Чили суди 17 июнь куни Ferrari автомобилида маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисасига учраган Туриннинг “Ювентус” жамоаси футболчиси Артуро Видални озод этди. Бу ҳақда италиялик журналист Танкреди Палмери ўзининг Twitter`даги саҳифасида маълум қилди.
Суд Чили терма жамоаси яримҳимоячиси Видални 120 кунга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этди ҳамда унинг зиммасига ҳар ой мамлакатнинг Миландаги консуллигига ташриф буюриш мажбуриятини қўйди. Спортчи суд йиғилишида ўз қилмишидан афсусдалигини, вовқеадан олдин казинода дам олиб, икки бокал коктейл ичганини тан олди. “Мен бутун Чили халқидан узр сўрайман”, деб айтди футболчи.
Goal порталининг маълумотларига кўра, Чили терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Сампаоли юз берган кўнгилсиз воқеага қарамай футболчини Америка Кубоги-2015 мусобақасида иштирок этиш учун терма жамоа сафида қолдиришга қарор қилди. “У хатога йўл қўйди, бироқ мен уни жамоадан четлатишга жиддий сабаб кўрмаяпман”, деб айтди бош мураббий.
Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни Видаль Чилининг Сантьяго шаҳри яқинида рафиқаси билан аварияга учради. Футболчи ва унинг рафиқасига ҳеч нарса қилмаган. Улар тиббий кўрикдан ўтгандан кейин футболчи маст ҳолатда бўлгани сабаб ҳибсда ушлаб турилди.