Ўз вақтида "Андижон", "Шўртан" жамоаларида матбуот котиби бўлиб ишлаган Одилбек Толипов ўз блогида хотиралари билан ўртоқлашди.
Салом дўстлар!
Тунов куни Леонид Слуцкий Россия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинлаганидан кейин, у ҳақида бўлган бир воқеа ёдимга тушиб қолди.
Бу воқеа адашмасам 2007 йиллари содир бўлган эди. "Андижон" футбол клубида ишлаб юрардим у пайтлари. 2006 йили зўр таркиб тузилганди Эдгар Гесс қўл остида. Кейин нимадир бўлди-ю, Эдгар Яковлевич "Андижон"дан кетиб қолди.
Кейин унинг ўрнига дунё футболида яхши ном қозонган Венгриялик машҳур мураббий - Иштван Секеч келганди. Тўғри, Секеч "Андижон"да умуман натижа кўрсата олмаганди. Ёши бир жойга етиб қолган, эски футбол билан ҳамнафас юрган инсондан замонавий футболда бирор натижа талаб қилиш ҳам кулгули бўлса керак.
Хуллас, Секеч ҳам кетди 2007 йили. Бош мураббий лавозими бўш. Янги мавсумга янги бош мураббийи топиш керак. Чемпионатга яхши тайёргарлик кўриш керак, вақт ўтиб боряпти, ҳар бир кун ғанимат бўлади одатда қишда янги мавсум бошланиши олдидан.
Клуб раҳбарияти янги бош мураббий излаш билан овора бўлишди. Бу ёқда жамоага янги футболчиларни ҳам олиш керак, янги футболчи бош мураббийга қараб келади янги клубга. Демак, янги футболчи олиш учун, клубни кучайтириш учун нафақат клуб бюджетини (сметани) "ЎзДЭУАвто" раҳбарияти ва вилоят ҳокимлигидан тасдиқлатиш керак, балки, бош мураббий ҳам олиб келиш керак.
Матбуот котиби бўлганлигим учун клуб раҳбарияти столимга жамоага янги таклиф этилиши мумкин бўлган бош мураббийлар рўйҳатини ташлаб қўйишди - улар ҳақида маълумот йиғиб, раҳбариятга етказишим керак.
Футболдаги фаолиятимда мустақил иш юрита олишимга сабабчи бўлган инсон, устозим - Азизбек Сулейманов билан суҳбатлашиб ўтириб, куни кеча "Москва" клуби жамоа бош мураббийи Леонид Слуцкийни ишдан бўшатиб юборгани ҳақида айтиб қолдим. Азиз акам ҳам қизиқди. Гарчи, бу суҳбатимиз кулгули бўлса-да, негадир Слуцкийни жамоага олиб келишга ҳаракат қилиб кўришга ҳохиш бордек эди.
Хуллас, иш ва ишдан кейинги пайтда Слуцкийга "канал" топдим. Унинг ўзини ва агентини телефон рақамларини топдим. Ўша пайтда "Андижон" клубини молиявий аҳволи аянчли эди, Слуцкий уёқда турсин, мамлакатимизда ўртамиёна мураббийни ҳам ойлик-маошларини ўз вақтида бера олмайдиган даражада эдик. Чунки, йил бошида бош ҳомий ҳам, вилоят ҳокимлиги ҳам клуб бюджетини тасдиқламаганди. Бирор бош мураббийга алоқага чиқиб, жамоага олиб келмоқчилигингни айтсанг, биринчи бўлиб клуб бюджети ҳақида сўрарди. Чунки, бу футболнинг ёзилмаган қонуни. Вақтида пул тўламайдиган клубнинг футболчиларини манаман деган мураббий ҳам бошқара олмай қолади, ички муҳит бузилиб кетади.
Шундай қилиб, Азиз акамга Слуцкийга "канал" топганимни, ҳохласа қўнғироқ қилишларини айтиб, Леонид Викторовични телефон рақамини бердим. Лекин, телефон қилмадик. Чунки, қўнғироқ қилганимиз билан жамоага келмасди. Шу тариқа қўнғироқ қилмаганимиз учун "Андижон" жамоасини бошқариш насиб этмаган Россия миллий терма жамоасининг ҳозирги бош мураббийига.)))