Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Чироқсиз футбол!

Баҳо:
+ | -

Футболда майда нарсалар бўлмайди, дейишади. Аслида ҳаётда майда нарсанинг ўзи йўқ. Инсон нимагадир эришишни истаса унга ёрдам берадиган барча ҳолатларни инобатга олиши зарур. Тўғри, ҳамма майда ҳолатлар ҳам чўққига чиқишингизга тўғридан-тўғри таъсир қилавермайди, лекин кўза кунда эмас, кунида синади, деган гап бор. Қачонлардир эътибор берилмаган ўша майда муаммо кунида сизга панд бериши ҳам мумкин.

Футболимизда фаолият кўрсатаётган истаган мутасадди раҳбардан “футбол ким учун”, деб сўранг, албатта мухлислар учун деган жавоб оласиз. Аслида ҳам шундай. Футбол мухлислар учун ўйналади. Ишқибозларсиз қолган стадионларимизнинг бугунги аҳволини ўзингиз кўриб турибсиз. Йиллар давомида мухлисларни миллионлар ўйинидан совутиб келган “футболимиз жонкуярлари” туфайли бугун бўм-бўш стадионларнинг “эгаси” бўлиб ўтирибмиз. Энди ишқибозларни стадионларга қайтаришга ҳам йиллар керак бўлади. Мана янги стадионлар қуриб битказилди, бу ерда мухлисларга барча шароитлар бор, танаффусда лоторея ташкил қиляпмиз, асосийси, ўйинларимиз ҳалол ўтяпти, деганимиз билан ишқибозлар стадионга қайтиб қолмайди, буни бугунги кун мисолида кўриб турибмиз. Бир вақтлар 30 минглик ишқибозлари билан ҳам бемалол мақтанган водий томонларда ҳам ошиб кетса 10-15 минг мухлисни кўряпмиз. Ваҳоланки, илгари деярли барча ўйинларга шунча ишқибоз ташриф буюрарди, ҳозир фақат марказий ёки дербиларда шунча мухлисни кўрсак-кўрдик, бўлмаса йўқ. 

Камина биринчи лига клубида фаолият кўрсатиш орқали қуйи лига жамоаларининг фаолиятлари билан яқиндан танишишга ҳаракат қилиб бораман. Қуйида ҳам қайси раҳбар билан гаплашманг, “шу, ишқибозлар учун жамоани ушлаб турибмиз”, дейишади. Тўғри, бир жамоани ПФЛ ўтказадиган турнирда “ушлаб” туриш жуда қийин иш. Айниқса, клуб ҳокимият қарамоғида бўлса, бундан ёмони бўлмаса керак. Қора костьюм шимни кийиб ўз офисида ўтириш керак бўлган клуб раҳбари ҳокимият биносининг қоровулига айланиб қолади. Куни ҳоким бувадан пулни олиш билан ўтиб кетиши ҳам мумкин. Бу албатта ўша ҳудудда истиқомат қилувчи ишқибозлар учун йил давомида футбол учрашувлари ташкил қилиб бериш мақсадида амалга оширилади. Буниси яхши, аммо унда қачон футболимиз ривожланади? Нега ундай деяётганимни қуйида тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Биринчи лига клубидаги 2,5 йиллик фаолиятим давомида бирор бир учрашувни салқинда, қуёш ботганидан кейин ўтказилганига гувоҳ бўлмадим. Чунки бирор бир жамоанинг уй стадионини ёритгичлари (прожекторлари) талаб даражасида эмас, айримларида умуман ёритгичнинг ўзи йўқ. Қизиғи, ПФЛ ўз регламентида барча олий лига клубларининг стадионни прожектори камида 1200 люксли бўлиши шарт, деб белгилаб қўйган. Бу ерда биринчи лига ҳақида гап йўқ. Ўтган мавсум қуйида иштирок этган “Шўртан” аксар ўйинларини кечки салқинда ўтказди, аммо ғузорликлар профессионал клуб, амалда олий лигага лойиқ жамоа ва шундай бўлиши ҳам табиий. Расман ҳали олий лига ҳавосидан баҳра олмаган биринчи лига иштирокчилари эса, учрашувларни истаган вақтида ўтказади. ПФЛ мусобақа тизимини ва тақвим тузишни “қойиллатиб” қўйгани сабабли қуйи лига жамоалари камида ҳар тўрт кунда майдонга тушишади. Сафарга бориб, иссиқ кунда футбол ўйнаб, яна ортга қайтиш ва ўз майдонида ҳам иссиқ об-ҳавода тўп суришни бир тасаввур қилиб кўринг?! Футболчи сафардан қайтиб йўл чарчоғини чиқарадими ёки ўйин. Бу орада навбатдаги ўйинга тайёргарлик кўриш керак. Қисқа муддат оралиғида қайси бирига улгуради, бечора?! Яна футбол мухлислар учун дейишади. Мухлисларга чиройли футбол керак. Чиройли футбол учун футболчиларга шароит яратиб бериш лозим. Бизда на униси ва буниси бор. Ўйинчилар ҳам иссиқ ҳавода тўп тепишади, ҳам нотекис майдонда ҳаракат қилишади. Бундай вазиятда қандай қилиб ишқибозлар чиройли ўйин кўришади? Агар майдонлар сунъий қопламали бўлса, футболчиларнинг ҳолатини тасаввур қилаверинг.

Биринчи лига клубларидан хафа бўлиб юрсам бу йилдан олий лига жамоалари ҳам қуйидагилардан қолишмасликка ҳаракат қилишмоқда. Регламентда ёз ойларида ўйинлар 17:00дан олдин бошланмаслиги ёзиб қўйилган. Узоққа бормангда, олий лиганинг 20-туридан ўрин олган 8та учрашувнинг бошланиш вақтларига эътибор қаратинг. “Қўқон-1912” – “Олмалиқ”, “Металлург” – “Сўғдиёна” ва “Навбаҳор” – “Бунёдкор” учрашувлари 17:00га белгиланган. Яхшиям ПФЛ 17:00дан эрта бошланмасин деб регламентда ёзиб қўйган экан, акс ҳолда ишқибозлар тушлик вақтида футбол кўргани стадионга келиб кетишармиди?! Ҳайрон қоласан киши, ҳукуматимизнинг ёрдами билан барча вилоятларда янги стадионлар қурилаётган бўлса-да, ўша янги ўйингоҳларда ўйинлар кечки салқинда ўтказилмаса?! Бу нима дегани?! Майли, электр энергияга кўпроқ пул сарфлашни исташмаётгандир, лекин ҳеч бўлмаса ўйиннинг бир бўлимини кечки салқинда ўтказса бўлар?! Стадионлар қурилаётгани яхши, бунинг учун ҳукуматимизга раҳмат айтишимиз керак. Бироқ ўша стадионга масъул шахслар бу ўйингоҳлар нега қурилганини тушуниб етишса мақсадга мувофиқ бўларди. Стадионлар кўз-кўз қилишдан ташқари футбол ўйнаш учун ҳам қурилади. Аниқроғи, ҳукуматимиз томонидан футболимизга ажратилаётган маблағларнинг барчаси унинг ривожи учун сарфланмоқда. Ривожланиш учун яхши шароит бўлиши керак. Яхши шароитда тўп сурган футболчи янада яхшироқ тўп суриши бугунги кунда ҳеч кимга сир бўлмай қолган.

Юқорида футболда майда нарсалар бўлмайди, дедик. Ҳа, бугун биз эътибор бермаётган бу ҳолат келажакда футболимизнинг ривожига қисман бўлса-да, тўсқинлик қилиши аниқ. Шунинг учун масъул инсонлар бу ҳолатга ҳам жиддий эътибор қаратишса албатта бундан футболимиз ютарди.

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 15:36, 29.08.2015.
Ўқилди: 5625 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.