Бугун Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида теннис бўйича мукофот жамғармаси 644,065 еродан иборат турнир ўз якунига етади. Хабар берганимиздек, мусобақанинг бош соврини учун кечадиган финал баҳсида ҳамюртимиз Денис Истомин иштирок этади.
Мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси фаолиятидаги илк ATP титулини қўлга киритишга яқин турибди. Бунинг учун у бугун америкалик Сэм Куэррини мағлуб этиши керак бўлади. Кеча ўтказилган ярим финалда Куэрри украиналик Александр Долгополовни 4:6, 6:3, 7:5 ҳисобида доғда қолдирди.
Таққослаш учун Сэм дунё рейтингида 44, Денис эса 92-поғонадан жой олган. Лекин Истомин финалгача бўлган барча учрашувларда рейтингда ўзидан юқорида турган рақибларини мағлуб этди. Бугунги финал баҳси Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланади. Ноттингем турнири ғолиби 79,345 евро мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади.