Мана, Европада янги футбол мавсуми старти ҳам яқинлашиб қолди. Бироқ «Спорт» телеканалидан ҳеч қандай садо чиқмаяпти. Кўринишидан, биз яна еврофутболдан бебаҳра қоламиз, шекилли. Ҳарқалай, трансляция масаласида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаяпти. Агарда кучли бешлик сирасига кирувчи чемпионатлар ва ЧЛ|ЕЛ ўйинларини олиб кўрсатиш имкони топилмаётган экан, мен оддий мухлис сифатида битта муқобил вариантни таклиф этмоқчиман. Шахсий фикримча, Россия премьер-лигаси ҳам мухлисларимизни етарлича қизиқтирса керак. Ўйлашимча, руслар билан келишиш унча қийинчилик туғдирмайди, кейин бунга катта маблағ ҳам кетмайди. Ҳа, дейлик, ЦСКА-«Зенит» ўйини икки дунёда ҳам «Эль-класико» ўрнини босолмайди. Аммо бу йўқдан кўра яхши-да, барибир. Мисол учун, бизда ҳамюртимиз Одил Аҳмедовнинг клуби - «Краснодар»га қизиқиш ниҳоятда баланд. Бу жамоанинг ўйинлари етарлича аудитория йиғади, деб ўйлайман. Қолаверса, таркибида Вагиз Галиулин ўйнайдиган «Уфа» бор. Агарда Россия чемпионати трансляцияси йўлга қўйилиб, айнан «Краснодар» ва «Уфа» иштирокидаги ўйинларга кўпроқ урғу берилса, «Спорт»га нисбатан эътирозлар пича пасаяди, менимча. Шунингдек, БАА, Қатар лигалари каби Осиё чемпионатларига ҳам эътибор қаратиш мумкин. Ҳар ҳолда, мухлисларимизнинг футболга бўлган ташналикларини қандайдир йўл билан қондириш керак-ку. Эҳтимол, айни пайт турли ўртоқлик ўйинларининг кўрсатилаётгани ҳам яхшидир. Аммо учрашувларга қизиқиш даражасини ҳам ўйлаш зарур. Ахир «Спорт» телеканалининг вазифаси эфир вақтини шунчаки, тўлдириш эмас, балки юртимизда спорт, хусусан, футболга қизиқишни кучайтириш, ёшларга илҳом бағишлайдиган ўйинларни олиб бериш-ку...
Жўрабек Султонов, Бағдод тумани.