Кириш Регистрация

Матьё Вальбуэна: «Москвада ғалабаларсиз ўтиролмасдим»

Баҳо:
+ | -

Ўзи франциялик Матьё Вальбуэнанинг Москва «Динамо»сига ўтиши кўпчиликни ҳайратлантирганди. Мана, футболчи яқинда ўз юртига қайтиб, «Лион» сафини тўлдирди. Россияда қисқа вақт ичида чемпионатнинг бош юлдузларидан бирига айланган Вальбуэна Францияга бориши билан L~Eqiupe нашрига интервью бериб, бир йил олдин «Динамо» таклифини нега қабул қилгани ва қайтишга нима ундагани хусусида тўхталди. Шунингдек, «Марсель» мухлисларининг нафратомуз айбловларига муносабат билдирди.

«Динамо» ҳақида

- «Динамо» еврокубокларда ўйнарди, қолаверса, руслар менга молиявий томондан яхши шартнома таклиф қилишди. Асосийси, жамоа яхши ҳолатда бўлиб, рақобатбардош таркибга эга эди. Хуллас, мен таклифни қабул қилишда масаланинг ҳам молиявий, ҳам соф спортча томонини инобатга олдим. Эҳтимол, кимдир бошқача ўйга борар, аммо бу клубга фақат пул ортидан ўтмаганим ўзимга аён. Бироқ кейинчалик «Динамо»ни кўпчилик тарк этди: бош мураббий, спорт директори, президент. Натижада, спорт масаласи мен кутган ҳолатда эмаслигини кўриб, Францияга қайтишни маъқул топдим.

«Лион»га ўтиши ҳақида

- ЧЛдаги иштирок, Францияга қайтиш хоҳиши - булар қароримга катта таъсир ўтказди. Трансферимнинг асосий сабаби битта - менга мусобақалашиш, рақобат ёқади. Ўйлайманки, клуб футболида фаолият юритувчи ўйинчи учун ЧЛдан яхшироқ турнир йўқ. Мен табиатан ўйинга чанқоқман. «Лион» эса катта мақсадларни ўзида мужассам этган суперлойиҳа. Қисқаси, мен учун идеал вариант шу бўлди. Энг муҳим томони шуки, Жан-Мишель Ольяс ва Юбер Фурнье (тегишлича клуб президенти ва бош мураббийи) «Лион»га ўтишимни чин юракдан хоҳлашди ва бунга кўндиришди. Футболчи аввало, ишончга эҳтиёж сезади. «Лион» шу ишончни кўрсатди, яъни мени жамоага керак эканлигимга ишонтира олди. Шунинг учун музокаралар енгил кечди. Яъни икки томонга маъ-қул шартлар асосида келишувга эришдик. Дейлик, мен молиявий шартларни бироз енгиллатдим. Ўйлайманки, бундан ҳар икки томон ютди. «Лион» жанговар руҳдаги жамоа. Акс ҳолда, ўтган мавсум 36-тургача «ПСЖ»ни таъқиб этолмасди, якунда 2-поғонани эгалламасди ҳам. Жамоага келибоқ айнан жанговар руҳни ҳис этдим. Кўплаб футболчилар машғулотларгача ҳам, ундан кейин ҳам шуғулланишади. Тўғри, бу ҳол мени ҳайрон қолдирмайди, аксинча, айнан хоҳишимга мосдир.

Франция термаси ҳақида

- Дидье Дешам билан бу сафар ҳали қўнғироқлашганим йўқ. Лекин агентим бош мураббий билан доимий алоқада. Ҳа, Европа чемпионати ажойиб турнир, шундай бўлсада, ҳозир фақат Франция миллий жамоасини ўйлаётганим йўқ. Айтишларича, Москвага кўчиб ўтиб, термадаги жойимни хавф остида қолдирибман. Лекин амалда нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Мен доимгидек курашдим, ўйинимни кучайтиришга интилдим. Терма жамоа сафида ҳамон эффектли ҳаракатланаётган эканман, муаммо нимада? Ахир «Динамо» сафида ЕЛда ўйнадим. Демоқчиманки, савияси пастдек кўринган чемпионатда иштирок этганим кучсизланиб қолганимни билдирмайди. Бир нарсага ишончим амин: Москвада ҳам ўша рақобатбардошликни сақлаб қолдим.

Марселлик мухлислар ҳақида

- Тушунаман, муҳаббат бир зумда йўқолиши ҳеч гап эмас. Айрим ҳолларда эса, мухлислар бу борада чегарадан ўтиб ҳам кетишади. Мен нақ 8 йил «Марсел»да ўйнадим. Ваҳоланки, бу клуб билан қандайдир муваффақиятга эришишим жуда-жуда қийин эди. Марселлик мухлисларнинг мендан ўпкаланишга ҳақлари йўқ. Умуман, кўпчилик бу масалада мени тушунди ва бирор нарсада айбламайди. Фақат айримлар... Ахир 8 йил давомида клубга қўлимдан келганича ёрдам бердим, сидқидилдан меҳнат қилдим. Шунингдек, клуб ҳам менга кўп нарса берди. Агар кимдир шуларни инобатга олмасдан, мени сотқинликда айбласа, бу унинг муаммоси. Мени сотқинга чиқаришлари - аҳмоқликка ўхшаш ёндашув. Чунончи, реалликни бундай қабул қилмаслик лозим. Ҳарқалай, менинг олдинги хизматларимни, якунда клубдан озод агент сифатида кетмаганимни унутишмаса яхши бўларди. Ҳа, мен мухлисларни тўла тушунаман, уларнинг хафагарчиликларини ҳам. Аммо хафагарчилик нафратга айланмаслиги керак зинҳор.

28-рақам ҳақида

- Шундай бўлиб чиқяптики, «Мар-сел»да ўйнагандан сўнг Франциянинг бошқа клубига ўтмаслик керак экан-да... Собиқ жамоамда менинг номимга 28-рақамли футболкани «музлатиб» қўйишган эканми, демак, унинг тарихига кирганим факт. Бироқ «Лион» билан шартнома тузганим важидан бир йил олдинги қарорни бекор қилишлари жуда ғалати. Яхшиямки, кўпчилик танловимни тушунди. Бироқ қайтараман, мени сотқинлар тоифасига киритиб қўйганларга қарши ҳеч нарса қилолмайман. Умуман, шахсан ўзим «Марсел»га ҳамон яхши муносабатдаман. Тўғри, буёғига «Лион» аъзоси сифатида ўзимни 200 фоиз шу клубга бағишлайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Марсел»ни ҳеч қачон унутмайман. Буни лионлик мухлисларга ҳам айтдим. Улар бу масалада мени тушунишди. Шундай экан, келажакда «Лион»дан ҳам юз ўгирмайман. Ҳа, менда камчиликлар бор ва бу табиий ҳол. Лекин шунинг баробарида устун фазилатларим ҳам йўқ эмас. Улардан бири айнан келиб чиқиш тарихини унутмаслик!

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:28, 07.09.2015.
Ўқилди: 1934 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.