Сайтимизда олдинроқ “Барселона” ҳужумчиси Лионель Мессининг ўтган мавсумдаги “хет-трик”лари ҳақида маълумот бериб ўтган эдик. Бу сафар эса “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг 2014/15 йилги мавсумда Испания чемпионатида қайд этган “хет-трик”, “покер” ва “пента-трик”лари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
1. “Депортиво” – “Реал Мадрид” 2:8
Гол урган дақиқалари: 29, 41, 78
Сана: 20.09.2014
“Реал” чемпионатнинг дастлабки 3 ўйинидан 2 тасини бой бергач, “Депортиво” билан ўйинда рақибини алсо аяб ўтирмади. Шу куни стадионга ташриф буюрган мухлислар 10 та голга гувоҳ бўлишди. “Қироллик клуби” томонидан урилган саккиз голнинг учтаси Криштианунинг ҳисобига ёзилди. Бу Роналдунинг мавсумдаги дастлабки “хет-трик”и эди.
2. “Реал Мадрид” – “Эльче” 5:1
Гол урган дақиқалари: 28 пен, 32, 80 пен, 90+2
Сана: 23.09.2014
“Депортиво”ни тор-мор келтирган Роналду ва “Реал” орадан 3 кун ўтиб “Эльче”ни ҳам янчиб ташлади. Бу сафар ҳам катта саҳнага португалиялик ҳужумчи чиқди. У ҳар иккала бўлимда меҳмонлар посбонини икки мартадан ранжитиб “покер”га эришди. Роналду голларининг иккитасини пенальтидан киритди. Шу тариқа форвард икки кун ичида ўз ҳисобига 7 та гол ёздириб қўйди.
3. “Реал Мадрид” – “Атлетик” 5:0
Гол урган дақиқалари: 2, 55, 88
Сана: 5.10.2014
Кришнинг мавсумдаги учинчи “хет-трик”ини “Атлетик” қабул қилиб олди. Билбаоликларга қарши кечган беллашувда португалиялик ўйин бошланганидан икки дақиқа ўтиб илк голини урган бўлса, учрашув ниҳоясига етишига икки дақиқа қолганида ўз номини учинчи бора таблога ёздириб қўйди.
4. “Реал Мадрид” – “Сельта” 3:0
Гол урган дақиқалари: 36 пен, 65, 81
Сана: 06.12.2014
Роналдунинг 2014-йилдаги охирги “хет-трик”И “Сельа” билан ўйинга тўғри келди. Виголикларга қарши кечган ўйинда “Реал” 3 та тўп киритди ва барча гол Криштиану ҳисобига ёзилди. Футболчи биринчи бўлимда пенальтидан ҳисобни очган бўлса, иккинчи таймда яна икки бор зафар қучди.
5. “Реал Мадрид” – “Гранада” 9:1
Гол урган дақиқалари: 30, 36, 38, 54, 89
Сана: 05.04.2015
Роналду ҳаётидаги энг эсда қоларли ўйин. Боиси Криштиану ўз фаолияти давомида илк бора "пента-трик” қайд этди. “Гранада”га қарши ўйинда у биринчи таймда 8 дақиқа ичидаёқ учта гол уриб, ўзининг энг тезкор “хет-трик”ини нишонлади. Иккинчи бўлимда эса яна 2 бора зафар қучди. Дарвоқеа, “Галактикос” мавсум давомида иккинчи маротаба бир ўйинда 10 та гол киритилган ўйин ўтказди.
6. “Севилья” – “Реал Мадрид” 2:3
Гол урган дақиқалари: 36, 37, 69
Сана: 02.05.2015
Роналдунинг энг севимли рақиби бу “Севилья” десак алсо муболаға бўлмайди. Боиси португалиялик қаторасига беш мавсумдан буён Андалусияликлар билан ўйинда “хет-трик”ка эришиб келмоқда. “Севилья” билан сафарда бўлган ўйинда Криштиану ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қилди. Унинг учта голи Мадридликларга муҳим 3 очкони туҳфа этган эди.
7. “Эспаньол” – “Реал Мадрид” 1:4
Гол урган дақиқалари: 59, 83, 90+1
Сана: 17.05.2015
Чемпионат тугашига бир тур қолганида “Реал” сафарда “Эспаньол” меҳмони бўлди ва йирик ғалабага эришди. Учрашувда Роналду яна уч бора зафар қучди. Эътиборли жиҳати у ана шу голларини ўйиннинг охирги 30 дақиқасида киритди. Бироқ бу “хет-трик” хурсандчилик улашмади. Айнан шу турда “Барса” чемпионликни нишонлади.
8. “Реал Мадрид” – “Хетафе” 7:3
Гол урган дақиқалари: 13, 32, 34 пен
Сана: 23.05.2015
Мавсумнинг сўнгги ўйини ҳам Роналду учун омадли келди. У “Хетафе” билан ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ “хет-трик” қилди. Агар иккинчи таймда карло Анчелотти уни алмаштирмаганида балки иккинчи бор “флеш” урармиди. Криштиану май ойидаги 4 ўйиннинг 3 тасида “хет-трик” қилди ва ҳақли равишда ойнинг энг яхши футболчисига айланди. “Реал” эса бир мавсум давомида учинчи бора 10 та гол урилган ўйинда иштирок этди.
Қизиқарли фактлар
1. Роналду мавсум давомида 35 ўйинда 6 та “хет-трик”, 1 та “покер” ва 1 та “пента-трик” қайд этди.
2. Ана шу 8 ўйинда у 27 та голга муаллифлик қилди. Жамоаси эса 45 та гол урган.
3. Роналду 3 та ва ундан ортиқ гол урган ўйинларда урган 27 та голининг 14 тасини биринчи, 13 тасини эса иккинчи таймларда урган.
4. Ҳужумчи икки ўйинда биринчи ва яна бир ўйинда иккинчи таймда учтадан гол урган.
5. Роналду “хет-трик" қилган ўйинларда ҳаммаси бўлиб 4 та голини 11 метрлик жарима зарбасидан кейин амалга оширган.
6. Футболчи “хет-трик”ларининг 5 тасини “Сантяго Бернабеу”да, қолган 3 тасини эса сафардаги ўйинларда нишонлаган.
Фурқат Юсупов тайёрлади
Манба: www.Furkat.uz