Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хавотир ариди: Филиппин таслим этилди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси ниҳоят ишончли ўйин намойиш қила олди. ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Филиппинга сафар уюштирган Самвел Бабаян шогирдлари нафақат 3 очкони қўлга киритишди, балки тўплар фарқини ҳам яхшилаб олишга муваффақ бўлишди.

ЖАМОАЛАРНИНГ ҲОЛАТИ

Мазкур ўйинга жамоалар икки ҳолатда етиб келишди. Филиппин дастлабки 2та ўйиндаги ғалаба туфайли юқори кайфият ва иштиёқ билан мазкур ўйинга 1 ой давомида тайёргарлик кўрди. Мухлислар эса ўйинни интизорлик билан кутишди. Ўзбекистонлик ишқибозлар эса КХДР билан баҳсдаги мағлубият ва Яманга қарши учрашувдаги нурсиз ўйин туфайли 8 сентябрь санасини хавотир билан қарши олишди. Агар вазият тескарикўриниш олганида, Филиппин бош мураббийи ўз шогирдларини ҳимоявий ўйинга тайёрлаган бўларди. Аммо уларда юзага келган юқори кайфият боис, филиппинликлар фақат ғалабани кўзлай бошлашди. Улар ўзбекистонликларнинг тушкун кайфияти ва суст ўйинидан фойдаланиб қолишга интилдилар. Аммо уларнинг мақсади амалга ошмай қолди. Бунга бир нечта сабаблар бор.

 

БАБАЯННИНГ ФАЛСАФАСИ

Яманга қарши Тошкентда ўтказилган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси суст ўйин кўрсатди. Гейнрихнинг маҳорати эвазига жамоамиз кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Айнан ўша ўйин ҳолатидан келиб чиқсак, Бабаян айрим хатоларга йўл қўйганди. Масалан, Яман бутун жамоа бўлиб ҳимояланишини инобатга олсак, термамиз рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш учун қанотлардан фаол фойдаланиши мумкин эди, аммо Бабаян бу ишга қўл урмади. Жумладан, Тўхтахўжаев ҳужумларга фаол қўшилмади. Яманликлар билан ўйинда Жавоҳир Соҳибовнинг мутлақо кераги йўқ эди, боиси рақиб умуман ҳужум уюштирмади. Самвел Вячеславович эса уришимиз мумкин бўлган кўплаб голлардан воз кечиб, ўз фалсафасини майдонда акс эттиришни футболчилардан талаб қилди. Яманга қарши баҳс ва кейинчалик олиб борилган бир неча кунлик машғулотлар чоғида Бабаян жорий қилмоқчи бўлган ўйин услубини футболчилар аста-секин тушуниб боришди ва бу нарса Филиппинга қарши муҳим ўйинда ўз самарасини берди.

Бабаян терма жамоага «вертикал» ўйин услубини жорий қилмоқчи. Бу нима дегани? Жамоа тўпни ортиқча назорат қилиб ўтирмасдан, иложи борича тезроқ ҳужум чизиғига етказилади. Шунинг­дек, футболчилар ҳимоявий ҳаракатларда фаол иштирок этишади. Термамиз ўйинида прессингнинг айрим элементлари пайдо бўла бошлади. Жамоа тўпни йўқотгани заҳоти жамоавий прессинг орқали тўпни қайта эгаллашга ҳаракат қила бошлади. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон бундан кейин чиройли ўйнамаслиги мумкин, бироқ ғалаба қозониш учун тажовузкор ўйин намойиш қила бошлайди.

ТЕЗКОР ГОЛЛАР

Маниладаги ўйинга қайтадиган бўлсак, учрашув бошланишига 45 дақиқа қолганида кучли ёмғир ёғди. Оқибатда баҳс белгиланган вақтдан 5-6 дақиқа кечикиб бошланди. Ёмғир эса Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ишлади. Баҳснинг 40-сониясида жамоамиз ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Жепаров бир неча футболчи орасидан ўтиб, Аҳмедовни қулай вазиятга чиқарди ва Одилнинг 22 метрлардан йўллаган зарбасидан кейин тўп рикошет ҳолатида рақиб дарвозасидан ўрин олди. Этериж қўлларининг остидан тўпни ўтказиб юборди.

Мазкур тезкор гол, шубҳасиз, филиппинликларнинг режасини бузиб юборди. Улар ҳужум ташкил қилишга ҳаракат қилишди, аммо баҳснинг 15-дақиқасига келиб, ҳисоб яна биттага ошди. Денисов жарима майдончаси ичидаги Сергеевни кўзлаб узатма берди. Аммо тўп ўнг томонга ўтиб кетди. Қанотдан етиб келган Рашидов тўпни эгаллади ҳамда индивидуал маҳорати эвазига бир ҳимоячини алдаб ўтиб, кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди.

 

ИЛОЖСИЗ ФИЛИППИН

Филиппин бош мураббийи Томас Дулей ушбу ўйинга шундай тактика танлагандики, рақибни ҳимояда кутиб олиб, қарши ҳужумда жазолашни режалаштирганди. Футболчиларнинг тезкорлигига таянган ҳолда рақибни шошириб қўйишни мақсад қилгани ўйин давомида сезилиб қолди. Ҳақиқатан ҳам уларнинг ҳужумларида тезкорлик кўринди. Ўзбекистон эса икки тўп фар-қи билан олдинга ўтиб олганидан  ке-йин ҳимояда зич ўйнай бошлади. Боз устига, Бабаян томонидан ҳимоявий ҳаракатларга киритилган ўзгаришлар ҳам ўз самарасини берди. Натижада уларнинг ҳужумларини муаммосиз бартараф эта олдик. Биринчи бўлим сўнгида эса Анзур Исмоиловнинг олис масофадан берган узатмасидан кейин Игорь Сергеев рақиб жарима майдончаси олдида тўпни қабул қилди ва ҳужумчилик вазифасини аъло даражада бажарди — 0:3!

Танаффусда Филиппин бош мураббийи шогирдларига тегишли сўзларни топиб гапиришга қийналган бўлса керак. Баҳснинг қолган 45 дақиқасини ҳимояда ўтказай деса, ҳисоб 0:3га етиб бўлган. Ҳужумкор ўйнашда давом эттиришни истаса, Ўзбекистон қарши ҳужумда жазолаши оқибатида ҳисоб янада йириклашиб кетиши мумкин. Боз устига, ҳужумкор ўйин учун футболчиларни руҳлантириш лозим. Мухлислар ҳурмати мезбонлар иккинчи бўлимда ҳимояда ётишни ўзларига эп кўрмадилар, аммо ҳужум ташкил қилиш учун керакли руҳиятни ўзларида топа олмадилар.

Футболчиларимиз яратилган вазиятларнинг яна иккитасини голга айлантиришди. Игорь Сергеев бурчакдан етказилган узатмани бош билан дарвозага жойлаган бўлса, Рашидов жарима майдончаси ташқарисидан айланма зарба билан посбонни доғда қолдирди. Шу тариқа ҳар иккала футболчи ўйинда «дубл»ни расмийлаштиришди.

 

КАМЧИЛИКЛАР

Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинида бир қатор камчиликлар кўзга ташланди. Жумладан, дарвозабон Александр Лобанов оддий вазиятда «қовун туширди». Филиппин футболчиси олис масофадан белгиланган жарима зарбасини тепишга тайёрланаётганида посбонимиз негадир  дарвозани ташлаб, олдинга чиқди. Буни кўрган Шрёк дарҳол зарба берди ва Лобановнинг устидан тўпни ошириб дарвозага жойлади. Мутлақо керакмас гол. Бунгача термамиз 4:0 ҳисобида олдинда бораётганди, майдон эгалари эса мазкур голдан кейин руҳланиб, кетма-кет ҳужумлар ташкил қилишди. Ана шундай ҳужумларнинг бирида «Пахтакор» дарвозабони бирга-бир вазиятда хавфни бартараф эта олди. Демак, дарвоза ва дарвозабон масаласи ҳали ўйлаб кўрилиши керак.

Шунингдек, ҳужумкор ўйин қилиниши керак бўлган ўйинда ўнг қанот ҳимояси кучайтирилишга муҳтож.

 

АНДРЕЕВ

Ўзбекистон терма жамоаси Бабаян бошчилигида йиғин бошлабдики, Станислав Андреев борасида танқидларга учраб келмоқда. Шунга қарамай, мураббий «Пахтакор» чап қанот ярим ҳимоячисини Филиппинга қарши ўйинда бошланғич таркибга киритди. Очиғини айтиш керак, Станислав бу учрашувда терма жамоанинг чап қанотини кучайтира олмади. У хато қилишдан қўрқиб ҳаракат қилгандек тасаввур уйғотди. Ташаббусни қўлга олиб, олдинга ўтиш керак бўлган пайтда тўпни орқага узатаверди. Шу аҳволда у 75 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди. Ушбу қанотда терма жамоамиз Жасур Ҳасанов билан рақобатлаша оладиган футболчига муҳтож. Андреевни эса ҳозирча Ўзбекистон термасига муносиб футболчи, деб айта олмаймиз.

Ушбу ғалабадан кейин очколаримиз сонини 6тага етказиб, гуруҳда 2-ўринга кўтарилиб олдик. Урган голларимиз эса худди КХДРники каби 8тага етди. Аммо кореяликлардан фарқли равишда Ўзбекистон ўз дарвозасидан 5та гол ўтказиб юборган (КХДРда ўтказиб юборилган голлар сони - 2та). Терма жамоамиз навбатдаги ўйинни 8 октябрь куни Баҳрайн-га қарши сафарда ўтказади. Шимолий кореяликлар эса шу куни ўз майдонларида Филиппин термасини қабул қилишади.

ФИЛИППИН - ЎЗБЕКИСТОН - 1:5 (0:3)

Филиппин спорт стадиони. 7500 томошабин.

Ҳакамлар: Питер Грин, Брад Хобсон, Мэтью Чизман (барчаси — Австралия), Сухаизи Шукрий (Малайзия).

Голлар: Стефан Шрёк (68) — Одил Аҳмедов (1), Сардор Рашидов (14, 80), Игорь Сергеев (43, 65)

Филиппин: Нил Этериж, Стефан Палла, Люк Вудланд (Амани Агуинальдо 46), Ян Рэмсей (Стефан Шрёк 46), Мануэль Отт (Кевин Ингресо 62), Мисаг Баҳадоран, Фил Янгхазбэнд, Дайсуке Сато, Жерри Лусена, Хавьер Патино, Мартин Стеубл

Ўзбекистон: Александр Лобанов, Ислом Тўхтахўжаев, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров (Жавоҳир Соҳибов 74), Сардор Рашидов (Санжар Турсунов 81), Станислав Андреев (Жасур Ҳасанов 78), Игорь Сергеев.

Огоҳлантиришлар: Фил Янгхазбэнд (45}1) — Азизбек Ҳайдаров (71)

Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Игорь Сергеев (Ўзбекистон)

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг пайшана сонида ўқишингиз мумкин.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:02, 11.09.2015.
Ўқилди: 4210 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.