Кеча Европада миллий чемпионатларнинг навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтди. Ана шу ўйинларда бир қатор кутилмаган натижалар баробарида, бир нечта рекордлар ҳам ўрнатилди. Биз кечаги кунда футболчи ва жамоалар томонидан қайд этилган шахсий рекордлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
1. “Челси”
Англиянинг амалдаги чемпиони “Челси” мавсумни ўта дахшатли тарзда бошлади. Моуриньо шогирдлари 5-турга келибоқ 3-марта имкониятни бой беришди. “Аристократлар” дастлабки 5 ўйинда 4 очко жамғариб 29 йиллик антирекордларини такрорлашди. Лондонликлар 1986 йилдаги мавсумни ҳам худди шу тариқа бошлашган ва якунда чемпионатда 14-ўринни эгаллашган эди. Моуриньо шогирдлари айни пайтда 16-поғонани банд этиб туришибди.
2. Кейлор Навас
Ушбу мавсумда “Реал”нинг биринчи рақамли посбонига айланган Кейлор Навас рекорд ўрнатишни бошлаб юборди. Коста-Рикалик кипер “Реал”нинг 1975 йилдан буён дастлабки учта ўйинда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормаган дарвозабонга айланди. Навас “Бетис” (5:0), “Спортинг” (0:0) ва “Эспаньол” (6:0) га қарши учрашувларни “қуруқ” ўтказиб клубнинг 30 йиллик рекордни такрорлади.
3. “Манчестер Сити”
Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ушбу мавсумни фантастиc тарзда бошлади. Мануел Пелегринни шогирдлари дастлабки 5 та ўйинда ҳам ғалаба қозонишди, бунинг устига ўз дарвозаларидан бирорта ҳам тўп олиб чиқишмади. Бундан олдин дастлабки 5 ўйинда гол ўтказмаган жамоа “Челси” бўлиб турган эди. “Аристократлар” 2005/06 йилги мавсумни худди шу тарзда бошлашганди. Шунингдек “шаҳарликлар” шахсий рекордларини ҳам қайд этишди. Энди “Сити” ҳисобида кетма-кет 6 та “қуруқ” ўйин мавжуд. Жамоа ўтган мавсумнинг сўнгги турида ҳам ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган эди.
4. “Боруссия” Дортмунд
Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳам мавсумни жуда кўтаринки руҳда бошлади. Томас Тухел шогирдлари дастлабки 4 ўйинда ҳам ғ алаба қозонишди ва рақиблар дарвозаларига 15 та тўпни жойлаб қўйишди. Бу клубнинг мавсум бошланишидаги урган голлари бўйича рекорди эди.
5. “Ювентус”
Италия чемпионатида 3 йилдан буён “гегемонлик” қилиб келаётган “Ювентус”нинг ишлари яхши эмас. “Кекса синьорилар” дастлабки 2 ўйинни бой беришган бўлишса, учинчи турда ўз майдонида “Кьево” билан муроса кўчасини танлади. Шу тариқа Аллегри шогирдлари 43 йиллик антирекордни такрорлашди. Гап шундаки Турин суперклуби 1962 йилдаги мавсумни ҳам дастлабки 3 ўйинда бир очко олиш билан бошлашган эди.
P.S: Роналдунинг рекордларичи дейсизми? Бу энди алоҳида мавзу. Бу ҳақда бироздан кейин ўқишингиз мумкин.
Фурқат Юсупов тайёрлади
Манба: www.Furkat.uz