Аввал хабар берганимиздек, Жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичи ўйинлари арафасида турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11 июнь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Эрон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Ушбу ўйин Ўзбекистон ҳамда Эрон терма жамоалари ўртасидаги олтинчи учрашув бўлади.
Бугунга қадар бу жамоалар турли мусобақалар ҳамда ўртоқлик ўйинлари доирасида беш бора тўқнаш келишган.
Бу ўйинлардан учтасида Эрон терма жамоаси устун келган бўлса, бир бора Ўзбекистон ғалабага эришган. Бир учрашув эса дуранг билан нихоясига етган.
Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари доирасида қайд этилган энг йирик ҳисоб — 4:0. Айнан шу ҳисобда эронликлар Бангкокда бўлиб ўтган ХIII Осиё ўйинлари чорак финалида ғалабага эришган.
Ўзбекистоннинг Эрон устидан бугунга қадар қозонган ягона ғалабаси Жаҳон Чемпионати-2014 саралаш ўйинлари доирасида Теҳронда бўлиб ўтган учрашувда юз берган. Улуғбек Бақоевнинг голи ушбу ўйинда Ўзбекистонга ғалаба келтирган эди.
Бош мураббий Миржалол Қосимовнинг Эронга қарши ўртоқлик учрашуви учун миллий терма жамоага жалб этган футболчилар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиб олишингиз мумкин.
Таркибга эътибор қаратсак, унда жиддий жароҳатидан сўнг тикланиб, яна юқори даражадаги ўйинларини намойиш эта бошлаган Шоҳрух Гадоев яна миллий терма жамоасидан чақирув олганини, шунингдек, ушбу мавсумда ўзини ёрқин намоён этиб келаётган ёш футболчи Икром Алибоев ҳам мамлакатнинг асосий терма жамоаси сафига чорланганини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Ўзбекистон – Эрон ўртасидаги ўртоқлик ўйини, “Бунёдкор” стадионида, 11 июнь куни, соат 18:00да бошланади. Ўйин учун чиқарилган чипталар стадион кассаларида сотилмоқда. SIP тоифали чипталар нархи 30 000 сўмдан, қолган барча чипталар эса 13 000 сўмдан.