Мадриднинг “Реал” жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду учрашувлардан кейин кучларни тиклаши ҳақидаги сирлари билан ўртоқлашди. Футболчининг айтишича, бунда энг яхши восита муздек сувли ванна қабул қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда El Mundo нашри хабар бермоқда.
Футболчи бу “анъанага” ҳар бир учрашувдан кейин амал қилади. “Муздек ванна тетиклашишнинг энг яхши усули ҳисобланади. Сиз ҳам қўшилинг!”, деб айтди Роналду.
Бундан ташқари, португалиялик футболчига мушакларни тонусда ушлаб туришга 200 градус совуққа эга криосауна ёрдам беради.
Роналду ўзининг бу сирлари ҳақида Сантьяго Бернабеу кубоги учун Туркиянинг “Галатасарой” клуби билан учрашувдан кейин ўртоқлашган. Мадридликлар учрашувни 2:1 ҳисобида ғалаба билан якунлашди.
Испания чемпионати 21 августда бошланди. “Реал” жорий мавсумдаги илк ўйинини 23 августда ўз уйида Хихоннинг “Спортинг” жамоасига қарши ўтказади.