Таиланд пойтахти Бангкокда бокс бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида айни дамга келиб бешта вазн тоифасида финалчилар номи маълум бўлди.
Эътиборлиси, ушбу жангларда рингга кўтарилган уч нафар боксчимиздан икки нафари рақиблари устидан ғалаба қозониб, қитъа чемпионатининг олтин медаллари учун курашни давом эттирадиган бўлдилар.
Жумладан, вазни 52 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари иштирокидаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров хитойлик Jianguan HU устидан 3:0 ҳисобида зафар қучиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи жангда ҳамюртимиз қозоғистонлик Олжас Саттибаевга қаршги рингга кўтарилади.
Яна бир тажрибали спортчимиз Элшод Расулов ҳам ярим финал баҳсида кореялик Hyeongkyu KIM устидан зафар қучиб, эртага ўтказиладиган финал жангида қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетов билан куч синашадиган бўлди.
Оғирлик вазни 60 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақаларда ярим финалга қадар мағлубиятсиз келган терма жамоамиз аъзоси Элнур Абдураимов ушбу босқичда мўғилистонлик боксчи қаршилигини енга олмади. Шунга қарамай Элнур терма жамоамиз ҳисобига Осиё чемпионатининг бронза медалини келтирди.
Бугун, шунингдек, Хасанбой Дўсматов (-49 кг), Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) ҳамда Рустам Тўлаганов (-91 кг) ярим финал жангларида рингга кўтариладилар. Ушбу спортчиларимизга ҳам бўлажак жангларда омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Шавкат Жалилов