Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бурилиш нуқтаси ёки Лушан ва Ҳамдамовлар ой лауреатлари

Баҳо:
+ | -

Айни пайт ўлкамизда ҳукм сураётган жазирама ёз фаслининг иккинчи ойида одатдагидек, футбол учрашувлари кам бўлди. Чунончи, миллий чемпионатимизда оралиқ танаффус эълон қилинди. Тўғри, ўтган ойда ҳам мухлислар барибир, бир қатор қизиқарли ўйинлар шоҳидига айланишди. Жумладан, олий лига 15-туридан ўрин олган 7та учрашув (ушбу тур доирасидаги «Шўртан» - «Металлург» баҳси 30 июнь куни ўтказилганди), Ўзбекистон кубоги чорак финали ўйинлари айнан ёзнинг иккинчи ойига тўғри келди. Қолаверса, клубларимиз давралар оралиғидаги ўқув-машғулот йиғинлари чоғи бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишди.

Расмий баҳсларнинг «ўртоқлик»дан устун туриши ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, энг яхшиларни аниқлашда эътиборимизни ички чемпионатимиз ва Ўзбекистон кубоги доирасида бўлиб ўтган саноқли учрашувларга қаратдик.

Демак, газетамиз сўровига кўра, мураббийлар ўртасида ғолиблик «Бун­ёдкор» устози Сергей Лушанга насиб этди. Зеро, ўтган ой «қалдирғочлар» парвози юксалди. Фактлар асосида гапирсак, «Бунёдкор» июлда 4та ўйинда майдонга тушиб, уларнинг барчасида зафар қучди. Жумладан, олий лиганинг 15-турида «Қўқон-1912» сафарда мағлубиятга учратилди - 1:0. 3-турдан ўрин олган, аммо маълум сабабларга кўра, қолдирилган «Шўртан»га қарши баҳс­да эса «қалдирғочлар» мезбон сифатида ўйнаб, шунга яраша ҳисоб қайд этишди - 3:0. Ўзбекистон кубоги ярим финали сари йўлда эса, «Сўғдиёна» икки марта доғда қолдирилди - Жиззахда 2:1, Тошкентда 2:0. Хуллас, 4та ўйин, 100 фоизли натижа, тўплар нисбати - 8:1. Эҳтимол, бу «қалдирғочлар» учун бурилиш нуқтасидир. Ҳарқалай, жамоада  мавсум бошидан буён бундай бар­қарорлик сезилмаётганди.

Иккинчи ўринга «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамовни лойиқ кўрдик. Ўтган ойда олий лига ва Ўзбекистон кубоги доирасида 3та учрашув ўтказишган «темирйўлчилар» клуби шунча ғалаба қайд этди. Эътиборлиси, 15-турдаги учрашувда «Навбаҳор» йирик ҳисобда мағлубиятга учратилди - 5:1, Ўзбекистон кубоги чорак финалида эса, «Металлург» ҳам Бекободда, ҳам Тошкентда 1тадан гол билан «сийланди». Оддий айтганда, «Локо» кейинги раундга муаммосиз йўл олди. Бундан ташқари, иккинчи давра баҳсларига тайёргарликни Авс­трияда олиб борган клубнинг у ерда Туркиянинг «Оқҳисор Беледияспор» (2:1), БААнинг «Ал-Айн» (1:0) жамоаларини мағлубиятга учратганини ҳам эътироф этиш жоиз. Туркиянинг яна бир жамоаси - «Коньяспор» билан ўйин­да эса, муроса кўчаси танланди - 1:1.

Мураббийларнинг кучли учлигини бу гал «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев якунлаб берди. Қаршиликлар ҳам июлда бўлиб ўтган ўйинларда 100 фоизли натижага эришишди. Жумладан, 15-турда «Машъал» йирик ҳисобда доғда қолдирилди - 3:0. Ўзбекистон кубоги чорак финалида «аждарлар» биринчи лига вакили - «Пахтакор-2»га ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Яъни икки учрашувда қуйи лига иштирокчиси дарвозасига жавобсиз 8та гол уришди. Умуман, «Насаф»нинг 3та ўйинда 11та гол ургани баробарида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолгани эътиборга молик факт.

Июль ойининг энг яхши футболчиси номига «Бунёдкор»нинг келажак умиди - Достонбек Ҳамдамов лойиқ кўрилди. «Қалдирғочлар»нинг 19 ёшли ҳужумкор вакили июлда бўлиб ўтган учрашувларда майдонни голсиз тарк этмади, яъни ўз номига 5та гол ёздириб қўйди. Асосийси, фаол ҳаракатлари билан жамоаси муваффақиятларига муносиб улуш қўшди. Айтайлик, айнан Достонбекнинг ягона голи тошкентликларнинг Қўқондан ғалаба билан қайтишларини таъминлади, унинг «Шўртан» билан ўйинда киритган тўпи «Бунёдкор»нинг йирик ҳисобли ютуғига замин яратди. Достонбек шунингдек, Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасидаги учрашувларда 3та гол уриб, клубининг ярим финал йўлланмасини қўлга киритишида бош роллардан бирини ўйнади. Жумладан, унинг Жиззахда қайд этган «дубл»и эвазига «Бунёдкор» сафардан ғалаба билан қайтди. Тошкентдаги жавоб баҳсида эса, Достонбек ҳисобни очувчи гол муаллифига айланди. 

Иккинчи ўрин «Локомотив» ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедовга насиб этди. «Темирйўлчилар»нинг 24 ёшли хавбеки ҳам ўтган ой ўтказилган барча учрашувларда гол уришга муваффақ бўлди. Санжар томонидан «Навбаҳор» дарвозасига киритилган тўп клубининг йирик ҳисобдаги ғалабасига замин яратган бўлса, Ўзбекистон кубоги чорак финалида урган 2та голи «Металлург»нинг 2 бора мағлуб этилишига кифоя қилди. Қайсидир маънода айтиш мумкинки, «Локомотив» айнан Шоаҳмедовнинг голлари эвазига ярим финалга чиқди.

Ниҳоят, лауреат-футболчилар орасида 3-поғонага «Пахтакор» сардори ва етакчиси Кахи Махарадзе жойлашди. Тўғри, ўтган ойда «шерлар»нинг натижалари кўнгилдагидек чиқмади. Жамоа маълум сабабларга кўра, кечиктирилган ўйин («Қўқон-1912»га қарши 2-тур баҳси)да 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекиб, қимматли очколарни йўқотди. Шунингдек, гарчи ёшлар таркиби билан ўйнаган бўлса-да, Ўзбекис­тон кубоги чорак финали доирасида Қувасойда ўтган илк баҳс­да ҳам 2:2 ҳисобини қайд этди. Фақат, пойтахтда кечган жавоб баҳсида «Пахтакор» ўзи учун керакли натижага эришиб (2:0), кейинги босқичга йўл олди. Шу ўйинда айнан грузиялик футболчи ҳисобни очиб, жамоадошларини ғалабага руҳлантирди. Энг муҳим факт шуки, «Пахтакор»нинг миллий чемпионатимиздаги охирги 2та ўйинида ҳам Махарадзе энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди.                      

Умуман, ўйинлар озчилигидан бу сафар номзодлар сафи узун эмасди. Тўғри, Илҳом Шомуродов  («Насаф») ва Никита Павленко («Олмалиқ») каби футболчиларнинг ҳам июль ойи­да нисбатан ёрқинроқ таассурот уйғотишганини қўшимча қилиш жоиз.

 

мураббийларнинг ой давомидаги натижалари

 

№      Мураббийлар          Ў          Ю          Д          М           Т-Н

 

1.     Сергей Лушан            4          4           0          0            8-1

2.     Вадим Абрамов         3          3           0          0            7-1

3.     Рўзиқул Бердиев       3          3           0          0            11-0

 

 

 

 

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

 

№     Футболчилар        Ўйин        Дақиқа       Гол        Энг яхши

 

1.    Достонбек Ҳамдамов 4              360              5               0

2.         Санжар Шоаҳмедов    3          270       3          0            3.       Кахи Махарадзе          3          270       1          2

 

Изоҳ: фақат расмий ўйинлар ҳисобга олинган.

 

Умумий натижа

Мураббийлар

1. Самвел Бабаян - 12 очко

2. Сергей Лушан - 10 очко

3. Игорь Шквирин  - 8 очко

4. Рўзиқул Бердиев - 7 очко

5. Вадим Абрамов - 7 очко

6. Равшан Ҳайдаров - 5 очко

7. Александр Хомяков - 3 очко

8. Мухтор Қурбонов - 1 очко    

9. Юрий Лукин - 1 очко

 

Футболчилар

1. Артур Геворкян - 7 очко

2. Достонбек Ҳамдамов - 6 очко

3. Жалолиддин Машарипов - 5 очко

4. Сервер Жепаров - 5 очко

5. Одил Аҳмедов - 5 очко

6. Игорь Сергеев - 5 очко

7. Станислав Андреев - 5 очко

8. Шокир Зуаги - 3 очко

9. Азизбек Ҳайдаров - 3 очко

10. Акмал Холматов - 3 очко

11. Санжар Шоаҳмедов - 3 очко 

12. Владислав Иванов - 1 очко

13. Евгений Черемисин - 1 очко

14. Баҳриддин Ваҳобов - 1 очко

15. Кахи Махарадзе - 1 очко

 

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

энг яхши мураббийлар

Февраль

1. Сергей Лушан («Бунёдкор»)

2. Самвел Бабаян («Пахтакор»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Март

1. Игорь Шквирин («Олмалиқ»)

2. Александр Хомяков («Машъал»)

3. Мухтор Қурбонов («Шўртан»)

Апрель

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Самвел Бабаян («Пахтакор»)

3. Вадим Абрамов («Локомотив»)

Май

1. Самвел Бабаян («Пахтакор»)

2. Игорь Шквирин («Олмалиқ»)

3. Юрий Лукин («Қизилқум»)

Июнь

1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон ё.т.ж.)

2. Вадим Абрамов («Локомотив»)

3. Самвел Бабаян («Пахтакор»)

Июль

1. Сергей Лушан («Бунёдкор»)

2. Вадим Абрамов («Локомотив»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)           

 

энг яхши ФУТБОЛЧИлар

Февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Шокир Зуаги («Бунёдкор»)

3. Артур Геворкян («Насаф»)

Март

1. Сервер Жепаров («Ульсан Хюн­дай», Жанубий Корея)

2. Артур Геворкян («Насаф»)

3. Владислав Иванов («Машъал»)

Апрель

1. Одил Аҳмедов («Краснодар», Россия)

2. Артур Геворкян («Насаф»)

3. Евгений Черемисин («Нефтчи»)

Май

1. Игорь Сергеев («Пахтакор»)

2. Азизбек Ҳайдаров («Ал-Шабаб», БАА)

3. Баҳриддин Ваҳобов («Қизилқум»)

Июнь

1. Станислав Андреев («Пахтакор»)

2. Акмал Холматов («Нефтчи»)

3. Достонбек Ҳамдамов («Бунёдкор»)

Июль

1. Достонбек Ҳамдамов («Бунёдкор»)

2. Санжар Шоаҳмедов («Локомотив»)

3. Кахи Махарадзе («Пахтакор»)

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 15:51, 06.08.2015.
Ўқилди: 4210 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.