Кириш Регистрация
02/05 00:00 Боруссия Д 1-0 ПСЖ
02/05 20:30 Ироқ 2-1 Индонезия
02/05 23:30 Челси 2-0 Тоттенхэм
03/05 20:30 Япония 1-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза - Монпелье
03/05 23:45 Торино - Болонья
04/05 00:00 Лутон - Эвертон
04/05 00:00 Ланс - Лорьян
04/05 00:00 Хетафе - Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико

Марио «А»дан «Я»гача

Баҳо:
+ | -

Футбол оламининг ўта жанжалкаш, муросасиз ва ёқимсиз вакилларидан бири - Марио Балотелли 25 ёшга тўлди. Лекин шу қисқа давр ичида яшил майдон ва унинг ташқарисида беҳисоб ажабтовур ҳаракатлари билан бутун дунёга танилди. Марҳамат, таниқли ҳужумчининг кичик юбилейи муносабати билан унинг ҳаётидаги эътиборли воқеалар  хроникасига яна бир марта назар солинг. Бу сафар рус алифбоси ҳарф­лари кетма-кетлиги шаклида.

«Ал-Аҳли» - Балотелли томонидан рад этилган камсонли жамоалардан бири. Сўнгги пайтлар Марио ўзи учун янги клуб қидирмоқда, аммо барча уринишлари зое кетмоқда. Жумладан, ҳужумчи «Интер»га қайтиш истагини билдирганди. Лекин миланликлар унинг хизматидан воз кечишди.

Бездомнўй (бошпанасиз) - Марио 2011 йили кўчада биринчи бўлиб дуч келган инсонга катта миқдорда эҳсон қилди. Воқеа футболчи казинодан чиққан пайт юз берди: «Нотаниш кишилар учун «сюрприз» улашишни яхши кўраман. Ўша оқшом казинода 25000 фунт стерлинг ютиб олгандим. Ютуқнинг 1000 фунтини бошпанасиз кишига эҳсон қилдим», - дея изоҳлаганди ҳужумчи бу сахийлигини.

Водитель (ҳайдовчи) - йўл ҳаракати қоидалари ҳар доим ҳам Балотеллининг ҳаётий ақидаларига мос келавермайди. Полиция шу пайтгача ҳужумчининг оппоқ «Мазератти»сини кўп марта тўхтатган. Тақиқланган жойларга қолдириб кетилган автомобиль учун тўланган жарималар миқдори эса 10000 фунтдан ошиб кетган.

Дротики (таёқчалар) - Марио бўш пайтларида таёқча (ўйинчоқ найзача)лар улоқтиришни хуш кўради. Бироқ бир сафар «Манчестер Сити»нинг ёш футболчиларидан нишон сифатида фойдаланган. Оқибатда ҳужумчининг бу «хурмача» қилиғи 100000 фунтли жарима билан тугаган.

Жёлтая карточка (сариқ карточка) - «Ҳар битта голга сариқ карточка» - Марио учун шиорга айланган анъана. Ҳужумчи қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, бунга амал қилиб келмоқда. Италиялик касбдошларимизнинг ҳисоб-китоблари буни яққол тасдиқлайди: «Интер»да - 28та гол, 27та сариқ карточка, «Манчестер Сити»да - 30та гол, 26та сариқ ва 4та қизил карточка, «Милан»да - 24та гол, 21та сариқ ва 1та қизил карточка, Италия терма жамоасида - 12та гол, 10та сариқ ва 1та қизил карточка.

Замена (ўйинчи алмаштириш) - Балотелли фаолиятидаги энг бемаъни ўйинчи алмаштириш АҚШдаги сафар чоғи юз берди. «Лос-Анжелес Гэлэкси» билан куч синашаётган «Манчестер Сити» 1:0 ҳисобида олдинда бораётган вазиятда Марио дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда қолди ва зарбанинг товонининг ...орқа томони билан амалга оширишга қарор қилди. Бунга чидай олмаган Манчини эса ўша заҳоти унинг ўрнига Милнерни майдонга туширди.

«Интер» - Балотелли ўзининг энг ёрқин ўйинларини намойиш этган жамоа. Марио Милан клубида 3та скудетто, кубок ва суперкубокка эга бўлди, ЕЧЛда ғолиб чиқди. Тўғри, вақти-вақти билан ўзининг «хурмача» қилиқлари билан мухлислар ғашига тегишни ҳам унутмади. Масалан, «Интер» футболкасини эгнидан ечиб, майдонга улоқтириш ёки ТВ-шоуси пайти «Милан» либосини ки­йиб чиқиш каби...

Красная карточка  (қизил карточка) -Менинг «Интер»да Марио билан ҳамкорлигим ҳақида бемалол 200 саҳифали асар ёзиш мумкин. Бироқ у драма эмас, чинакам комедия бўларди. Қозон шаҳридаги воқеа ҳамон ёдимда. Биз ЕЧЛ доирасида «Рубин»га қарши баҳсга боргандик. Барча ҳужумчиларимиз жароҳатланишган, Милитодан ҳам, Это~Одан ҳам умид йўқ эди. Хуллас, Балотеллини ўйинга туширишдан ўзга чорам қолмаганди. Ўйиннинг 43-дақиқасида Марио сариқ карточка олди. Танаффусда бутун жамоа билан гаплашиб олмоқчи эдим. Бироқ вақтнинг 14 дақиқасини биргина Балотелли билан суҳбатлашишга сарфладим: «Қулоқ сол, Марио, сени алмаштиришнинг иложи йўқ. Иккинчи бўлимда ҳеч кимга қўполлик ишлатма! Фақат тўп билан муомала қил! Борди-ю, уни йўқотиб қўйсанг, парво қилма! Рақиб футболчиси ғашинг­га тегса, хавотир олма! Ҳакам хатога йўл қўйса ҳам, вазиятга аралашма. Марио, илтимос, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўйин тугагунча майдонни тарк этма!» Хўш, кейин нима бўлди, деб ўйлайсиз? У 46-дақиқадаёқ қизил карточка олди! - деган эди Жозе Моу­риньо CNN мухбирига берган интервьюсида жиғибийрон ҳолда.

Ливерпуль - Балотелли мунтазам равишда футбол беллашувларини томоша қиладиган, ўзи ҳам доимо яхши спорт формасида юрадиган, хуллас, барча ҳаётий жараёнларда намуна бўлишга арзийдиган турмуш тарзини кечираётган шаҳар. Фақат битта жабҳа - Марио «Ливерпуль» сафида тўп суриш борасида ишончни оқлай олмади. Айнан шу сабабли, клуб мутасаддилари ўта самарасиз, бунинг устига, «отнинг калласи»дек маош оладиган ҳужумчидан тезроқ қутулиш йўлларини қидирмоқдалар. Бироқ ҳозирча барча уринишлар зое кетмоқда - ҳужумчи учун «Ливер­пул»дек катта маблағдан воз кечишга тайёр мард жамоа топилмаяпти.

Манишка (футболканинг кўкрак қисми) - Балотеллининг спорт либосларига нисбатан инжиқликлари барчага маълум. Бирор ўйинчи футболкалар хусусида эътироз билдирган эмас. Бироқ Марио бу борада ҳам ўзини кўрсатган. Ахир у - Марио-да!

Наличнўе (нақд пул) - Марио Балотелли иштирокидаги юз берган йўл транспорт ҳодисаси жо­йига етиб келган полиция ходими ҳужумчи автомобилининг орқа ўриндиғида сочилиб ётган пуллар уюмини кўриб, ҳайратдан қотиб қолади: «Машинада шунча пулни олиб юришнинг бои­си нима?» Марио эса бунга фақат ўзига хос тарзда жавоб беради: «Чунки мен бойваччаман!»

Огонь (ёнғин) - ҳужумчининг уйида юз берган ёнғин тегишли хизматчилар томонидан тезда бартараф этилди. Аммо унинг юзага келиш сабаблари кишини ажаблантирди. Болалик чоғларини қўмсаб қолган Марио деразадан мушак отганди. Ракета учқунлари дераза пардасига тушиб, у ёниб кетди. Кейин бир зумда олов бутун хонани қамраб олди. Ана шу шўхлиги туфайли футболчи жамоат ишларига жалб этилиб, жазони ёнғинга қарши курашишга даъват этадиган реклама ролигида суратга тушиш билан ўтади.

«Почему всегда я?» («Нима учун доимо мен?») - Марионинг футболкасига туширилган мазкур ёзув у «МЮ» дарвозасини забт этганидан кейин телекамералар мулкига айланиб, бутун Европага ёйилди. Бу ибора машҳурлик борасида «Сити»нинг «Юнайтед» устидан қозонган тарихий ғалабаси (6:1) билан беллаша олади. «Олд Траффорд»даги тарихий ғалаба 2011 йилнинг октябрида қайд этилганди.

Расизм (ирқчилик)  -Балотелли мен билан суҳбатлашишдан кўра, бироз мизғиб олишни афзал кўрди. Ваҳоланки, у билан учрашиш орзусида эдим. Начора, биз унинг қарорини ҳурмат қилишимиз керак,-деганди ҳужумчи билан ирқчилик масаласини муҳокама этишни режалаштирган Сесиль Кеенг. Лекин Италия тарихидаги дастлабки қора танли вазирнинг нияти амалга ошмай қолди.

Ссорў (жанжаллар) - италиялик футболчи фаолиятидаги жанжаллар шу қадар кўпки, уларни санаб ўтишдан кўра, Марио билан келишмовчиликка бормаганларни айтиш анча осонроқ. Ҳужумчи Англиядаги 2 йилга етмаган фаолияти давомида Боатенг, Компани ва Ричардс билан орани очиқ қилишга улгурди. Қўшимчасига, бош мураббий Роберто Манчини ҳам Марионинг «илтифоти»дан бенасиб қолмади.

Тотти - 2010 йилги Италия кубоги финалида Марио «Рома» сардори билан тўқнашиб кетди ва Франческо бунга жавобан унинг оёғига тепди. Оқибатда «Император» майдонни барвақт тарк этди.

Уилшир - Балотеллининг жаҳон футболи ҳақида ўта тор тасаввурга эга эканлиги Golden Boy совринига муносиб кўрилганида аён бўлди. Масалан, танловда ғолиб чиққан ҳужумчи Жек Уилширнинг ким эканлигини билмаслигини тан олди: «Уилшир иккинчи ўринни эгаллади, дейсизми? У ҳақда ҳеч нарсани билмайман. Агар «Арсенал»да ўйнайдиган футболчи бўлса, бу жамоага қарши майдонга тушганимда, танловда нима учун ундан ўзиб кетганимни исботлаб қўяман». Шундан кейин ҳам ҳовуридан тушмаган Марио ўзига янада юқорироқ баҳо берди: «Совринни мендан аввал Фабрегас ва Руни қўлга киритганларидан хабарим бор... Назаримда, улардан маҳоратлироқман. Умуман, ҳозирда дунёнинг энг кучли футболчиларидан бириман. Эҳтимол, Месси мендан зўрроқдир. Лекин бошқа бирор футболчи олдимга тушолмайди!»

Формула 1 -Бу воқеа «Интер»да кузатилганди. Бир куни Мариони соат 14:00да офисимга таклиф этдим, - дея  Марио билан «Интер»даги ҳамкорлигини эсга олганди Моу­риньо. - Аммо у келмади. Шунда қайтадан қўнғироқ қилдим: «Қаерларда юрибсан, Марио? Ахир сени кутиб ўтирибман». Балотелли эса Формула 1 мусобақасини томоша қилишга борганини айтди. «Сени соат 14:00га таклиф этганим ёдингдами?» деб сўрасам, бунга ҳам бамайлихотир жавоб берди: «Ёдимда, лекин сиз билан ҳар куни учрашишим мумкин, Формула 1 эса Италияда йилда фақат 1 марта бўлади!

Штраф (жарима) - 2012 йилнинг баҳорида тунги клубга борган Балотелли бунинг учун 400000 фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилди. Ваҳоланки, Роберто Манчини «Сити» футболчиларига ўйин арафасидаги 2 кун давомида шаҳар ташқарисига чиқишни тақиқлаб қўйганди. Энг қизиғи, шундай йирик жарима ҳам италиялик ҳужумчига таъсир қилмади.

Это~О - «Палермо»-«Интер» беллашувида Балотелли камерунлик касбдоши билан ғижиллашишнинг антиқа усулини кашф этди: 11 метрли жарима тўпини доимо Самуэль амалга оширишига норози бўлиб, навбатдаги пенальти пайти жарима майдончасини тарк этишни хоҳламади. Охир-оқибат, жамоадошлари Мариони мажбуран четга олишди. Это~О эса жарима зарбасини муваффақиятли бажарди.

Ярость (қаҳр-ғазаб) -Марионинг ноёб иқтидор соҳиби эканига шубҳа йўқ. Бироқ бу ҳужумчининг битта одатини сира «ҳазм» қилолмаяпман. У ўз голларини нишонламайди. Ҳайронман, 21 ёшли футболчи дарвозани забт этса-ю, бундан ҳеч қанақа завқ олмаса? Буни қандай тушуниш мумкин? - деган эди Женнаро Гаттузо бундан бир неча йил аввал. Ўшанда таниқли футболчи ўзи билмаган ҳолда, Марионинг асосий одатини ошкор қилган бўлса, ажабмас.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:28, 28.08.2015.
Ўқилди: 4024 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.