Москванинг ЦСКА жамоаси футболчилар устози Леонид Слуцкий Россия терма жамоасини Евро-2016 саралаши ўйинларида бош мураббий сифатида майдонга олиб тушади. Бу ҳақда ўз ишончли манбасига асосланиб, "Р-Спорт" нашри хабар берган.
"Унинг тайинланиши 99 фоизга аниқ. У билан битим тузилишининг баъзи жиҳатлари муҳокама қилинмоқда. Яқин вақтда Слуцкий терма жамоа устози сифатида таништирилади. У ЦСКАдан узилмаган ҳолда ишлайди", деб маълум қилади манба.
Унинг айтишича, Слуцкий Евро-2016 саралаши доирасида қолган 4 учрашувга жамоани олиб боради. Шунингдек, у қитъа чемпионатига чиқиш йўлида ўтказилиши мумкин бўлган 2та плей-офф учрашувида ҳам бош мураббий бўлади.
Маълум қилинишича, ЦСКА раҳбарияти ўз мураббийини терма жамоага беришга норозилик билдираётгани туфайли музокаралар чўзилиб кетган.
Саралаш ўйинлари якунланганидан кейин бу масалага яна қайтилиши айтилган.
Бироз олдинроқ, Россия спорт ишлари вазири Виталий Мутко терма жамоанинг янги бош мураббийи номи 10 август кунигача эълон қилинишини айтганди.
Маълумот учун, терма жамоанинг бош мураббийи курсиси 14 июль куни италиялик мутахассис Фабио Капеллога жавоб берилганидан буён бўш турибди.