«Манчестер Юнайтед» клуби Англия Премьер-Лигаси ташкиллаштирилганидан буён ўз таркибига бир қатор кучли футболчиларни қўшиб олган. Furkat.uz сайти анна шу трансферлар ичидаги энг яхши 5 тасини тузишга ҳаракат қилди.
1. Эрик Кантона («Лидс Юнайтед»дан 1992-йили, 1,2 млн.фунт стерлинг)
Қойилмақом «еттилик» «Қизил иблислар» сафида бир-биридан чиройли кўплаб голлар уради, заргарона тўп узатишларни ўрнига қўяди. Қисқаси манкунианларни фақат олдинга чорлайди. Тўғри Сер Алекс французнинг оғир характерига тишини тишига қўйиб, чидашга мажбур бўлади. Шундай бўлсада, Кантона – нафақат, Фергюссоннинг фаолияти давомидаги, балки АПЛ тарихидаги энг яхши хариддир.
2. Криштиану Роналду. («Спортинг»дан 2003-йили, 12,2 млн.фунт стерлинг)
2003-йилнинг ёзида Португалия бўйлаб турнега чиққан «МЮ» ортга Роналду билан қайтади. Ўртоқлик ўйинида Криштиану шу қадар кучли таассурот қолдирдики, Гиггз, Скоулз ва бошқа фахрийлар Фергюссонни уни сотиб олишга кўндиришди. «Спортинг» ёш футболчиси эвазига «МЮ»дан яхшигина пул ундиради. Роналду беш йил давомида «МЮ»нинг турли даражадаги ютуқларни қўлга киритишида асосий роллардан бирини ўйнади. «Олтин тўп» ва «Олтин бутса» совринларини қўлга киритди. Қўшимчасига «Реал»га ўтаётиб, «иблислар» хазинасини деярли тўлдирди. Яъни унинг харид қилинган ва сотилган суммаси ўртасида 67 миллион фақр бўлди.
3. Рой Кин («Ноттингем Форест»дан 1993-йили, 3,75 млн.фунт стерлинг)
«Форест»нинг марказий ҳимоячиси Алекс Фергюссоннинг телефон орқали илгари сурган таклифини эшитиб, Кенни Далглишга «Блекберн» клуби сафига ўтиши ҳақида ваъда берганини унутади-қўяди. Рой «МЮ» сен билан ҳам, сенсиз ҳам Англияда барибир етакчи ролга чиқади. Лекин сен бизга қўшилсанг, унда Европада ҳам тенгсиз бўлишимиз мумкин», - дейди Ферги. Тўғри, «иблислар» ирландиялик бўлажак сардорига эга бўлиш учун Британия футболидаги трансфер рекордини янгилашгача боришди – 3,75 млн. У вақтларда жуда катта пул саналарди. Кин ўз навбатида, бу пулларни бир неча баробар ортиғи билан оқлаганига шубҳа йўқ.
4. Оле Гуняр Сулшер («Молде»дан, 1996-йили, 1,5 млн. фунт стерлинг)
«Манчестер Юнайтед» тарихидан ўрин олган яна бир ҳужумчи. «Кулиб турувчи жаллод» «иблислар»нинг сеҳрли таёқчаси эди. Захирадан майдонга тушиб гол уришда унга тенг келадигани йўқ эди. 1999-йилги ЧЛнинг драматик финалида эса ана шундай қаҳрамонликларидан бирини кўрсатиб, мухлисларнинг суюкли футболчисига айланганди.
5. Рууд ван Нистелрой (ПСВдан, 2001-йили, 19 млн.фунт стерлинг)
2001-йили Нистелрой «Манчестер Юнайтед» раҳбарлари билан шартнома имзолайди. Руудга ишқибоз бўлган «Реал» раҳбарларидан «МЮ» корчолонлари чаққанроқ ҳаракат қилишади ва Рууднинг янги жамоа сафига ўтиши ўзига хос рекорд билан якунланади – баҳоси 19 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Ван Нистелрой 5 йил мобайнида Англия чемпионлиги ва тўпурарлигини қўлга киритди. «Юнайтед» таркибидаги 131-учрашувидаёқ 100-голини нишонлашга муваффақ бўлади. 2006-йили эса Бекхемга ўхшаб Мадридга йўл олади.
Юсупов Фурқат
Манба: Furkat.uz: