Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Сервер Жепаров: «Рақиблардан чўчимаймиз, лекин уларни ҳурмат қиламиз»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси 3 сентябрь куни ЖЧ-2018 саралаши доирасида Яман термасига қарши кечадиган учрашувга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Кеча жамоамиз ниҳоят, тўлиқ таркибда машғулот ўтказди. Якшанба куни Россия чемпионати 17-туридан ўрин олган «Локомотив» - «Краснодар» учрашувида бир-бирларига қарши майдонга тушишган легионерларимиз - Виталий Денисов ва Одил Аҳмедов терма жамоа ихтиёрига етиб келишди. Шунингдек, Украинанинг «Ворскла» клуби ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов ҳам кечаги машғулотларда иштирок этди. Биз навбатдаги кунги машғулотлардан сўнг жамоамиз сардори Сервер Жепаровдан махсус интервью олдик. Эътиборлиси, Сервернинг клуби - «Ульсан Хюндай» 29 август куни Корея «К»-лигасида 28-тур учрашувини ўтказди. Лекин Жепаров клуб раҳбариятининг рухсати билан Тошкентга аввалроқ етиб келганди. Дарвоқе, бу футболчимиз янги имиджи билан ҳам кўпчиликни ўзига жалб этди. Ким билади, Жепаров янги мураббий қўл остидаги илк машғулотларни шунчаки, янгича соч турмаги билан бошлашга қарор қилгандир.

- Сервер, янги мураббий қўл остидаги илк машғулотлар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Табиийки, янги мураббий келганидан кейин ўз қарашларини илгари суради, ниманидир ўзгартиришга уринади. Бу нафақат Самвел Бабаян, балки аввалги мураббийларда ҳам кузатилган ҳолат. Айтишим мумкинки, машғулотларда янгича услуб, ўзгача ёндашув кўзга ташланяпти. Лекин бизнинг олдимизга қўйилаётган талаб аввалгидек жуда юқори. Профессионал футболчи мураббий ким бўлишидан қатъий назар, ўз вазифаларини сидқидилдан бажариши шарт. Ҳозир амалда шундай бўляпти. Йигитлар ягона мақсад йўлида бирлашиб, мураббийлар штаби ва албатта, халқимиз ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.

- Янги мураббийлар ҳақида нима дея оласиз?

- Фақат бир нарса: улар биз учун бегона эмаслар. Ҳозирги терма жамоа таркибидаги 80-90 фоиз футболчи Самвел Бабаян ва унинг ёрдамчилари қўл остида аввал ҳам ўйнаган. Демоқчиманки, мураббийлар талаби ва истагини жуда яхши биламиз. Шундай экан, қандайдир муаммо юзага келмаслиги керак. Барчамизнинг олий мақсадимиз - ЖЧ-2018 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш. Шу орзуни амалга ошириш учун астойдил тер тўкяпмиз.

- Соч турмагингизни ўзгартирибсиз. Буни янги мураббий қўл остида янги марраларни забт этиш мақсадида ташланган қадам сифатида қабул қилсак бўладими?

- Шундай (кулади). Лекин бу бирламчи сабаб эмас. Кореяда имиджни ўзгартиришга оддий ҳолат сифатида қарашади. Ўзи мен соч турмагимни тез-тез алмаштириб тураман.

- Яман ва Филиппин терма жамоаларига қарши учрашувларда ғалаба қозонишимизга шубҳа билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. КХДР термаси билан ўтган ўйиндан кейин шундай хавотирлар юзага келди. Бунга сардори сифатида қандай муносабат билдирасиз?

- Шубҳа ва гумонлар ўринсиз! Биз рақиблардан асло чўчимаймиз. Лекин уларни ҳурмат қиламиз. Олдимизда турган ҳар икки ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларни хушнуд этиш - бош мақсадимиз. Ҳарқалай, Пхеньяндаги натижа тасодиф эканлигини исботлашимиз шарт. Умуман, айни пайт ғалабадан бош­қаси ҳақида ўйлаётганимиз ҳам йўқ.

- 3 сентябрь кунги рақиб - Яман термаси ҳақида нималарни биласиз?

- Бу жамоа ҳақида шахсан мен ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Гуруҳ босқичининг дастлабки 2та ўйинида мағлубиятга учраганини биламан, холос. Ўйлашимча, бу жамоа бизга ортиқча муаммо туғдиролмайди. Матбуотда яманликларга ғалаба учун мукофот пули ваъда қилингани ҳақида ўқидим. Бизни эса мухлисларимиз руҳлантиришади. Уларнинг олқишлари - катта мукофот. Қолаверса, мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрамига ғалаба билан ўзига хос совға улашишни мақсад қилганмиз.

- Клубингизнинг ишлари унча юришмаяпти. Ваҳоланки, мавсумни юқори нотада бошлагандинглар. Лекин стартдаги 5-6та ўйиндан сўнг жамоангиз натижалари орқага кетди...

- «Ульсан»да бош мураббий алмашди. Табиийки, у ўзига яраша ўзгаришларни амалга оширди. Бу мураббий кўп йиллар Японияда ишлаган. Япония ва Корея футболи ўртасида эса катта тафовут бор. Ўйин услуби турлича. Қисқаси, ўзгаришлар жамоамиз натижаларига акс таъсир этяпти. Янги талабларга кўниккунимизга қадар мавсум якунланиб қолмаса эди...

- Жамоангиз олдидаги вазифа лигада қолишми?

- Аслида олдимизга кучли еттиликдан жой олиб, иккинчи босқичда сов­ринли ўринлар учун кураш олиб бориш вазифаси қўйилганди. Лекин... Энди қолган баҳсларда имкон қадар мазмунли футбол кўрсатишимиз керак.

- Сиз баъзи ўйинларда майдонга тушмадингиз...

- Ҳа, шундай. Бу кичик жароҳат билан боғлиқ. 

- Ўзи бош мураббий билан муносабатларингиз яхшими?

- Жойида. Ҳар ҳолда, майдонга тушмаганимда бош мураббийнинг алоқаси йўқ. Қайтараман, мавсумнинг қолган ўйинларида мухлисларни хушнуд этишга ҳаракат қиламиз.  Жамоамиз охирги турда сафарда асосий рақибларимиздан бири «Гвангжу» клубини мағлубиятга учратди. Асосий рақиб дейишимга сабаб, у билан турнир жадвалида ёнма-ён жойлашган эдик. Умид қиламанки, сафарда қўлга киритилган ғалаба бизга руҳий жиҳатдан ижобий таъсир қилади ва қолган учрашувларда ҳам шундай юқори суръатда ўйин намойиш этамиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:09, 03.09.2015.
Ўқилди: 6566 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.