Мадриднинг “Реал” клуби посбони, жамоанинг тирик афсоналаридан бири Икер Касильяс узоқ вақт давом этган мунозаралардан сўнг жамоасини алмаштирди. У энди кейинги мавсумни Португалиянинг “Порту” клубида давом эттиради. Бу трансфер кўпчиликнинг эътиборини тортгани тайин, чунки шу вақтга қадар Икер “Реал”нинг алмаштириб бўлмас аъзоси сифатида эътироф этиларди. Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Касильяснинг “қироллик клуби”га кўрсатган хизматлари беқиёс. У Мадрид клуби билан кўплаб ютуқларни қўлга киритди. «БИЗНЕС Online» нашри ушбу посбоннинг собиқ жамоаси сафида ўтказган 16 финалини чоп этди. Қуйида ана шу финалларга тўхталиб ўтамиз.
1-финал. 2000 йилнинг 24 майи. УЕФА Чемпионлар лигаси. «Реал» — «Валенсия» — 3:0
Биринчи муҳим ўйинини Икер 19 ёшини нишонлаганидан тўрт кун кейин ўтказди. Мазкур матчда Мадрид жамоаси фаворит деб ҳисобланаётган бўлса-да, “Валенсия” ҳам чакки ўйин кўрсатмаганди. Айнан шу матч, шу финал Икерга машҳурлик шоҳсупасини тақдим этди. “Реал”нинг ўша пайтдаги биринчи рақамли посбони Сантьяго Канисареснинг ўрнига майдонга тушган Касильяс ўша вақтдаги бош мураббий Висенте дель Боскенинг ишончини тўлиқ оқлади ва клубнинг яна бир собиқ посбони, 1990 йилги жаҳон чемпиони Бодо Илгнерни захирага михлаб қўйди. Энг муҳими, Икер шу йили ўзининг биринчи совринини қўлга киритди.
2-финал. 2001 йилнинг 22 августи. Испания суперкубоги. «Реал» — «Сарагоса» — 3:0
Биринчи ўйинда дель Боске кўп йиллик тажрибага эга бўлган Сесар Санчесга ишонч билдирганди. Аммо ушбу посбон қониқарсиз ўйин кўрсатгач, мураббий яна Икерга юзланди. Ёш дарвозабон ажойиб ўйин кўрсатиб, жамоасининг суперкубог соҳибига айланишига муносиб ҳисса қўшди. Якунда Раулнинг 15 дақиқа ичида киритган хет-триги жамоага ғалаба келтирди.
3-финал. 2002 йилнинг 15 майи. «Байер» Германия — «Реал» — 1:2
Мазкур тўқнашувни Касильяс захирада бошлади. Ўйиннинг 68-дақиқасида Санчес жароҳат олганидан кейин уни алмаштирди. Бу вақтда ҳисоб 1:2 кўринишини олганди. Икер қолган дақиқаларда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олди.
4-финал. 2002 йилнинг 3 декабри. Қитъалараро кубок. «Реал» — «Олимпия» (Парагвай) — 2:0
Аслида, мазкур ўйиндаги интрига 14-дақиқада, Роналдо ва Раул комбинацияси голга айланганидаёқ ўлиб бўлганди. Тўғри, Парагвай клуби ўйин темпини ўшлаб туришга, барқарорликни таъминлашга ҳаракат қилди, лекин Икернинг маҳорати туфайли рақиб дарвозасини ишғол эта олишмади. Иккинчи гол эса ҳаммасини ҳал қилди. Икер клуб сафида яна бир ажойиб ютуқни қўлга киритди.
5-финал. 2003 йилнинг 27 августи. Испания суперкубоги. «Реал» — «Мальорка» — 3:0
Мазкур финал Касильяс учун биринчи аламли учрашув бўлган, у илк марта финалда биттадан кўп тўп ўтказиб юборган. “Мальорка”нинг икки нафар аъзоси: Брюггинк ва Это’О Икерни ранжитишнинг уддасидан чиқишган. Аммо «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтган жавоб учрашувида «галактикос» ғалабани илиб кетган: Рауль, Роналдо ва Бекхэмнинг голлари “қироллик клуби”га ғалаба келтирди.
6-финал. 2008 йилнинг 29 июни. Европа чемпионати. Германия — Испания — 0:1
Ушбу унвонни бутун Испания 44 йил кутган. Мазкур ўйинда германиялик посбон Йенс Леманнинг омадсиз ўйини ҳам “қизил фурия”нинг ғолиб бўлишига кўмаклашиб юборди. Чорак финалда Италия терма жамоасининг иштирокига якун ясалди: пенальтилар сериясида де Росси ва ди Наталеларнинг зарбалари маҳоратли дарвозабон томонидан бартараф этилди.
7-финал. 2008 йилнинг 24 августи. Испания суперкубоги. «Реал» — «Валенсия» — 4:2
Бу ўйин Мадрид клуби учун жуда қийин ўтганди. Матчнинг 53-дақиқасида бош ҳакам Эдуардо Итурральде Гонсалес ван Нистелройни майдондан четлатди. Бунгача у биринчи таймда ван дер Вартга ҳам қизил карточка кўрсатишга улгурганди. Натижада “Валенсия” яхшигина устунликка эга бўлди. Бу вақтда таблода 1:1 ҳисоби ёниб турарди. Биринчи ўйинда “Реал” (3:2) ғалаба қозонганди. Жавоб учрашуви якунланишига 15 дақиқа қолганда Серхио Рамос муҳим голлардан бирини киритди. Энди жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаши керак эди ва буни Касильяс муносиб уддалади. Шу билан бирга ўйиннинг 88-дақиқасига қадар “қироллик клуби” тўққиз киши бўлиб қолишига қарамасдан, ҳисобни 4:1 кўринишига келтиришди. Ўйин охирларида киритилган автогол (Фернандо Морьентес) эса ўйин натижасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади.
8-финал. 2010 йилнинг 11 июли. Жаҳон чемпионати. Голландия — Испания — 0:1
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, агар Икер бўлмаганида Испания бу ғолибликни қўлга кирита олмасди. Негаки, мазкур посбон кўплаб вазиятларни бартараф этди, хусусан, матчнинг 62-дақиқасида рақиб футболчиси Уэсли Снайдернинг зарбасини қайтариб, Испанияни муқаррар голдан сақлаб қолди.
Мусобақа якунида эса Касильяс 7 та ўйинда атиги 2 та гол ўтказиб юборган ҳолда, «Лев Яшин» совринини қўлга киритди (энг яхши дарвозабон сифатида).
9-финал. 2011 йилнинг 20 апрели. Испания кубоги. «Барселона» — «Реал» — 0:1
“Месталье” стадионидаги ўйинга қадар “Реал” 18 йилдан бери Кубокни қўлга кирита олмаётган эди, аммо мазкур қора анъана Касильяс билан бирга йўққа чиқарилди. Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, олдинги турнирларда: 2002 ва 2004 йилларда Касильяс захирада қолдирилган, “Реал” эса “Депортиво” ва “Сарагоса”га имкониятни бой берганди.
10-финал. 2012 йилнинг 1 июли. Европа чемпионати. Испания — Италия — 4:0
Италия терма жамоаси ярим финалда Германияни мусобақадан чиқариб юборгач, кўпчилик Испания учун финалда жуда қийин бўлишини башорат қилаётган, ҳатто Марио Балотелли “Испанияга камида иккита гол ураман”, деб мухлисларга ваъда ҳам бериб юборганди. Аммо испанларнинг ажойиб ўйини ва Касильяснинг фантастик ҳаракати якунда Италиянинг шармандали тарзда мағлубиятга учрашига сабаб бўлди. Икер мазкур матчда жами олтита хавфли зарбани бартараф этди.
11-финал. 2012 йилнинг 29 августи. Испания суперкубоги. «Реал» — «Барселона» — 2:1
Анхель ди Мариянинг голи биринчи суперкубокнинг биринчи ўйинида “Реал”нинг нисбатан қулайроқ натижа қайд этишига сабаб бўлган, ўшанда “Ноу Камп”да кечган матчда мезбонлар 3:2 ҳисобида зафар қучишганди. Мадрид клубини эса жавоб ўйинида кичик ҳисобдаги ғалаба ҳам қониқтирарди. Якунда эса “қироллик клуби” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
12-финал. 2014 йилнинг 16 апрели. Испания кубоги. «Реал» — «Барселона» — 2:1
Мазкур учрашувда Икер яхшигина тер тўкишга мажбур бўлди. Ґатто 85-дақиқада дарвозасидан тўп олиб чиқишга ҳам мажбур бўлди. Аммо “Реал”нинг уэлслик футболчиси Гарет Бейлнинг ажойиб голи “Реал”га ғалаба келтирди.
13-финал. 2014 йилнинг 26 майи. Чемпионлар лигаси. «Реал» — «Атлетико» — 4:1
Бу мавсумда жамоа бошқарувини ўз қўлига олган Карло Анчелотти Икерга, асосан, кубок матчларида майдонга тушиш ҳуқуқини берганди. Икер эса бу ишончни оқлади, “Реал” Чемпионлар лигаси финалида “Атлетико”ни мағлуб этди..
14-финал. 2014 йилнинг 12 августи. Европа суперкубоги. “Реал” — “Севилья” — 2:0
Бу финал матчида Икернинг маҳорати ва Роналдунинг дубли “Реал”га бош совринни тақдим этди.
15-финал. 2015 йилнинг 20 декабри. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати. «Реал» — «Сан-Лоренсо» (Аргентина) – 2:0
Касильяс “Реал” сафидаги охирги ютуғини айнан шу матчда қўлга киритди. Бу Икернинг муваффақиятли якунланган 15-финали эди.
Интернет материаллари асосида НИЗОМ тайёрлади.