Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Самвел Бабаян МТЖ устози: «плюс» ва «минус»лар

Баҳо:
+ | -

23 июнь куни ўзбек футболида тарихий ўзгаришлар рўй берди: шу пайтгача миллий терма жамоани бошқариб келган Миржалол Қосимов ЎФФдаги навбатдаги йиғилишдан сўнг лавозимини бошқа бир мутахассис - Самвел Бабаянга топширди. Шу муносабат билан биз муҳим воқеликка икки томонлама назар солдик. Яъни, Самвел Вячевлавовичнинг МТЖ бош мураббийлигига тайинланиши қандай ижобий ва салбий натижаларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида тахминлар қилиб кўрдик.

«Плюс»лар

Самвел Бабаяннинг терма жамоа бош мураббийлиги вазифасига тайинланишининг ижобий жиҳатлари бисёр. Жумладан, у ёш иқтидорларни ўз вақтида аниқлаб, улардан нафақат рақобатбардош, балки етакчи жамоа туза олиши мумкинлигини «Пахтакор» мисолида намойиш эта олди. Бабаян ташаббуси билан йўлга қўйилган клуб таркибини асосан ёш иқтидорлар эвазига шакллантириш сиёсати дастлаб танқидларга юз тутди. Аммо «шерлар» қисқа муддат ичида мамлакат чемпионлигини қўлга киритиб, бу борадаги шубҳалар ўринсиз эканини исботлашди.

Самвел Вячеславович талабчан ва меҳнаткаш мураббий бўлгани ҳолда қўл остидаги футболчилардан ҳам айнан шу сифатларни талаб қила олади. Асосийси, Бабаян - ҳақиқий руҳшунос. Зарур паллада ҳар бир футболчи билан индивидуал тарзда шуғулланиб, унинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир ўтказадиган керакли сўзни топа олади. Бу саъй-ҳаракатлар «Пахтакор»нинг сўнгги мавсумлардаги муваффақиятларида муҳим омил вазифасини ўтади. «Шерлар» курашувчанлик ҳисси, ғайрат-шижоат, ғалабага бўлган иштиёқ борасида ҳам олий лигада етакчилардан ҳисобланишади.

Ҳозирда «шерлар»дан Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев, Егор Кримец сингари терма жамоа сафига номзод футболчилар мазкур хабардан қувонишгани табиий. Мабодо термамизнинг кейинги баҳсларида бош мураббий уларни таркибда кўришни хоҳлаб қолса, ўйиндан аввал берилган кўрсатмаларни ўзгача иштиёқ билан бажаришлари турган гап. «Пахтакор» клубида доимий тартиб ва ҳамжиҳатлик ҳукмрон. Мураббий ва футболчилар бир-бирларини нигоҳлари орқали тушунишади. Ушбу ўзгаришларда эса Самвел Вячеславовичнинг хизматлари беқиёс. Умид қиламизки, мазкур услуб терма жамоамизга ҳам қўлланилади.

Бундан ташқари, ҳар бир ўйинга рақибнинг имкониятларини тўғри чамалаган ҳолда ўзига хос тарзда ёндошиш, стратегик нуқтаи назардан тўғри тактика танлай олиш, ўйин вақтида зарур ўзгаришларни киритиш эвазига жамоа ўйинини кучайтира олиш хусусиятлари Самвел Вячеславовичда мужассам. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Бабаяннинг ҳозиргача тўплаган тажрибаси миллий терма жамоанинг келгусидаги ғалабалари учун замин яратиши эҳтимоли юқори.

Ҳозиргача бош жамоамизда ишлаган бошқа мутахассислардан фарқли томони, дангаса, тартиб-қоидани менсимайдиган, маълум сабабга кўра формасини йўқотган футболчилар то мазкур нуқсон-камчиликларни бартараф этишмагунча Бабаян жамоа­си таркибидан жой олишолмайди. Аниқроғи, бир-иккита учрашувда ўз ўйинини топа олмаётганларга навбатдаги бир имкон бериб, таваккал қилиш Самвел Вячеславовичга мутлақо бегона. У асосан юқори спорт формасига эга футболчилар хизматидан фойдаланади. Бир сўз билан айтганда, термада фақат натижа кўрсата оладиганлар ўйнайди. Мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган жамоа учун эса бу омил ғоят муҳим.

Яхши маънода тажовузкор, бир нима талаб қилдими, ўша нияти амалга ошмагунича ўзи ҳам тинмайди, бошқаларни ҳам тинч қўймайди. Мазкур жиҳат миллий терма жамоанинг ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш вақтида муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз бош жамоасидаги мавжуд муаммони ҳал қилишда яна бир бор маҳаллий, айниқса, Бабаян сингари юксак салоҳиятга эга мураббий хизматига таянилаётгани бир жиҳатдан тўғри. Мундиал ва Осиё кубогига саралаш баҳслари ўзининг қизғин палласига кириб улгурган бир паллада хориждан мутахассис жалб этиш мақсадга мувофиқ эмас. Бинобарин, унинг то ўзбек футболига кўникиб, терма жамоа либосини кийишга муносиб ўйинчиларни саралагунига қадар кўп вақт йўқотиб қўйишимиз мумкин.

Шу жиҳатдан ҳам, футболимиз ютуқ ва камчиликларидан яхши хабардор бўлган Самвел Бабаяннинг терма жамоа бош мураббийи лавозимига лойиқ кўрилишини тўғри қарор сифатида қабул қилсак, ўринли бўлади.

 

«Минус»лар

Биз юқорида Самвел Бабаяннинг терма жамоа бош­қарувидаги тахминий «плюс»лари ҳақида фикр юритдик. Энди эса рўй бериши мумкин бўлган «минус»лар борасида ҳам тўхталамиз.

Очиғини айтиш лозим, КХДРга қарши ўйиндан, аниқроғи, кутилмаган мағлубиятдан сўнг Миржалол Қосимовнинг истеъфога чиқишини талаб қилувчилар сони кескин кўпайди. Кўпчилик ҳамкасбларимиз ва мухлисларнинг кенг жамоатчилиги терма жамоамизга хорижлик мураббий олиб келинишини исташди. Аммо ЎФФ бу гал ҳам чет эллик мутахассисга эҳтиёж сезмади. Ваҳоланки, бутун дунё футболи тезлик ва ақлли футболга таяниб ривожланаётган бир вақтда бошқалардан ортда қолмаслик учун термамизни маҳаллий эмас, европалик бирор-бир кучли тактик салоҳиятга эга мураббий қўлига топширганимиз маъқул эди. Ана, Япония термасига бир қаранг! Японлар шундоқ ҳам Осиё­да яққол фаворитлар бири ва улар бизга ўхшаб, ЖЧ-2018га қандай чиқиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришмайди. Улар учун футболларини жаҳон даражасига олиб чиқиш муҳимроқ. Ана шунда жамоа ўз-ўзидан қитъада етакчиларнинг бири бўлиб қолаверади. Японлар шу мақсад йўлида нима қилишди? Узоқ муҳокамалардан сўнг еврофутбол ҳавосида тобланган Воҳид Халилхожични бош жамоа мураббийи қилиб сайлашди. Тасодифни қарангки, янги мураббийнинг илк ўйини айнан термамизга қарши ўтди ва унда қандай натижа қайд этилганини барчамиз яхши биламиз. Лекин куни кеча японлар Ироқ термасига қарши майдонга тушишди ва шундай ўйин кўрсатишдики, бундай сифатли футбол билан ЖЧ-2018га нафақат чиқиш, балки медаллар учун ҳам бемалол даъво қилса бўлади. Ўша ўртоқлик ўйинида япон футболчилари биртепар услубда худди роботлардек мукаммал ҳаракат қилишди. Бу - мураббийнинг иш самараси бўлмай, нима?! Шундай экан, биз ҳам японлардан ўрнак олсак, бўлмасмиди?

Самвел Вячевлавовичга ҳурматни тўла сақлаган ҳолда айтамизки, мураббий алмашгани билан терма жамоамиз ўйинида ва таркибида кескин ўзгаришларни кўра олмасак керак. Айниқса, ҳужумлар ва уларни самарали якунлаш борасида жиддий ривожланишдан умид қилиш қийин (терма жамоамиз эса айнан шу томондан оқсаётгани ҳаммага аён). Негаки, янги бош мураббий ҳам ҳужум борасида айтарли мақтана олмайди. Агар бунинг акси бўлганида, «Пахтакор» ОЧЛ­да муносиб иштирок этган бўларди. Ахир, пойтахтликлар ҳам вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида муаммоларга учраганини баримиз кўрдик, ҳис қилдик.

Ўйга толдирадиган сабабларнинг яна бири - янги мураббийнинг халқаро майдонлардаги тажрибасизлиги. Зеро, у «Пахтакор» мураббийлигини, бошқача айтганда, жамоадаги барча масъулиятни ўз бўйнига олганига ҳали кўп бўлмади ва бу йилги ОЧЛ баҳсларида тажриба тўплади, холос. Минг афсуски, илк халқаро турнирдаги натижалар мақтанишга арзимайдиган даражада.

Қолаверса, унинг янги вазифага ўтиши терма жамоага номзод «Пахтакор» футболчиларига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир қилиши ҳам мумкин. Чунончи, қайсидир футболчилар мураббий улардан нима истаётгани тезда илғаб олишлари, яна баъзи футболчилар эса терма жамоадаги ўрин кафолатлангандек ўз устларида ортиқча ишламай қўйишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Хулоса

Албатта, юқоридаги фикрлар ҳозирча фақат тахминлар, холос. Ўзгаришлардан сўнг барчамиз учун ғоят аҳамиятли бўлган МТЖнинг натижалари қандай бўлишини олий ҳакам - вақт кўрсатади. Умид қиламизки, улар бизни фақат қувонтиради. Акс ҳолда, янгиланиш ва ўзгаришларнинг содир бўлишидан маъно қолмайди. Бизга эса ана шу маъно жуда-жуда ҳам керак эди...

И. Раҳимов, Ў.УМАРОВ, InterSPORT  газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:53, 28.06.2015.
Ўқилди: 6233 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.