Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Глеб: "Капелло нима қилиб берди? Слутский - яхшироқ!"

Баҳо:
+ | -

Беларусь футболи тарихидаги энг яхши ўйинчи Александр Глеб яқинда «СЭ» нашри илтимосига кўра, махсус интервью берди. Ғарбий Европада муносиб фаолият юритган Саша суҳбат чоғи Россия термаси раҳбарияти Фабио Капеллони бош мураббийликка чорлаб, хато қилганини таъкидлади, Александр Кокориннинг «Арсенал»да ўйнаб кетиш имконияти ҳақида фикр юритди. Эслатиб ўтамиз, руслар Евро-2016 саралаш босқичи доирасида Австрия термасига ютқазишдан олдин айнан ён қўшнилари билан назорат учрашуви ўтказиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

- Россия термаси таркиби билан яқиндан танишиб чиқдингизми?

- Йўқ.

- Кўринишидан, ЖЧ-2014дан сўнг одамлар рус миллий жамоасига жиддий қарамаяптилар, чоғи...

- Бундай эмас. Шунчаки, менга кимга қарши ўйнашнинг аҳамияти йўқ эди. Боз устига, ҳозирги жамоадан ҳеч ким билан таниш ҳам эмасман. Мисол учун, Погребнякни чақиришмади...

- ... Ҳа, зеро, у ЖЧдан сўнг Капелло истеъфога чиқиши кераклигини очиқ айтганди.

- Бундай гап-сўзларни муҳокама этишни истамайман, аммо факт шуки, Россия термаси Бразилияда чиндан ҳам, ўта ношуд кўринди. Аслида шахсан мен айнан шундай бўлишини тахмин қилгандим. Ўйлашимча, йирик турнирларда кўп нарса футболчиларнинг савиясига эмас, балки уларнинг менталитетига боғлиқ бўлади. Мана, Россияда яхши футболчилар кўп, аммо руҳият масаласида муаммолар бор.

- Демак, омадсизликда Капелло айбдор эмас, шундайми?

 Мен саволни бошқача бўярдим: мамлакатда муносиб маҳаллий мутахассислар бўла туриб, терма жамоага хориждан мураббий ёллашнинг нима зарурати бор? Тўғриси, бу масалада РФИни сира тушунолмайман. Шахсан мен легионер мураббийларни ҳеч қачон ёқламайман.

- Сабаб нима?

- Россияни олайлик, у алоҳида менталитетга эга мамлакат. Дуч келган хорижлик у ерда яхши ишлаб кетолмайди. Ҳарқалай, легионер мураббийларнинг жамоада нормал муносабат ўрнатолмаганлари хусусида кўп эшитганман. Футболчилар хорижликларнинг талабларидан норози бўлишган, жанжаллашишган ва ҳоказо...

- Кимни назарда тутяпсиз?

- Спаллетти, Эмери... Мана, Эмери «Спартак»дан кетиб, «Севилья» билан дарҳол ЕЛ ғолибига айланди. Хорижликларнинг айниқса, Россияга ўхшаган мамлакатларда ишлашлари қийин. Миллий жамоани бошқаришда асосийси нима? Футболчилар билан яхши алоқа ўрнатиш, соғлом муҳитни шакллантириш. Машғулотлар жараёнига алоҳида ёндашув зарур. Терма жамоа - бу клуб эмас. Футболчилар атиги 3-4 кунга йиғиладилар. Ана шу қисқа вақтда жамоани муайян ўйинга муносиб тайёрлаш керак. Энди айтингчи, шундай ҳолатда Капеллога ҳожат борми? У нима қилиб берди?

- Хўш, Капелло бўлмаса, унда ким?

- Ҳар қандай ҳолатда, италиялик мутахассисдан кўра, яхшироқ натижа таъминлай оладиган россиялик мураббийлар бор.  Айтайлик, Слуцкий. Шахсан менга унинг бошқарувидаги ЦСКАнинг ўйин услуби ёқади. Менимча, Слуцкий мураббийлигида Россия термаси нисбатан томошабоп футбол кўрсатарди. Капелло жамоани қандай шайлантиришини билмайман. Аммо мураббий она тилингда гапирмаса, унинг таъсири паст бўлади, барибир. Ўзи Капеллони нимага чақиришган? Фақат катта пул тўлаш учунми?

- Боз устига, унга маош тўлашда муаммолар юзага келди.

- Ўйлашимча, дон Фабиода пул етарли ва тўловларнинг кечиктирилаётгани уни ортиқча хавотирга солмайди.

- Кўплаб мураббийлар бу масалада бир хил гап айтишяпти: «Бундай ҳолатда шартномани шунчаки, бекор қилардим».

- Фикримча, Капеллодек буюк мураббийга пул туфайли кетиш ярамайди. У бу борада ўзини муносиб тутди. Мисол учун, мен «Коньяспор»да илк марта маош тўлови кечиктирилишидек қийин ҳолатга дуч келганман. Ёқимсиз, аммо чидаса бўлади. Ҳамма умумий вазиятни тушуниб сабр қилганди. Испанияда эса йилда 2 марта маош бериларди. Яъни шартномада кўрсатилган сумманинг ярми ёзда, қолган қисми қишда тўланарди.

- Футболчилар бундай шароитда ниманинг ҳисобига яшашади?

- Эҳтимол, қолган клубларда бошқачадир, аммо «Барселона»да айнан шундай тизим мавжуд эди. Эсимда, бир сафар карточкамдан фойдаланмоқчи бўлдим, бироқ қарасам, пули йўқ. Ҳайрон қолдим: «Маошим ҳали тушмабди-я...». Кейин машғулотлар чоғи Анрининг ёнига бориб, секин сўрадим: «Маошни қачон ўтказишаркин?» У эса мени тинчлантирди: «Хотиржам бўл. Бу ерда қоида шунақа, ҳаммасини битта қилиб оласан». Натижада Германиядаги ҳисоб рақамимдан пул олиб туришимга тўғри келганди.

- Агарда Капелло ва Хацкевичнинг иш жойларини алмаштириш имконияти туғилса, бунга рози бўлармидингиз?

- Албатта, йўқ. Нега алмаштириш керак? Бу билан ҳеч нарса ўзгармайди-ку. Мен жамоамизга айнан Хацкевични тайинлашганидан хурсандман. Фақат бу ўзгариш гуруҳдан чиқиш имкониятини деярли йўқотган давримизга тўғри келгани ачинарли ҳолат.

- Айни пайт Лондоннинг«Арсенал» клубида ўйнаб кетишга қодир россиялик ёки беларуслик бирор футболчини кўряпсизми?

- Яхши футболчилар бор - бунга шубҳа йўқ. Бироқ ҳозирча барчани ҳайратга соладиган даражадаги бирор футболчи кўзга ташланмади. Айтайлик, олдинроқ россияликлар орасида Аршавин яққол ажралиб турарди. Айни пайт эса унинг савиясига тенг ўйинчи йўқ.

- Александр Кокорин-чи?

- Унинг иштирокидаги 1-2та ўйинни кўрдим. Иқтидорли йигит. Бироқ «Арсенал» таркибида ўз жойини топишини ишонч билан айтолмайман. Бунда кўп нарса мураббийнинг ишончи ва футболчининг  машғулотлар, турли қийинчиликларга нисбатан муносабатига ҳам боғлиқ. Айтишим мумкинки, «Арсенал»да ёқимтой футболчилар йўқ. Клубда бундай иқтидорлар жуда кўп - бутун  таркиб, 30 нафар футболчи. Агар кимдир тер тўкиш ва ниманидир исботлашга тайёр бўлсагина таркибга кириши мумкин.

- Акс ҳолда...

- Унда тезда «синади» ва ортга қайтишни хоҳлаб қолади. Бироқ салоҳиятингни синаб кўрмасанг, аслида нималарга қодирлигингни билмайсан. Иккинчидан, Россияда озгина иқтидори бор йигитларга ҳам етарлича ҳақ тўлашади. Европа клублари эса бундай ҳотамтойлик қилишмайди. Ҳарқалай, ўзини ҳали кўрсатмаган ўйинчига кўп маош белгиламайдилар. Футболчи эса ҳаммасини тарозуга солиб, ўйлайди: «Нима зарурати бор хорижга чиқиб? Шу ерда ҳам бинойидек пул топяпман-ку. Жонимни қийнаб, нима қиламан?» Шундай экан, футболчиларда Европанинг йирик клубларига ўтиш иштиёқи йўқ.

- Ҳозир шундай футболчилар ўрнида бўлганингизда, қандай йўл тутардингиз?

- Битта мисол: «Штутгарт»га борганимда сариқ чақага тенг маош олганман. Нақ 1 йил давомида ойига атиги 2,5 минг доллар беришган. Буни зўрға етказардим. Уй ижараси учун тўлов, турли харажатлар... 2001 ёки 2002 йили Россия клубларидан бирининг вакиллари ёнимга боришган. Бекорга эмас - ақл бовар қилмас даражада манфаатли шартнома таклиф этишган. Ўша вақт ўлчови бўйича жуда катта сумма эди, тўғриси, бундан ақлимни йўқотаёзганман, ҳатто. Лекин таклифни рад этиш учун куч топганман, барибир. Чунки бундеслигада энди-энди ишим юришаётган, мураббий - Феликс Магатнинг ишончини қозона бошлагандим. Хуллас, ўша вақтдаги қароримдан ҳеч қачон афсусланмаганман, афсусланмайман ҳам.

- Ўз интервьюнгизда Магатнинг қаттиққўллигини айтиб, шундай чўчитдингизки, оқибатда «Спартак» унинг номзодини олиб ташлади, гўё...

- Бир томондан, ишончим комил, Магат «Спартак»ни юқорига кўтара оларди. Аммо иккинчи томондан, унинг юкламалари чиндан ҳам - даҳшат.

- Ўзингизга қайтсак, «Генчлер- бирлиги» клубидан бутунлай кетдингизми?

- Ҳа. Яқин орада мароқли ҳордиқ чиқармоқчиман. Балиқ овига бораман, денгизда сайр қиламан. Хуллас, бўш вақтимни оилам ва дўстларим даврасида ўтказмоқчиман.

- Таътилдан кейинги режалар қандай?

- Кўрамиз. Айни пайт муайян битта вариант устида бош қотирмаяпман. Асосийси, футбол ўйнаш иштиёқим ҳамон кучли, яна саломатлигим ҳам бунга имкон беради. Демак, футболдан кетиш ниятим йўқ.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:48, 29.06.2015.
Ўқилди: 2847 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.