Россияда бўлиб ўтадиган 2018 йилги Жаҳон чемпионати финал босқичига қуръа ташлаш маросими Москвада 2017 йилнинг декабрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда “Россия-2018” ташкилий қўмитасининг бош директори Алексей Сорокин журналистларга маълум қилди.
2018 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичига қуръа ташлаш 25 июль куни Санкт-Петербургдаги Константинов саройининг сарой-боғ ансамбли – Романовлар оиласининг собиқ қароргоҳи ҳудудида бўлиб ўтди.
Сорокиннинг айтишича, ушбу маросимда иштирок этган хорижий меҳмонлар шоудан кўнгиллари тўқ бўлди, улардан баъзиларининг Россия ҳақидаги фикрлари яхши томонга ўзгарди.
Сорокиннинг таъкидлашича, ФИФАнинг инспекцион ташрифи 2-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
“Инспекцион ташрифдан мақсад стадионларни кўздан кечиришдан иборат. Инспекцион ташриф доимо стадион атрофидаги ҳудудга катта эътибор қаратади. Бунга зоналарга бўлиш, ёндаш ҳудудларнинг режалаштирилиши киради. Инспекция Москва, Санкт-Петербург, Қозон ва Сочига аниқ ташриф буюради. Яна қаерларгадир бориши мумкин. Ҳали қурилиш бораётган жойларга ва стадионнинг аниқ қиёфаси гавдаланмаган жойларга боришнинг фойдаси йўқ”, деб айтмоқда Сорокин.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионати учрашувлари 14 июндан 15 июлгача Россиянинг 11 та шаҳри: Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Нижний Новгород, Саранск, Калининград, Волгоград, Екатеринбург, Самара, Сочи ва Ростов-Дондаги 12 та стадионда бўлиб ўтади.