўйинлар ўтказилиши арафасида Дунга барибир БФКнинг талабига бўйсунишга мажбур. Негаки, БФК ҳатто ўз офисига эга бўлмаган ва бошқалар учун сирли туюлган компаниянинг талабларига сўзсиз итоат қилиб келмоқда. Ваҳоланки, БФК билан шу масалада жон деб ҳамкорлик қилишни истайдиган компаниялар етарлича топилади. Айтишларича, ISE билан келишувга эришилмасдан олдин «Kentaro» компанияси БФКга 10 йиллик келишув учун 132 миллион доллар таклиф қилган экан. Лекин нимагадир футбол амалдорлари ISEни танлашга қарор қилганлар. 

Ж.ҒУЛОМОВ тайёрлади.

Манба: arena.uz
Киритилди: 23:33, 07.06.2015.
Ўқилди: 7244 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.