"Тоттенхэм" жамоасининг янги харидларидан бири, жанубий кореялик футболчи Сонг Хёнг Мин янги жамоаси ўзининг ашаддий рақиби "Арсенал" билан нақадар кескин муносабатда бўлиши ҳақида айтиб ўтди.
"Тоттенхэм" жамоаси раҳбариятидагилар менга қизил рангдаги машиналар сотиб олмасликни тавсия қилишди. "Арсенал" билан ўйинни интиқлик билан кутмоқдаман.
Мен майдонга чиққанимда албатта гол уришни истайман. Барча ҳужумчиларнинг вазифаси гол уриш. "Тоттенхэм" ўзига хос ҳужумкор услубда ўйнайдиган жамоа. Бу эса мен учун жуда мос услуб. Ўйлайманки, Маурисио Почеттино мураббийлигида мен тўпурар бўламан", дейди кореялик ҳужумчи.
"Шпорлар" ўзларининг принципиал рақиблари бўлмиш "канонирлар" билан 23 сентябрь куни Англия лига Кубоги доирасида уй учрашувини ўтказишади. Жамоаларнинг чемпионатдаги тўқнашуви эса 7 ноябрь кунига белгиланган.
Қайд этиш керакки, "Тоттенхэм" янги мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади. Айни вақтда жамоа 4 турдан кейин 3 очко (3та дуранг) билан 16 ўринда жойлашган.
Маълумот учун, "Тоттенхэм" ушбу футболчини ёзги трансферлар якунланаётган кунларда "Байер"дан 22 млн фунт эвазига харид қилган ҳамда у билан 5 йиллик шартнома имзолаганди. Футболчига 7 рақамли футболка топширилган.