Ҳарри Кейн «Олтин тўп»ни қўлга киритди. «Бавария» ва Англия терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппени атиги 40 очкога ортда қолдирди. Шунингдек, Кейн Бундеслигада 36 та гол ургани учун «Олтин бутса» совринига ҳам эга чиқди.
33 ёшли футболчи фаолияти якунланганидан кейинги ҳаёти ҳақида ҳам ўйлай бошлаган. Шу боис у Англияда улкан уй қурмоқда. Фаолиятини тугатгач, Кейн оиласи билан шу ерга кўчиб ўтишни режалаштирган.
Уч йилда 24 миллион евролик қаср
2023 йилда Ҳарри Вентворт элит турар жой мажмуасидан 6 миллион фунт стерлингга катта қаср сотиб олган. Ушбу ҳудуд юз йилдан ортиқ вақтдан бери бой англияликлар орасида машҳур. Вентвортнинг илк яшовчиларидан бири Агата Кристи бўлган. Кейинчалик бу ерда қироллик оиласи аъзолари, спортчилар ва йирик тадбиркорлар ҳам уй-жой сотиб олишган.
Мажмуа ўзининг махфийлиги ва улкан гольф клуби билан машҳур. Шу сабабли бу ердан Жон Терри, Андрей Шевченко ва сэр Элтон Жон каби машҳур шахслар ҳам уй харид қилган.
Қасрни сотиб олганидан кейин Кейн эски бинога бузишга киришган ва ҳудудни қайта қуришни бошлаган. Уч йил давомида футболчи учун улкан мулк барпо этилди. Унинг қиймати 20 миллион фунт стерлингга, яъни тахминан 24 миллион еврога баҳоланмоқда.
Маҳаллий аҳоли бинодаги меъморий услубларнинг ўхшашлиги сабабли уни Букингем саройи билан таққосламоқда.
Икки қаватли уй бутун оила учун мўлжалланган. Унда алоҳида ҳаммом ва кийиниш хоналарига эга тўртта ётоқхона бўлади.

Уйда бутсалар учун алоҳида хона бор
Қасрнинг биринчи қаватида футбол бутсаларини сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш учун махсус хона ажратилган. Кейн рафиқаси учун эса макияж ва парвариш ишларига мўлжалланган алоҳида хона ташкил этган.
Бундан ташқари, бинода хизматчилар учун иккита ётоқхона ва ҳашаматли бурама зинапоялар ҳам кўзда тутилган.
Ер остида кинотеатр, бар ва гольф майдони
Қасрнинг энг қизиқарли қисми ертўлада жойлашган. Кейн бу ерда меҳмонларни қабул қилиши ва дам олиши мумкин. Бунинг учун у ер остида кичик кинотеатр, бар, дам олиш ҳудудлари ва ҳатто гольф ўйнаш учун махсус хона қурдирган.
Ушбу хонада виртуал муҳитда гольф зарбаларини машқ қилиш имконини берувчи симулятор ўрнатилган. Инфрақизил камералар ва сенсорлар гольф таёқчасининг ҳаракатларини қайд этади ҳамда тўпнинг ҳаракат траекториясини катта экранда акс эттиради.
Кейн ушбу тренажёр учун 200 минг доллар сарфлаган. Қизиғи, унинг уйи мамлакатдаги энг яхши гольф клубларидан бирига атиги 10 дақиқалик масофада жойлашган.
Ертўлада футболчи учун спорт зали ва бешта автомобиль сиғадиган гараж ҳам бор. Кейн йирик кроссоверларни яхши кўради. Шунинг учун гаражга махсус ҳаракатланувчи платформа ўрнатилган. У автомобилларни чиқиш томонга қаратиб буради ва тор жойда орқага юриб манёвр қилиш заруратини йўқотади.
Англиялик футболчи фақат ушбу мослама учун 20 минг фунт стерлинг тўлаган.
Роналдуникидан фарқли равишда, Кейн жонли тўсиқ танлади
Қаср атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш жараёнида ҳам қийинчиликлар юзага келган. Кейннинг асосий талабларидан бири ҳудуднинг тўлиқ дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўлган.
Бироқ Вентворт қоидалари уй эгаларига бетон ёки темир тўсиқлар қуришни тақиқлайди. Криштиану Роналдунинг уйи билан боғлиқ вазиятдан фарқли равишда, Кейн бегона кўзлардан ҳимояланишнинг бошқа йўлини топган: у қаср атрофини буталар ва баланд игнабаргли дарахтлардан иборат жонли тўсиқ билан ўраб олган.
Яна бир муаммо экологик талаблар билан боғлиқ бўлган. Қаср табиатни муҳофаза қилиш ҳудудида жойлашгани сабабли қурилиш ишлари экологлар билан келишилган. Уларнинг кўрсатмасига биноан, ҳудудда кўршапалаклар учун махсус қўниш жойлари ҳам ташкил этилган.













